Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Инсон учун энг катта жароҳат етказадиган нарса — бу тилдир!

 
 

Киши ўйлаб қараса, ҳақиқатдан ҳам Аллоҳ таоло бандасига кўпроқ эшитиш учун икки қулоқ, камроқ гапириш учун битта оғиз берган. Кам гапирган кишининг нуқсону-камчиликлари бўлса бекитилади, нуқсони бўлмаса салобатига файз қўшилади.

Абдуллоҳ ибн масъуд р.а. айтган экан: “Тилдан кўра қамоққа тушишга ҳақлироқ нарса йўқ”.  Ҳа азизлар,  тилни бошқарадиган нарса — ақлдир. Ақл баъзида ҳою-ҳавас найрангларига йўлиқиб, ўз йўлидан адашган пайтда тил қамоқдан чиққан жиноятчидек ишга киришиб кетади. Шунда киши ўзи билиб-билмай кўп нарсаларни гапириб қўяди. Кейин эса “Эҳ….” дейишдан илож топмайди. Шунинг учун мўминларнинг энг чиройли сифатларидан бири сукут сақламоқ яъни тилни тиймоқ экан. Ушбу сифат соҳибига жаннат кафолати берилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга икки оёғи орасидагига ва икки жағи орасидаги (нарсани сақлаш)га кафиллик берса, мен унга жаннатнинг кафиллигини бераман”, дедилар. Бухорий ривояти.

Ҳаётда инсон учун энг катта жароҳат етказадиган нарса —  бу тилдир! Кишининг мисқоллаб, йиллаб  йиққан обрўсини бир зумда йўқ қиладиган нарса – бу тилдир! Кишининг бошига тушадиган балоларнинг сабабчиси — бу тилдир! Мўминни динидан айирадиган нарса – бу тилдир”  Жаҳаннамга киришга кўпроқ сабабчи нарса – бу тилдир!

Суфён ас-Сақафий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган экан: “Эй Аллоҳнинг Расули сиз менга исломда шундай нарсани хабарини беринки, сиздан сўнг мен у ҳақида бирор кишидан сўрамайин”, деганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга иймон келтирдим, дегин ва тўғри бўл”, деган эканлар. У киши: “Эй Аллоҳнинг Расули нимадан сақланай?”, деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  “Қўли билан тилига ишора қилган” эканлар.

Хайруллоҳ Саттаров, ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари.


Киритилган вақти: 24/09/2020 11:18;   Кўрилганлиги: 868
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/inson-uchun-eng-katta-jarohat-etkazadigan-narsa-bu-tildir
Чоп этилган вақт: 05/05/2024 18:25
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг