Инсоннинг тирикчилиги уч нарсага боғланган бўлади...
Аллоҳ таоло мўминлар учун абадий мукофот бўлган жаннатни таърифлаганда жудаям кўп ўринларда дарахтзорларни, боғу-роғларни, турли хил меваларни зикр қилган. Хусусан, Роҳман, Воқеъа сураларида боғу бўстонлар, мевалар ва дарахтларнинг зикри жудаям кўп такрорланади. Масалан:
Роҳман сурасида қуйидагича оятлар келади: “У(ер)да мевалар ва гулкосали хурмолар бор. Ва сомонли донлар ҳамда райҳонлар бор”.(11-12-оятлар) “У(жаннат)лар шох новдалидирлар”. (48-оят) “Икковларида мевалар, хурмо ва анорлар бордир” (68-оят)
Воқеа сурасида эса жаннат аҳлларини таърифлаб шундай дейди: “Улар тиконсиз сидрзорлардадирлар. Сермева бананзорлардадирлар. Ва ёйилган соялардадирлар” (28-29-30-оятлар)
Бунга ўхшаш дарахтлар, мевалар, ердан униб чиқадиган дон-дунлар ва экинлар ҳақидаги оятларни, улкан дарахтларнинг соялари ҳақидаги зикрларни жаннат таърифи келган жудаям кўп оятларда учратишимиз мумкин.
Бундан ташқари, ҳадисларда ҳам бу каби таърифлар ва башоратлар жудаям кўп учрайди. ҳаттоки Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Кимки: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Бу дунёда савобли амални қилган киши учун жаннатда бир дарахт экилиши беъжиз эмас албатта. Чунки, мевали дарахт неъматлар ичида энг эътиборли ва қадри баландларидан ҳисобланади. Ер юзида экин экиш, деҳқончилик қилиш ризқ топишнинг энг яхши воситадир. Инсон ҳалол ризқ талабида касб қилиши, унинг азизлигини зиёда қилади.
Аллома Мовардий р.а айтадиларки: “Инсоннинг тирикчилиги уч нарсага боғланган бўлади: деҳқончилик, тижорат ва ҳунармандчилик. Менинг наздимда деҳқончилик энг покизаси ва энг афзалидир”, деганлар.
Ерда кўчат экиш, экин экиш шу даражада фазилатлики, кимга қарашли бўш ери бўлса, албатта унга бирор нарса экиши талаб қилинади.Саҳоба Хузайма ибн Собитнинг бўш ерлари бор эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг ёнларига келиб: Эй, Хузайма! Мана бу ерингизга кўчат экиб қўйинг дедилар. Шунда, Отам: Мен кексайиб қолдим, умрим ҳам оз қолди дедилар. Шунда, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Йўқ, ундай қилманг, бўш турган бу ерингизга, албатта, кўчат экинг деб, ўзлари бирга ўша ерга кўчат экдилар”.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бўш турган ерни кўриб, кўчат экишга буюрибгина қолмай балки ўзлари ҳам кўчат экишда иштирок этганлар.
Динимизда экин, кўчат экиш, деҳқончилик билан шуғулланишнинг ҳукми фарзи кифоядир. Баъзилар адо қилсалар, қолган инсонлардан соқит бўлади. Агар ҳеч ким қилмаса, барча одамлар бирдек гуноҳкор бўладилар. Ер юзида экин, кўчат экиш, деҳқончилик қилишнинг фарзи кифоя бўлиши инсонлар ва бошқа мавжудотларнинг ризқи унга боғлиқ бўлганлиги учундир.
Ер юзида илк бор қилинган меҳнат ҳам айнан деҳқончилик бўлган. Хабарларда келадики, Одам алайҳиссалом жаннатдан ер юзига туширилганида, Жаброил алайҳиссалом буғдой олиб келиб, ерга экишга буюради. Одам алайҳиссалом буғдойни ерга эккан, суғорган ва ҳосилни йиғиштириб олганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг касбларингизнинг энг яхшиси ер ҳайдаш (деҳқончилик) ва қўй боқишдир. У пайғамбарларнинг амалидандир. Ер ҳайдовчи деҳқон ўзининг амали туфайли етган ҳар бир нарса учун ажр олади”, дедилар.
Хулоса, қилиб айтадиган бўлсак, турли хил мевали дарахтлар, инсон учун керакли бўлган зироъатлар жаннат неъматларидан бир нишона ҳисобланади. Аллоҳ таоло бандалари жаннат неъматларини ҳис қилиб яшашлари учун улардан баъзиларини шу дунёнинг ўзида бизларга бериб қўйди. Демак, мусулмон киши бу нишоналарнинг қадрига етиши лозим. Уларни асраб авайлаш билан биргаликда, бу каби неъматларни кўпайтиришга ҳисса қўшмоғи лозим.
Шунинг учун ҳар баҳор фаслида киши ўз томорқасига турли хил экинлар экмоғи, ҳар хил мевали боғлар яратмоққа иштиёқманд бўлмоғи савобли ишлардан ҳисобланади. Инсонларга ҳалал бермайдиган жойлар, кўча ва сув бўйлари, эътибордан четда қолган қаровсиз ерларга ҳам меҳр бериб, улардан унумли фойдаланмоғи керак. Бу энг аввало, кишининг ҳалол ризқ топишига сабаб бўлади. Қолаверса, дарахтларнинг меваси ва соясидан баҳра олган инсонлар ва ҳайвонлар, экин тикинларнинг бир донасидан тановул қилган қушлар, ҳаттоки ҳашоротлар учун ҳам киши садақа берганнинг ажрини олади. Садақаи жориянинг бир тури бу айнан экиб кетилган дарахдир. Чунки, битта дарах бир неча йиллар ва ҳаттоки бир неча асрлар яшашини ҳисобга олсак, бу имконият мўминлар учун айни муддаодир.
Унутманг! Қилинган ҳар бир яхши амалга мукофот бор. Зарра миқдорида бўлса ҳам қилинган садақа жаҳаннамдан парда бўлади.
Ҳ.Темиров ЎМИ - Самарқанд вилоят вакиллиги ходими
Киритилган вақти: 20/04/2020 13:46; Кўрилганлиги: 1210
Чоп этилган вақт: 16/09/2024 07:21