ИЛМ, ФАН ВА МАДАНИЯТ – ЎЗБЕКИСТОН АЛЛОМАЛАРИ ТАЛҚИНИДА

Ўзбекистон заминидан чиққан алломалар нафақат дунёвий фанлар соҳасида, балки эътиқод ва диний илмлар соҳасида ҳам минг йиллар мобайнида дунё мусулмонларига устозлик қилишган. Бу ҳақда буюк исломшунослар “Ислом дини Арабистонда шаклланган бўлса, Мовароуннаҳрда камолга етган” деган фикрни айтишади. Ҳақиқатдан ҳам ҳадис илмида пешқадам бўлган алломалар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, калом илмида Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий ва Иброҳим Саффор Бухорий, тафсир ва Қуръон илмларида Маҳмуд Замахшарий, Абул Баракот Насафий, Абу Лайс Самарқандий каби етук алломалар ислом дини тараққиётида, бу диндаги бағрикенглик, инсонпарварлик, илмпарварлик ғояларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб, ислом динининг маърифий йўналиши равнақида салмоқли ўрин эгаллашган.
Шу ўринда муҳтарам президентимизнинг “Дунёда динлараро зиддиятлар тобора кучайиб бораётган ҳозирги шароитда бағрикенглик, ўзаро тушуниш ва тотувлик каби умуминсоний ғояларни кенг тарғиб этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Ислом маданияти ва маърифатини дунёга тараннум этиш орқали радикализм ва исломофобияга қарши самарали курашиш мумкин. Бу борада Ўзбекистонда амалга оширилган ноёб лойиҳалар – Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд тадқиқот марказлари салоҳиятидан биргаликда фойдаланишга чақирамиз”, деган фикрларини қалбан ҳис этиш барчамиз учун ўта муҳим деб ўйлайман.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари ва кўрсатмалари билан ташкил этилган ушбу илмий-тадқиқот марказлари бир томондан исломшунослик йўналишидаги тадқиқотларнинг юртимизда янада тараққий этишига сабаб бўлса, иккинчи томондан, мазкур марказларда халқаро алоқаларнинг йўлга қўйилиши, олимларимизнинг жаҳондаги бошқа илмий-тадқиқот марказларининг олимлари ва тадқиқотлари билан ўзаро ҳамкорлигининг ривожланишига, исломшунослик соҳасида халқаро конференция, симпозиум ва семинарлар ташкил этилишига, юртимиз олимларининг хорижий исломшунослар тадқиқотларидан хабардор бўлишига, шунингдек, бизнинг исломшуносларимиз изланишларининг жаҳонга чиқишига йўл очмоқда.
Маълумки, бугунги геосиёсий жараёнлар фаоллашган, жаҳон миқёсида миллий манфаатлар учун кураш кескинлашган даврда, айрим носоғлом кучлар ислом динидан ўзларининг тор геополитик мақсадларини қондириш йўлида фойдаланишга уринишмоқда. Бу борада улар кўпчиликнинг ислом дини ва унинг асл моҳиятидан хабардор бўлмаганидан фойдаланиб, бундай кишиларга исломни тажоввузкор, шафқатсиз ва қўрқинчли қилиб кўрсатишга интилмоқда. Шундай ишлардан бири шубҳасиз исломофобиядир. Бу ёвуз мақсадини амалга ошириш учун ислом дини ҳақидаги билими саёз, соддадил, ишонувчан мусулмон ёшлардан ҳам усталик билан фойдаланишмоқда. Тажовузкор оқимларнинг ҳалокатли йўли асл ислом дини табиатига хос эмас. Аксинча, у тинчлик, илм-маърифат ва маданиятга интилиш, маърифат улашиш, тинчликни асраш ва бошқа дин вакилларига бағрикенг бўлишни тарғиб қиладиган дин эканини ўзбек заминидан чиққан аллома боболаримиз ўз асарларида асослаб беришган. Буюк боболаримиз жангари оқимларнинг йўли исломга зид эканлигидан халқни ўз вақтида огоҳлантирган.
Барча диний таълимотлар инсонларни тинч-тотув яшашга ундайди, зўравонликни рад этади ва ўзаро ҳурматни тарғиб қилади. Замонавий дунёда ислом бағрикенгликни инсон ҳуқуқлари, динлараро мулоқот ва тинч-тотув яшаш тамойиллари орқали илгари сурмоқда. Бугунги кунда кўплаб ислом давлатлари ва ташкилотлари турли дин ва миллат вакиллари ўртасида мулоқотни ривожлантириш, адолат ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлида ҳаракат қилмоқда. Шу боис исломнинг бағрикенглик ҳақидаги таълимотлари бутун дунё учун долзарб аҳамият касб этади.
Ислом дини ҳеч кимни ўз эътиқодига мажбурламайди ва бошқа дин вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни буюради. Ислом дини фақатгина ўз издошларини эмас, балки бутун инсониятни тинчликка чорлайди. Ҳадисларда ҳам тинчлик ва бағрикенглик ҳақида кўплаб ҳикматли сўзлар келтирилган. Ислом шунингдек, ахлоқий бағрикенглик тамойилларини ҳам илгари суради. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч кимни ирқига, миллатига ёки жамиятдаги мавқеига қараб камситмаганлар. Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган бир ҳадисда шундай дейилади: “Сизларнинг орангизда энг яхшиларингиз – одоб-ахлоқ бобида энг яхши бўлганларингиздир”. Шунингдек, Видо хутбасида: “Арабнинг ажамдан, ажамнинг арабдан, оқнинг қора танлидан, қора танлининг оқдан ҳеч қандай устунлиги йўқ, устунлик фақат тақводадир”, деб таълим берган.
Ислом таълимотини ўрганган алломалар ҳаёти ва илмий ижодини ўрганар эканмиз, бирорта алломанинг одам ўлдириш у ёқда турсин, ҳатто бирор жонзотга озор бергани ёки бировнинг дилини оғритаганини учратмайсиз. Алломалар ўз фаолиятлари давомида илм-маърифат олиш билан шогирдлари ва барча инсонларни яхшилик қилишга ва инсониятни қадрлашга тарғиб қилишган.
Илм-фан, маданият мусулмонлар орқали бутун дунёга тарқалди. Мусулмонлар диний илмлар билан бир қаторда табиий фанларда ҳам етук бўлганлиги тарихдан маълум. Буни ҳозирда илм-фан ривожланган Ғарб давлатлари олимлари ҳам тан олишмоқда.
Франциялик олим Жоливет Костелот ўзининг “Тарих қонуни” китобида бундай ёзади: “Пайғамбар вафотидан кейин араблар катта тараққиётга эришдилар. Ислом ёйилиши замон талаби эди. Шу боис мусулмонлар тараққиёти жуда тезлаб кетди. Натижада ақлни лол қолдирувчи ислом маданияти юзага келди. Фатҳлар билан бирга ислом маданияти ҳамма жойга ёйилди. Ислом маданиятининг асари санъат, адабиёт, шеър ва илмларда акс этди. Шу билан фалсафа, фалакиёт илми, кимё, тиббиёт ва руҳий илмлар машъали бир қанча аср мусулмонлар қўлида қолди. Улар ихтирочиларга айландилар”.
Тарихчиларнинг ёзишларича биринчи илм даргоҳи ҳам кўпчилик ўйлаганидек Европада эмас, балки III хижрий асрда Марокашда ташкил топган. У мадраса “Жомеъатул Қаравин” номи билан бутун дунёга машҳур бўлган. Илм даргоҳида мусулмонлар билан бир қаторда Ғарб мамлакатларидан ҳам талабалар келиб дунёвий билимлардан таълим олишган.
Мусулмон олимларининг инсоният илм-фан ва маданиятига қўшган ҳиссалари беқиёсдир. Ислом умматидан етишиб чиқиб, нафақат диний илмда балки табиий фанларда ҳам шуҳрат қозонган олимларнинг ҳаёт фаолиятларига, қолдирган беназир илмий ва маданий меросларига назар солиб, ўрганган киши буни яққол сезмай иложи йўқ.
Фатво, фиқҳ ва ҳадис илмларида энг етук уламолар ажам бўлганликлари тарихда маълум ва машҳур. Араблар исломдан кейин асрлар оша шариат илмларини чуқур эгаллаган, забардаст олимларга тан беришиб, уларни имомларимиз ва раҳнамоларимиз, деб эътироф этганлар. Забардаст ислом уламоларининг кўпчилиги асли араб бўлмасаларда, араблар уларга ўз миллатларига бермаган илмий унвонларни бердилар.
Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга “Ҳадис илмида мўминлар амири, дунё имоми” деган унвон бердилар. У киши тўплаган ҳадислар мажмуаси “ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” китобини эса Қуръондан кейинги энг ишончли китоб, деб тан олдилар. Шунингдек, Абу Мансур Мотуридий Самарқандийни “Мусулмонлар ақидасини тузатувчи ва ҳидоят имоми”, имом Термизийни “Шайхул ислом ва муҳаддислар имоми”, Маҳмуд аз-Замахшарийни “Устоз ул-араб вал-ажам” (Араблар ва ажамлар устози), “Фахру Хоразм” (Хоразм фахри) ва Бурҳониддин Марғинонийни “Шайхул ислом ва имомул ҳудо” каби шарафли номлар билан атаганлар.
Диний илмларда пешқадам уламолар билан бир қаторда дунёвий илм-фанда ҳам пешқадамликни қўлдан бермаган мусулмон уламоларнинг исмлари ҳозиргача ҳам чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан эсланишининг ўзи ҳам ислом динининг ҳақиқий илм-маърифат дини эканлигига яққол далилдир.
Ўзбекистон замимнида туғилган Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий ўнлик саноқни кашф қилди. XII асргача Европаликлар ноль рақамини билишмаган эди. Хоразмий бобомизнинг асарлари туфайли бутун дунё ҳаммага таниш бўлган “алгоритм” ва “алгебра” атамаларидан кенг фойдаланишади.
Тиббиёт соҳасининг ривожланишида ҳам мусулмон уламоларининг ўрни беқиёсдир. Шу ўринда барча бир овоздан буюк ватандошимиз Абу Али ибн Синонинг номини ҳурмат билан тилга олишади. Абу Али ибн Сино олимлар томонидан “Шайхур раис” (Олимлар йўлбошчиси), ғарбда – “Файласуфлар султони”, “Шифокорлар подшоҳи” номи билан шуҳрат қозонган. Ибн Синонинг ижоди неча асрлар мобайнида Шарқ ва Европа фани ҳамда маданиятига салмоқли таъсир кўрсатган. Ибн Сино қаламига мансуб “Тиб қонунлари” асари жаҳонда соғлиқни сақлаш тизими тараққиётига, жумладан ҳозирги замон медицинасининг шаклланишига . бебаҳо ҳисса қўшиб келяпти.
Яна шундай мусулмон олимлардан бири аждодимиз Аҳмад Ал-Фарғонийдир. У киши буюк астроном, матeматик ва гeограф бўлган. Ўрта аср Европа илмий адабиётида уни “Алфраганус” дeб атаганлар.
Миср пойтахти Қоҳира марказида бундан бир неча асрлар муқаддам Фарғоний бобомиз томонидан қурилган ниломер “Миқёсун Нил” ҳозиргача инсонларга хизмат қилмоқда.
Абу Райҳон Беруний бобомиз эса, ўз вақтида Колумб ёки Америго Веспуччидан анча илгари қуруқликнинг ғарб томонида яна бир қитъа бўлиши мумкинлигини башорат қилган.
Бизнинг компьютерлар асримизда Қуёш йили 365 кун, 6 соат, 9 минут ва 6 секунд давом этади деб ҳисоблашди. Бундан 600 йил илгари ватандошимиз Мирзо Улуғбек бу ўлчовда 1 минут 2 секундга янглишган холос.
Бундай тарихий мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Ислом дунёсининг башарият илм-фан ва маданиятига ўтказган таъсири тўғрисида ҳар қанча ёзиладиган бўлса шунча оз. Шу сабабли бугун Ўзбекистонда аждодларимизнинг бой илмий ва маънавий меросини тадқиқ этиш ва кенг тарғиб этиш орқали радикализм, экстремизм ва исломофобияга қарши самарали курашиш мақсадида катта илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд номларидаги тадқиқот марказлари ёшларимизни турли бузғунчи йўлларга кириб кетмаслиги ва маънавий, илмий салоҳиятини ошириш мақсадида илмий тадқиқот ва таълим дастурларини олиб бормоқда.
Ислом – инсонпарварлик ва бағрикенглик дини, у яхшилик ва олижанобликка, билим ва маърифатга чорлайди. Ислом маданияти ва маърифати исломофобияга қарши курашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган муҳим маънавий ва ижтимоий омил ҳисобланади. Зеро, бу муаммо асосан нотўғри тушунча, билимсизлик ва динни ғаразли талқин қилиш натижасида келиб чиқади. Исломофобия мусулмонларга нисбатан асоссиз қўрқув ва нафрат туйғуларини шакллантиради. Шу нуқтаи назардан, исломнинг асл инсонпарвар моҳиятини очиб бериш ва унинг маърифий салоҳиятини кенг тарғиб қилиш бу муаммоларга қарши самарали ечим бўла олади.
Шу билан бирга, мусулмон алломаларининг тиббиёт, математика, астрономия, фалсафа ва бошқа соҳалардаги кашфиётлари жаҳон илм-фани ривожида муҳим ўрин тутган. Бу тарихий ҳақиқатларни кенг ёритиш исломофобик қарашларга қарши кучли далил бўла олади. Чунки ислом фақат диний эмас, балки юксак маданий ва илмий меросга эга цивилизация сифатида эътироф этилади.
Хулоса қилиб айтганда, ислом маданияти ва маърифати исломофобияга қарши исломнинг бой илмий ва маданий меросини кенг тарғиб қилиш орқали самарали таъсир кўрсатади. Маърифатли жамиятда эса зўравонлик ва нафрат эмас, балки ўзаро ҳурмат, мулоқот ва ҳамжиҳатлик устувор бўлади.
Эвадуллаев Тохир Шукурович,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,
ЎХИА мустақил тадқиқотчиси
Киритилган вақти: 13/03/2026 14:42; Кўрилганлиги: 145
Чоп этилган вақт: 24/03/2026 21:23





















