Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Илм олаётган киши...

 
 

Илм олаётган кишининг ҳолини машаққатли сабоқлар йўлини босиб ўтган киши яхши тушунади. Илмда фазилат кўпдир. Билганлар билмаганлар билан ҳеч қачон тенг бўлмайди. Уларнинг гап-сўзида, фикр мулоҳазасида фарқлар яққол сезилади. Одамлар оми одамдан эмас, олимдан савол сўрашади. Олим билган нарсасини билмадим деса, ёлғон гапи учун гуноҳга ботади. Билмаган нарсасини “билмайман” дея тан олишлиги эса комиллик аломатидир. Чираниш, маҳмадоналик қилиш олимнинг мартабасига путур етказади. Шундай экан ҳар бир илм олувчи киши, олаётган илмининг ниятини тўғри қилмоғи лозимдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким илмни тўрт нарса- илми билан олимлар орасида фахрланиш учун, аҳмоқлар билан тортишиш учун, одамларнинг эътиборини қозониш учун ва амирлардан мол, обрў, ҳурмат олиш учун ўрганса, дўзахга киради” деганлар.

Буюк олимлар ҳар доим такаббурликдан узоқ бўлишган, камтарликка интилишган. Бирор масала сўраб келганларга билса, жавоб берган, билмаса, узрини айтган. Донишмандлардан бири илмларни ўргангани сари ўзининг ҳеч нарса билмаслигини англаб бораётганини эътироф этгани айтилади. Илм берувчи устоз кимга илм бераётганини, имкониятини англагани маъқул. Бўмаса шўр тупроққа уруғ сочгандек, меҳнатлари натижасиз қолишлари мумкин. “Палағда тухум жўжа очмайди”, деган ҳаётий бир ҳикмат ҳам бор.

Талабанинг қобилияти, ихлос-интилиши қайсидир илм соҳасига мойил, кўнглида шу илмга муҳаббат бор. Бу қобилиятни устоз англаши ва уни кўнгли тортмайдиган бошқа тарафга йўналтириб, сарсон қилмаслиги керак. Эҳтимол, шогирдда илмга умуман истеъдод йўқдир. Ҳаётини илмга бахшида этиш ниятини қилмагандир. У истеъдодли ҳунарманд ёки чавандоз бўлар ва ҳоказо. Бу тоифа кимсалардан олим ясашга уринишда асло хосият йўқ. Чунки олим учун тафаккур, тадаббур, сабр- қаноат, фаҳм-фаросат ва бошқа бир дунё фазилатлар муҳим саналади. Бир жойда узоқ муддат муқим ўтириш, тошга нақш ўйиш, игна билан қудуқ қазиш учун, албатта, истеъдод, қобилият, меҳр-муҳаббат, сабр-тоқат керак бўлади.

Олим илми ортидан нон топади, мол-мулк дунё зийнати  эканини яхши билади. Шу жиҳатдан жоҳилдан фарқ қилади. Жоҳил шубҳали нарсанинг ҳам, ҳаромнинг ҳам фарқига бормайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Одамларнинг қайсиси ёмон?” деб сўрашди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Бузилган олим”. Бу ҳолатда офат бор. Чунки олим бузилса бунинг оқибатида олам бузилади.

Дарҳақиқат, олим ўз илмига амал қилиши, гўзал инсоний фазилатлари, юксак маънавий дунёси билан барчага ўрнак бўлиши керак. Шунда жамият фаровон бўлади, инсонлар икки дунё саодатига эришадилар.

М.Хидоятов Булунғур тумани Ниёзмат жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 15/11/2023 14:11;   Кўрилганлиги: 228
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/ilm-olayotgan-kishi
Чоп этилган вақт: 30/04/2024 10:29
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг