ИСЛОМ - АДОЛАТ ВА МЎЪТАДИЛЛИК ДИНИДИР
Дарҳақиқат, Аллоҳ мусулмонлар учун ўзларига хос амалий дастурни танлаган ва уларнинг йўлларини ҳам баён қилиб қўйган. Демак, мусулмонлар – унда ҳеч қандай эгрилик жойи бўлмаган тўғри йўлдадир. Бинобарин, мусулмонлар васатийлик яъни мўътадиллик умматидирлар.
Исломнинг мўътадиллиги ва бағрикенглиги одамларнинг фикрлари ва ҳой-ҳавасларидан олинмайди. Шубҳасиз, уни шаръий манбалардан олинади. Ислом дини ҳам, унга илм билан эътиқод қилувчилар ҳам мўътадилликдан оғишишдан йироқдирлар. Динда чуқур кетиш ёки нуқсонга йўл қўйиш билан ана шу мўътадилликдан оғишган кимсалар исломнинг намоёндаси эмаслар.
Ҳақиқатдан ҳам ислом дини мўътадилликка чақиради. Чуқур кетиш ва қаттиққўллик сингари сўзлар билан ифодаланадиган экстремизмдан қайтаради. Мана бу далилларга назар солган инсонга исломнинг динда чуқур кетишдан қайтаргани аниқ-равшан аён бўлади. Аллоҳ таоло шундай дейди:
“Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз”.(Наҳл сураси, 90)
Имом Аҳмад ўзининг “Муснад”ида, Насоий ва Ибн Можа ўз “Сунан”ларида, Ҳоким “Мустадрак”да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган ҳадиси шарифда шундай келади:
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй одамлар! Динда чуқур кетишдан сақланинглар. Чунки сизлардан олдингиларни динда чуқур кетиш ҳалок қилган”, дедилар.
Бу ердаги “Динда чуқур кетишдан сақланинглар” деган сўз ақидавий ҳамда амалий масалаларда чуқур кетишнинг барча турларини ўз ичига қамраб олади. Чуқур кетиш – чегарадан ошириб юборишдир.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чуқур кетгувчилар ҳалок бўлсин!”, дедилар”.(Муслим ривояти). Яъни, сўзлари ва амалларида меъёрдан ошириб юборадиган ва чуқур кетадиганлар ҳалок бўлсинлар.
Алоуддин Ҳофий
Киритилган вақти: 05/08/2020 16:14; Кўрилганлиги: 986
Чоп этилган вақт: 06/10/2024 18:21