Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Инсон қадри – барча нарсадан улуғ!

 
 

“Наҳотки Бизнинг сизни яратишимиз беҳуда бўлган ва сиз бизга қайтарилмассиз, деб ҳисобласангиз”  (Ал-Мўъминун 115).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларини дунё ҳаётига беҳуда яратмаганини, дунёда қилган амалининг натижаси мукофат ёки жазо бўлишини ва Ўзига қайтарилишларининг хабарини бермоқда. Аввало ҳар бир инсон, Аллоҳ уни икром этган инсонийлигини ва аҳамиятлигини идрок этмоқлиги муҳимдир. Шу билан у барча ҳаракатларини, фаҳми-идрокини яратган Роббиси учун гўзал тарзда адо этади. Халқимиз айтганидек: “Ким ўз қадрини билмас экан, ўзгалар қадрини хеч хам билмас”. Дарҳақат, инсон ўз қадрини билиши учун маърифат соҳиби бўлиши керак. Маърифатли бўлиши учун эса кўпроқ китоб мутолаа қилиши, аждодларимиздан қолган бой меросларни ҳурмат қилиши лозимдир!

Инсон қадри муқаддасдир. Шу билан бирга нозик хилқат соҳиби ҳамдир. Чунки у яратилган барча махлуқотлар ичида азизу мукаррамидир. Унинг қадри – шаъни ва обрўсидир!

Инсон ўз қадрига номуносиб ишни ўзига раво кўрмаслиги ва ўз қадрига нолойиқ ҳолатларга рози бўлмаслиги керак. Шундай ҳолатлардан бири турли-ҳил миш-мишларга ишониш ва унга эргашишдир.

Аллоҳ таоло қуръони каримда:

“Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!”, деб марҳамат қилган. (Ҳужурот сураси, 6-оят). Ҳақиқатдан ҳам инсон аниқламасдан эшитган нарсасига эргашиши кишилар ўртасидаги муносабатни издан чиқишига сабаб бўлади. Энг ёмони синовли кунларда миш-миш, деди-деди гаплар оломоннинг қалбига ваҳимани солиб қўяди. Бу ҳолат эса мусулмон кишини иймонига путур етказади.

Муғира ибн Шуъба (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло оналарингизга оқ бўлишни, қизларни тириклайин ерга кўмишни ҳаром қилиб, мумсик (закот ва ушр каби зиммага вожиб бўлган нарсаларда бахил) бўлиш ва тама(олишга ҳақли бўлмаган нарсани талаб)қилишдан қайтарди. Шунингдек, миш-миш гаплар тарқатиш, кўп савол бериш ва мол-дунёни беҳуда сарф қилиш каби ишларни ёмон кўради”,  дедилар(Имом Бухорий ривояти).

Ҳаёт – имтиҳондан иборат. Шундай экан инсон бирор муаммога йўлиққан пайтда мурожаат қиладиган нарса Қуръони карим ва Пайғамбаримиз алайҳи васалламнинг муборак ҳадислари бўлиши керак.

Бир ҳадисда: “Эшитган нарсасини гапиравериши, кишининиг гуноҳкор бўлишига кифоя”(Имом Муслим ривояти), дейилган.

Айниқса, ризқ масаласида мусулмон киши таваккулни ўзига лозим тутиши иймонининг аломатидир. Бозорда фалон нарса арзон ёки қиммат бўлар экан дейилса, эшитганини билмаган ҳолда бошқаларга тарқатиш ҳам ёмон кўрилган ишлардан ҳисобланади. Қуръни каримда:

“(Эй инсон!) Ўзинг  (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” (Исро сураси, 36-оят), дейилган. Шу ўринда бир ривоят келтираман:

Бир савдогар донишманд ҳузурига келиб, ўзининг оғир аҳволидан шикоят қилди: “Шаҳарда менга рақобатчи пайдо бўлди. Моллари хилма-хил, нархи арзон. Мижозларим мени тарк этишяпти. Бу аҳволда касодга учрашим мумкин. Эй донишманд, маслаҳат бер…” Донишманд ғамгин савдогарга диққат билан боқиб, сўради:
-“Отни суғоргани дарёга олиб борсанг, у сув ичишдан аввал ер тепиниб пишқиради. Бунинг сабабини биласанми?”
Савдогарнинг жаҳли чиқиб, донишмандга деди: “Ҳузурингга оқилона маслаҳат сўраб келсам, сен менга аллақандай бемаъни савол беряпсан!”

 “Ҳозир буни ўзинг тушуниб оласан, - деди донишманд.

 От дарёга энгашганида, сувда ўзининг аксини кўради. Уни рақиб - бегона от, деб ўйлаб, ҳайдамоқчи бўлади, пишқириб, ер тепинади. Отдан фарқли ўлароқ, дарё суви ҳаммага етишини Сен яхши биласан-ку…”

- “Менинг бошимдаги мушкул савдоларга онгсиз отнинг нима алоқаси бор?!”

- “Эҳ, дўстим, Яратганнинг неъматлари ҳаммага етишини англамаган ўша онгсиз от аслида – сенсан! Сув олдида ер тепинаётган отга ўхшаб, тасаввурингдаги рақобатчини қўрқитишга, ҳайдашга уриняпсан. Пул ва бойлик ҳаммага етади. Бор, ишингни ҳалол ва виждонан бажаравер. Топган-тутганинг ва ризқинг Аллоҳнинг сенга инояти. Уни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Рақобатчиларинг – сувдаги аксинг кабидир”.

Бир обидга: “Бир бурда нон бир динор экан” дейилди. Шунда у киши: “Аллоҳга қасамки, мен бунга парво қилмайман. Агар буғдойнинг бир донаси бир динор бўлса ҳам мен Роббим буюрганидек амал қиламан, У эса Ўзи ваъда қилганидек ризқимни етказаверади” деб жавоб берган экан.

Хулоса: Сенга тақсим қилинган нарса сендан бошқага етмас, ўзгага тайин қилинган нарса сеники бўлмас.

Зайниддин Эшонқулов - Самарқанд вилоят бош имом-хатиби


Киритилган вақти: 02/04/2020 11:53;   Кўрилганлиги: 1419
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/inson-qadri-barcha-narsadan-ulug
Чоп этилган вақт: 15/10/2024 14:59
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг