Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ИНСОН –МУКАРРАМ ЗОТ

 
 

Инсон энг афзал ва энг шарафли махлуқдир, бу эътиқоднинг ҳақлигини содиқ хабар ҳам, соғлом ақл ҳам тасдиқлайди.

Аллоҳ таоло Исро сурасида қуйдагиларни айтади: “Батаҳқиқ, Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантиридик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик”. (70-оят)

Аллоҳ таоло борлиқдаги турли-туман мавжудотларни бир-биридан афзал қилиб яратган Зот. Ана ўша Зот ушбу ояти каримада одам боласини борлиқдаги ҳамма нарсадан азизу мукаррам қилиб яратганининг хабарини бермоқда:

“Батаҳқиқ, Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик”.

Аввало, одамнинг шакли, барча аъзоларининг тузилиши азизу мукаррамликдан далолат бериб туради.

Одам боласини ёлғиз Худо яратди,       Улар орасида улуғ, кичик, ёмон, яхши бор.

Бордир илмли, илмсиз, қашшоқ ва бой,   Уқувли, уқувсиз, ночор ва гадой.       

(Қутадғу билиг)

Бошқа махлуқотларда бу шакл, бу мутаносиблик ва бу каби аъзолар йўқ. Сўнгра Аллоҳ таоло одамни Ўз қўли билан яратиб, мукаррам қилди. Ўз руҳидан жон пуфлаб, улуғлади. Бундай шарафга ҳеч бир махлуқот муяссар бўлган эмас. Шу боисдан ҳам инсон азизу мукаррамдир. Аллоҳ таоло яна одом боласини Ўзи берган ақл билан мукаррам қилиб қўйди. Ақл билан инсон бошқа ҳамма махлуқотлардан устун туради. У Аллоҳ берган ақл ила турли тадбирлар қилади, нарсалар ишлаб чиқаради, бошқа махлуқотларни ўз фойдасига ишлатади. Буларнинг ҳаммаси инсонни Аллоҳ азизу мукаррам қилиб қўйганининг намуналаридандир.

Яна Аллоҳ таоло томонидан одамга улуғ мартаба  берилиши, Ҳа, Роҳман сифатли Аллоҳ таоло тупроқдан инсон яратди

«Ва У зот Одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилди. Кейин: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, анавиларнинг исмларини менга айтиб беринг», деди». (Бақара сураси 31 оят)

Аллоҳ таоло одамни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилаётган пайтда унга улуғ бир сирни берганлиги ушбу оятдан билиниб турибди. У ҳам бўлса, исмларнинг барчасини ўргатишидир. Яъни, инсон ўзини ўраб турган барча ашёларнинг белгиси сифатида исмни, маънони ишлатади. Ҳис қилинадиган, жисмга эга бўлган нарсаларни фаҳмлаш учун нутқий рамзларни ишлатиш қудрати инсон ҳаётида энг улуғ қудратлардан бири ҳисобланади.
Акс ҳолда, бировга тоғни тушунтирмоқчи бўлсанг, уни тоғнинг олдига олиб бориб, айлантириб кўрсатишдан ўзга чора бўлмасди.

Агар Аллоҳ таоло инсонга ушбу қобилиятни бермаганида, ер юзида ҳаётни тасаввур қилиш қийин бўлар эди. Ривоятларда келишича, бунинг исми от, буниси туя, манави қуёш, бу эса юлдуз, деб ҳатто кичкина нарсаларгача ўргатилган. Яъни, одамнинг ер юзида халифа бўлишининг асосий сабаблардан бири–илм олишга истеъдодининг борлигидир.

Ҳозирда инсон илми ила борлиқнинг сирларини кашф этаётгани ҳам ўшанда берилган қобилият натижасидир.

Аллоҳ таоло одамга исмларнинг барчасини ўргатгандан кейин уларни фаришталарга рўбарў қилди ва, ер юзида фасод қилувчи ва қон тўкувчи кимсани яратасанми, деган даъволаринг рост бўлса, ушбу нарсаларни исмларини менга айтиб беринглар, деди. Фаришталар у нарсаларга исм қўйишдан ожиз қолдилар ва ўз ожизликларини тан олиб:
«Улар: «Эй пок Парвардигор! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сенинг Ўзинг билувчисан ва ҳикматли зотсан», дедилар».     Бақара сураси 32-оят).

Фаришталар бу ерда юксак одоб мисолини кўрсатдилар. Билмаган нарсаларини сўзсиз, билмаймиз, деб айтдилар. Билмаган нарсасини тан олиб, вақтида билмайман дейиш ҳам катта одоб, ҳам катта илм ҳисобланади.
Шунда Аллоҳ таоло Ўзининг ер юзидаги халифаси–одамнинг фазлини изҳор қилиш учун:

«Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини айтиб бер», деди. Уларга ўша нарсаларнинг исмларини айтиб берган чоғида, «Мен сизларга осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар беркитмагану беркитган нарсаларни ҳам биламан демабмидим», деди». (Бақара сураси 33 оят)

Шу билан Одамнинг фаришталардан устунлик тарафи намоён бўлди. У ҳам бўлса, илм-маърифат. Инсон ер юзида фасод қилиши, қон тўкиши ҳам мумкин, неъмати илоҳий бўлмиш илмни ўз ўрнида ишлатиб, фаришталардан устун бўлиши ҳам мумкин. Аллоҳ таоло барчаларимизни инсонлигимиздан унутмасдан яшашимизни насиб қилсин.Омин!

Тожиев Ҳамидулло Ургут туман "Имом Ҳасан" масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 20/07/2020 14:02;   Кўрилганлиги: 1002
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/inson-mukarram-zot
Чоп этилган вақт: 17/01/2025 16:43
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг