Имонингиз хавфда қолмасин
Динимиз инсонпарварлик, кечиримлиликни тарғиб қилади. Киши билиб-билмай гуноҳга қўл урса-ю, Aллоҳдан қўрқиб, тавба қилса ва қайтиб бу гуноҳни такрорламаса, Яратган зот кечиримлидир. Aммо шундай гуноҳи кабиралар борки, уни содир этган кимса Aллоҳнинг ғазабига учрайди. Жумладан, ширкка олиб бориши ва кишининг икки дунёсини кўйдириб юбориши мумкин бўлган гуноҳлардан бири фолбинлик, фолга ишониш, сеҳр-жодудир.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Фаришталар еэр юзида содир бўладиган нарсалар ҳақида булутлар орасида гаплашганларида, жинлар уларнинг битта сўзларини эшитадилар ва уни фолбинларнинг қулоқларига келиб (идишга сув қуйгандек) қуйиб кетадилар ва у сўзга жинлар юзта ёлғонни қўшадилар”.
Демак, фолбин жин ва шайтон билан мулоқотга киришади. Уларнинг ёлғон-яшиқ гапларини кўпиртириб, устига минг ёлғонни қўшиб, одамларга етказади. Натижада оғир гуноҳга бўлади. Нафақат фолбин балки, фолга ишонган киши ҳам гуноҳкор бўлади. Зеро, Aбу Масъуд ал Бадрий розияллоҳу анҳу “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам (баъзи) ман қилган нарсалар орасида фоҳишаликдан топилган ҳамда фолбинга бериладиган пул бор эди”, деганлар.
Aллоҳ таоло яратган барча мавжудот ва махлуқотнинг ҳолатини, жумладан, инсонлар тақдирини фақат ўзи билади. Бир сўз билан айтганда, ғайб илмини ўзида қолдирган. Уни билишга интилиш маънисиз нодонлик, гуноҳга ботишдан бошқа нарса эмас. Зотан, ғайб сирларидан ҳеч ким, фаришталар, жинлар, ҳатто Пайғамбар алайҳиссаломлар ҳам хабардор етилмаган.
Бу ҳақда Қуръони каримнинг “Aнъом” сураси, 59-оятида шундай марҳамат қилинади: “Ғайб (яширин сирлар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас. Яна, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни (ҳам) билур. Бирор япроқ (узилиб) тушса (ҳам) уни билур. Еэр зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин, ҳўл-у қуруқ бўлмасин, (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул-Маҳфуз)да (ёзилган)дир”.
Юқоридагилардан хулоса қилсак, фолбинлик билан машғул бўлган ва фолбинга борган, ишонган кишилар имони хавф остида қолади. Бунга очиқ далил эса қуйидаги ҳадисда келган.
Aбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кимда-ким фолбинга борса ва фолбиннинг айтган гапларига ишонса, демак у Муҳаммадга келган нарсага ишонмапти”, дедилар. Бундай мусибатдан Яратган барчамизни асрасин.
Нурулло ЮЛДОШЕВ,
Жомбой тумамни “Ислом нури” жоме масжиди имом-хатиби
Киритилган вақти: 14/08/2023 17:43; Кўрилганлиги: 677
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 03:21