Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Имом Зуфар роҳимаҳуллоҳ

 
 

Биламизки аҳли сунна вал жамоада 4 та мазҳаб бор, ўша мазҳабларнинг энг кўп тарқалгани бизнинг мазҳабимиз, яъни «Ханафия» мазҳаби ҳисобланади!

Аммо мазҳаббошимиз томонидан келган шаръий ҳукмларнинг ҳаммаси ҳам Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан келмаган, балки шогирдлари, «Қозию қузот» Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад Ашшайбоний роҳимаҳуллоҳ ва шу жумладан энг катта шогирдлари Имом Зуфар роҳимаҳуллоҳлар томонидан етиб келган.

Кўп инсонлар «Имомайн»ни яъни Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад роҳимаҳуллоҳлар ҳақида билишадию аммо Имом Зуфар ҳақида маълумотлари камроқ, шу сабабдан у зот ҳақида қисқача маълумот бериб ўтаман!

Имом Зуфар Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари орасида энг каттасидир. Тўлиқ исми – Абу Зуҳайл Зуфар ибн Ҳузайл ибн Қайс Анбарий. У зот ҳижрий 110 йили туғилганлар.

Имом Зуфар фиқҳда бамисоли денгиз ва нихоятда ақлли, фаросатли, тақводор зот эдилар. У зот имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг қўлларида фиқҳни ўргандилар. Узоқ муддат у зотдан сабоқ олдилар. Бу ҳақда имом Зуфар рохимаҳуллоҳнинг ўзи бундай деганлар: “Йигирма йилдан ортиқ имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан таълим олдим. Одамларга у зотдан кўра кўпроқ насиҳат қиладиган ва уларга ҳамдард бўладиган бирор кишини кўрмадим”.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ имом Зуфар р.а. ни бошқа шогирдларидан афзал кўрар ва ҳурмат қилар эдилар. Имомнинг ўзи шогирди ҳақида: “Зуфар ибн Ҳузайл мусулмонлар имомларининг пешвоси, шараф, насаб ва илмда буюк арбобдир”, деганлар.

Вакиъ ибн Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ буюк олим бўлишига қарамай, имом Зуфар р.а.ни зиёратига кўп борар ва у кишига: “Биз учун сизни Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ўринбосари қилган Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин”, дер эдилар. Яна айтар эдиларки: “Мен Имом Зуфарнинг дарс ҳалқасидан олган манфаатимдек бошқа ҳеч кимнинг ҳалқасидан фойда олмаганман”.

Яҳё ибн Кулсум айтади: “Вакиъ умрининг охирида илм ўрганиш учун эрталаб Имом Зуфар р.а олдига, тушдан кейин Абу Юсуф р.а.нинг  ҳузурларига борар эдилар. Кейинчалик Абу Юсуф р.а.нинг олдига боришни тарк этиб, доимий равишда имом Зуфар р.а.нинг олдиларга борадиган бўлдилар”.

Имом Зуфар раҳимаҳуллоҳ устози Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг вафотидан кейин у зотнинг дарс ҳалқасига бошлиқ бўлдилар. Бу имом Зуфарнинг ҳанафий мазҳаби ривожи йўлида қилган хизматларининг энг биринчиси эди. Имом Зуфар р.а. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан таълим олгач, Басрага келганлар. У ерда Усмон Баттийнинг фиқҳи тарқалган эди. У Басра фақиҳи ва раиси эди. Имом Зуфар р.а. унинг дарс ҳалқасига қатнаб, у айтган масалаларни тинглардилар. У кишидан бирор эшитмаган фиқҳий масалани эшитсалар, унинг истинбот қоидасига кўра қилган фаръий масалаларини текширар эдилар. Қачон улар ўзларининг фиқҳий қоидасига амал қилишни тарк этганидан хабар топса, ўз қавлига амал қилишни ва нима сабабдан ўз фиқҳий қоидасига амал қилмаганининг сабабини сўрардилар. Усмон Баттийнинг шогирдлари Имом Зуфар р.а. нинг бу сўзларини маъқул топдилар. Сўнг Имом Зуфар р.а. бу борада Усмон Баттийнинг қоидасидан кўра яхшироқ фиқҳий қоида бор эканини айтиб, ҳужжат ва далилларини келтирардилар ҳамда Усмон Баттийдан ҳам шогирдларининг гувоҳлигида шу қавлга қайтишини таклиф қилардилар. Сўнг уларга: “Бу Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг қавлидир”, дер эдилар. Шу воқеадан бир неча кун ўтгач, Басра уламоларининг дарс ҳалқасига имом Зуфар р.а. бошчилик қила бошлаганлар. Кейинроқ Имом Зуфар раҳимаҳуллоҳ Басра қозилигига ҳам тайинланади.

Одатда қўшни шаҳар ва вилоятлар мусобақалашганидек, Басраликлар ҳам Куфаликлар билан ўзаро мусобақалашар эди. Дастлаб, Басраликлар ҳанафий мазҳабига эътироз билдиришар эди. Имом Зуфар басраликларни Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мазҳабига даъват қилиб, уни Басрада ҳикмат билан ёйди.

Саймарий раҳимаҳуллоҳ Ҳилол ибн Яҳёдан қуйидагиларни ривоят қиладилар: “Юсуф ибн Холид Самтий Басрадан Куфага келиб, Абу Ҳанифадан фиқҳни ўрганган эдилар. Сўнг Басрага қайтмоқчи бўлганида Абу Ҳанифа унга бундай дедилар: “Агар Басрага борадиган бўлсанг, илмда пешқадам кишилар олдига боряпсан. Зинҳор масжиднинг бирорта устуни ёнида ўтириб, дарс ҳалқасини ташкил қилиб: “Абу Ҳанифа бундай деган”, “Абу Ҳанифа ундай деган”, дейишга шошилмагин. Агар шундай қилсанг, кўп ўтмасдан сени масжиддан чиқариб юборишади”. Сўнг Юсуф ибн Холид Басрага келиб, ўзидан ажабланади. Басра масжидида бир устун ёнида ўтириб: “Абу Ҳанифа бундай деган”, дея дарс беришни бошлаганида басраликлар уни масжиддан чиқариб юборишади. Сўнг Имом Зуфар Басрага келгунича, ҳеч ким у ерда Абу Ҳанифа номини тилга олмади. У зот келгач, Басранинг катта устозлари ҳузурига бориб, уларнинг сўзларига улар билмайдиган ҳужжатлар келтирар эдилар. Бу эса уларга ёқиб тушарди. Сўнг: “Бундан ҳам яхшироқ қавл бор”, деб, уни далиллари билан келтирар ва ҳеч кимга уни Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзи эканини айтмасди. Улар: “Ким айтган бўлса ҳам, яхши сўзлар экан”, дейишардилар. Абу Ҳанифанинг сўзлари басралик катта уламолар қалбига ўрнашиб, манзур бўлгач, имом Зуфар: “Бу Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзлар эди”, дер эдилар. Шундай қилиб, улар имомнинг қавлларини ҳам қабул қилишди”.

Имом Зуфар раҳимаҳуллоҳ устози Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан сўнг кўп яшамади. У зот устозларининг вафотидан 8 йил ўтиб, ҳижрий 158­йили Басрада вафот этдилар. Аллоҳ таоло улуғ имомларимизни Ўз раҳматига олсин!

Фойдаланилган адабиётлар:

Бурҳониддин Марғиноний роҳимаҳуллоҳ «ат-Тажнис вал-Мазид»

Али Тантовий Роҳимаҳуллоҳ « Рижалум минаттарих»

А.Эгамбердиев Нарпай туман “Эшон бобо” масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 04/01/2024 14:56;   Кўрилганлиги: 490
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/imom-zufar-rohimahulloh
Чоп этилган вақт: 01/05/2024 19:46
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг