Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Интернетдан олинган нарса тўғри, ишончли ва зарарсиз эканини билиш керак.

 
 

Бугунги кунда мафкуравий таҳдидлар аҳолининг маълум бир қатламлари, айниқса, ёшларнинг қарашларини ўзларига маъқул бўлган йўналишда ўзгартириш, экстремизм, ахлоқсизлик,кишининг шаънига, обрўйига путур етказадиган турли-хил фитналар каби носоғлом ғояларни сингдиришга уринишдек кўринишларда содир бўлмоқда.

Ҳозирги таҳликали замонда интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-аҳлоқни емирувчи манфур иллатлар ҳар бир онгли кишини ташвишга солиши аниқ.

Кейинги пайтларда интернет билан боғлик бузғунчиликлар, глобал тармокдан қабиҳ мақсадда фойдаланаётганлар кўпайиб бормоқда. Оқибатда, залолатга бошловчи электрон нашрлар ва видеолавҳалар кенг ёйилмоқда.

Ғаламис кимсалар ёшларни ўз тузоқларига илинтиришда интернетдан усталик билан фойдаланмоқда. Ўзларини «яқин дўст» ёки «ҳидоятга чорловчи» сифатида танитиб, ёшларни тўғри йўлдан чалғитмокда. Аслида, уларнинг дин ва шариат ҳақида умуман илмлари йуқ, фақатгина тўда бошидан ёдлаб олганларини такрорлашдан нарига ўтмайдилар. Бошқа томондан қараганда, улар бу жоҳиллиги билан бошқаларни ҳам жар ёқасига тортаётгани ва кимнингдир ноғорасига уйнаётганини билмайдилар. Бундайлар аввал дину диёнат, ибодат, жаннат ҳақида турли жозибали сўзларни гапириб, ғўр ёшларни йўлдан уриб, охир-оқибатда, разолат қурбонига айлантирмоқда.

Шунингдек, уламолар шаънига тўғри келмайдиган гап-сўзларни тарқатиш ҳам улкан гуноҳларни пайдо қилиши, мўмин кишини қалбини оғритар экан.

Интернетдан олинган нарса тўғри, ишончли ва зарарсиз эканини билиш керак. Яхши-ёмоннинг фарқига бормаган ёшлар интернет орқали тарқатилган ҳар қандай маълумот-хабарларни ҳақиқат деб қабул қилаётгани жиддий хавотирга солади.

Ислом таьлимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ қоралайди. Маълумки, сўнгги йилларда динни юзаки ўрганган хар-ҳил тоифалар пайдо бўлди. Улар ғаразли мақсадлари йўлида жамиятда бузғунчилик, бегуноҳ одамларни ўзларига шерик қилаётганини, натижада жамиятда норозилик кайфиятини пайдо бўлишига сабаб бўлаётганларини билмаяптилар.

Сарҳадсиз интернет дунёсига кирган шахс вақт, умр ғанимат эканини доимо ёдда сақламоғи лозим. Зеро, бу глобал тармоқ бепоён ҳудудларга эга бўлиб, унда инсон адашиб соатлаб, кунларини самарасиз ўтказиб юбориши мумкин.Энг ёмони улган гуноҳлар содир этиши ачинарли ҳолдир.

Х.Саттаров- вилоят бош имом-хатиби ўринбосари 


Киритилган вақти: 15/10/2021 09:47;   Кўрилганлиги: 515
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/internetdan-olingan-narsa-togri-ishonchli-va-zararsiz-ekanini-bilish-kerak
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 23:41
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг