Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Инсонларнинг ташқи кўринишларига қараб баҳо берманг.

 
 

Қоп йиртиқ бўлса ҳам, ичида ширин олмалар бор. Баъзи одамлар эски, ямоқли кийимда бўлсалар ҳам, ичларида олтиндек қалб бўлади. Шунинг учун инсонларга, уларнинг ташқи кўринишларига қараб баҳо берманг.

Саҳобаи киромларнинг кўплари ямоқли кийимда бўлганлар. Лекин ичларида дунёдаги мунаввар, пок қалб бор эди.

Бу саҳобаларнинг ичида Пайғамбарлар алайҳимуссаломдан сўнг инсониятнинг афзали бўлган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу, адолати билан дунёга машҳур бўлган, тириклигидаёқ жаннат башоратини олган Умар розияллоҳу анҳу каби зотлар бор.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

«Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлийингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ ўта билувчидир, ўта хабардордир» (Ҳужурот сураси, 13-оят)

Оятга кўра, Аллоҳ ҳузуридаги улуғлик, ҳурматга сазоворлик, мукаррамлик пул, машина, уй, иш, таниш-билиш, обрў билан эмас, балки, тақво билан, Аллоҳ таолодан қанчалик қўрқиш билан белгиланади.

Ибодатларини, жумладан, намозларини вақтида адо этса, рўзасини ихлос билан тутса, жанозада қатнашса, силаи раҳм қилса, қўшнисига мурувват кўрсатса, ота-онасига яхшилик қилса, аёлига зулм қилмаса, фарзандларига илм, одоб, шариат ҳукмларини ўргатса, зино, ўғрилик, порахўрлик, судхўрлик, ароқхўрлик каби гуноҳлардан тийилса, хуллас, Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтса, ана шу мусулмон Аллоҳ таолонинг наздида ҳурматлироқ ҳисобланади.

Урва ибн Зубайр раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Мен Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг 70 минг дирҳам садақа қилганларини кўрдим. Кўйлакларининг ёни эса ямоқли эди». (Дирҳам (қадимги кумуш танга) = 2,975 гр ≈ 3 гр).

Қаранг, ямоқли либос ичида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпроқ яхши кўрган, биз мўминларнинг онаси саналган Оиша розияллоҳу анҳо ҳам бор эканлар.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Раззақов Абдулҳамидхон

Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабаси манбалар сосида


Киритилган вақти: 15/06/2022 11:13;   Кўрилганлиги: 357
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/insonlarning-tashqi-korinishlariga-qarab-baho-bermang
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 01:42
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг