Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ИФТОРЛИК — САВОБИ УЛУҒ АМАЛ, AMMO ДАБДАБАБОЗЛИК ЭМАС

 
 

Муборак Рамазон ойи ўзининг шукуҳ ва файзи билан давом этмоқда. Имон-эътиқодли ҳар бир юртдошимиз тилу дилида шукроналик билан ушбу табаррук ойнинг савоби самарасидан баҳраманд бўлишга бел боғлаган.

Рамазон ойини Аллоҳ уммати муҳаммадия учун алоҳида баракотли, фазилатли қилиб қўйган. Рамазоннинг хусусияти, фазилати, баракаси жуда ҳам кўп ва беқиёс. Аввало, Рамазон Қуръон ойи дейилади. Чунки Қуръони карим шу ойда нозил бўлган. Хатми Қуръон ва таровеҳлар адо этиладиган, жину шайтонларнинг энг ёмонлари занжирбанд қилинадиган, раҳмат, мағфират, дуолар қабул бўладиган, хайр-саховат амаллари бажариладиган ва кўплаб фазилатлар ойи эканлиги ояти карима ҳамда ҳадиси шарифларда баён қилинган.

Мана шу улуғ айём кунлари ўзини мусулмонман деган киши борки, инсонпарварлик, дўстлик, ҳамжиҳатлик каби олижаноб туйғуларга асосланган ислом дини мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, қўни-қўшни, маҳалладошлари ҳолидан хабар олишга, эҳтиёжмандларга мурувват қўлини чўзишга, бир-бирига ўзаро меҳр-оқибат кўрсатишга ошиқмоқда.

Бу ой рўза тутиш билан бир қаторда, бағрикенглик, бирдамлик, тинчлик-осойишталикка сабаб бўлувчи меҳр-мурувват ойи ҳамдир. Имом Термизий ривоятида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни бу ойда меҳр-мурувват кўрсатишга чорлаб: “Эҳсонларнинг афзали Рамазон ойида қилинганидир”, дея марҳамат этганлари келтирилган.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жумладан бундай дедилар: “Бу ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки у ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча кам бўлмаган савоб берилади”. Шунда биз: “Эй, Расулуллоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймизку”, дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир ҳўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Кимки рўзадорнинг қорнини тўйғазса, Аллоҳ қиёматда унга ҳавзи кавсаридан бир қултум сув ичиради, натижада у то жаннатга киргунича чанқамайди. Рамазон — аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод бўлиш ойидир”, дедилар”.

Демак, кимки бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилар экан ва ўзига ҳам рўзадорники би­лан тенг савоб ёзилар экан. Бу ривоятдан бохабар юртдошларимиз муборак ойда имкон қадар рўзадорларга ифторлик беришга ҳаракат қилади.

Астойдил, холис савоб учун қилинган бағрикенглик, саховатпешалик чинданда эътирофга лойиқ. Атрофдагиларга кўз-кўзлаш, ўзини кўрсатиш, шунинг кетидан қандайдир манфаатга эришиш мақсадида қилинган саховат эса кибр ва манманлик белгисидир. Афсуски, моҳи Рамазонда амалга оширилаётган айрим тадбирларда ана шу иллат кўриниб қолаётир.

Юқорида зикр этганимиз ҳадиси шарифда рўзадорга ифтор қилиб беришнинг савоби айтилиши билан бир қаторда, бунга моддий имконияти бўлмаганларга Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир ҳўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига ҳам берилиши айтиб ўтилган.

Таассуфки, ифторлик беришда ҳам кимўзарга тушмоқдамиз. Қолаверса, бугун бу эҳсон тадбирини уйида эмас, ресторанларда катта жамоатни йиғиб, ўта дабдабали дастурхон асосида ўтказиш ҳам тобора урф бўлиб бормоқда. Ўзи истиқомат қиладиган хонадонга яқинлари, қўни-қўшнилар ва муҳтож кишиларни таклиф этиб, камтарона қилинган ифторлик ҳар томонлама мақбулдир. Унда силаи раҳм, қўшнилик ҳаққи ва муҳтожларга кўмак ҳосил бўлади, риё, манманлик ва исрофдан узоқлашилади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

“Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф сураси, 31-оят).

Яна бир мулоҳаза. Аслида ифторлик фақат тўп-тўп одам чақириб, зиёфат бериш эмас, балки муҳтож инсонларга озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиб бериш, даволанишга имконияти йўқ беморларга дори-дармон улашиш, эҳтиёжлари учун уларнинг кўлига, озми-кўпми, маблағ бериш ҳам ифторликдир.

Бу табаррук ойнинг моҳияти-қимматини англаб, ўтказаётган тадбирларимиз, бажараётган амалларимизда, аввало, Яратган розилигини мақсад қилсаккина, муродга етишган бўламиз. Аллоҳ таоло ато этган барча неъматлар учун шукрона айтиб, бир-биримизга фақат ва фақат яхшиликни илинсак, эзгу амаллар йўлида саъй-ҳаракат қилсаккина, ҳар бир куни йилларга тенг бебаҳо ойнинг савобига эришишимиз мумкин, инша Аллоҳ.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакили.
Манба: “Халқ сўзи” газетаси 2022 йил 13 апрель, № 76(8138)

Киритилган вақти: 15/04/2022 02:36;   Кўрилганлиги: 95
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/iftorlik-savobi-ulug-amal-ammo-dabdababozlik-emas
Чоп этилган вақт: 25/05/2022 15:47
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг