Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

“ҲИЗБУТ ТАҲРИР” ДАЪВОЛАРИГА РАДДИЯЛАР (Халифалик борасида)

 
 

Бугунги кунда ўзларини аҳли сунна вал жамоа таркибида деб даъво қилиб, ислом давлатини барпо этишга ва ислом дини ақидасига зид ишларга даъват этаётган “Ҳизбут таҳрир” оқими ва унинг домига тушиб қолганларда атрофидагиларга нисбатан нафрат туйғуси шаклланиб қолган. Улар бошқаларни исломга, имон-эътиқодга чақиришади-ю, аммо қалбларида ўзи ваъз қилаётганларга нисбатан нафратни сақлайди. Уларнинг хатти-ҳаракатлари, даъволари ва эътиқоди аҳли сунна вал жамоа манҳажига хилоф бўлиб, мақсадлари мусулмонларга яхшилик эмас, аксинча улар орасида турли тафриқа ва зиддиятларни келтириб чиқариш эканлиги кўпчиликка маълум бўлиб турибди.

“Ҳизб” арабча “партия”, “таҳрир” “озодлик” маъноларини англатади. Вақтида Фаластин озодлиги даъвосида бу фирқа тузилган. Кейин асосий мақсад бир четда қолиб, оламшумул хаёлий ғояни, яъни халифалик қуриш дастак қилиб олинган. Қайсидир маънода у коммунизм ғоясига ўхшайди. Бу ғоя тарғиботчилари бир вақтлар “коммунизм жаннатга ўхшаш бир ҳаёт, ҳеч бир муаммо бўлмайди”, дейишарди. Албатта, бу уйдирмадан бошқа нарса эмас.

Ҳозирги пайтга келиб “Ҳизбут таҳрир” ва унга ўхшаган бошқа бузғунчи ташкилотлар ўзларининг исломга зид бўлган вайронкор ғояларини тарқатиш ва ёшларни тузоққа илинтириш йўлида интернетдаги ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланмоқда. Улар исломга зид даъволари, аҳли сунна ақидасига тўғри келмайдиган қарашлари ва ўз ғояларини ислом шиорлари билан ниқоблаб, ижтимоий тармоқларда чиройли суратда маъруза қилиш орқали айрим илмсиз кишиларни ўз домига тортиб бормоқда.

Авваламбор шуни айтиш керакки, Қуръони каримда “Динни барпо қилингиз ва унда фирқа-фирқага бўлинмангиз!”[1] деган ҳукм бор. Аҳли сунна вал жамоадан ажралиб чиқиб, бошқа оқимлар йўлига кириш ҳеч кимга фойда келтирган эмас, аксинча фақат зарар келтиради. Агар сиз, 10-15 йил аввал шу йўлга кирган, билим ва тушунчаси, ҳаёт тажрибаси тўлишган кишилар билан ҳамсуҳбат бўлсангиз, бу хаёлий нарса эканини, шу нарсага ундаган даъватчилар эса, бошингга иш тушса, кунингга ярамаслигини, мудом парда ортида туришини айтади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда бу ҳақиқатни англаб етиб, “Ҳизбут таҳрир”дан қайтаётган кишилар кўпайди. Уларнинг аксарияти боши берк кўчага кириб қолганига иқрор бўлишмоқда.

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, сиз бу ислом умматини хатокор, адашган, динда чуқур кетган ҳолатда ҳеч қачон кўрмайсиз. Уммат орасидан мабодо бирортаси шундай ҳолатга тушса ҳам, Аллоҳ таоло бундай адашган мусулмонларни ўз фазлу инояти билан залолат – хато йўлдан қайтариб, уларга ҳидоят – тўғри йўлни кўрсатадиган забардаст уламоларни ҳам чиқариб қўйди.

Биз ҳам ҳизбут таҳрирнинг мақсадларини мусулмон биродарларимизга янада очиқроқ англатиш учун қуйида бу оқимнинг ислом динига, очиқдан очиқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларига зид даъволарини келтириб ўтишни мақсадга мувофиқ деб топдик. Шояд айрим адашган кимсалар бу оқимларнинг асл мақсадларини англаб етсалар.

“Ҳизбут таҳрир” халифалик давлати ўрнатишни даъво қилишади. Бу ғоя уларнинг асосий мақсадидир. Аслида мусулмонларга халифаликни тиклаш вожиблигига далолат қилувчи бирон оят ҳам, ҳадис ҳам мавжуд эмас. Аксинча, барча шаръий далиллар таҳлил қилинса, бу даъво ислом шариатига зид эканлиги маълум бўлади.

Маълумки, ислом дини аввалида мусулмонлар жамиятининг бошқаруви бевосита пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқарувларида бўлган. У зот вафотларидан сўнг, мусулмонлар жамияти халифалар бошқарувига ўтди. Кейинчалик ислом сарҳадлари кенгайиб, халифалик ҳам турли ҳудудларга бўлиниб кетди ва алалоқибат мусулмон ўлкаларида номи халифалик, бошқарув тузуми мулкчиликка, маълум бир ҳудудларга асосланган подшоҳликлар вужудга келди. Улар расман халифалик деб номланса-да, аслида давлат бошқаруви подшоҳлик тузуми эди. Вақтлар ўтиши билан у давлатлар халифалик деб аталмай, ўз номи билан подшоҳлик, султонлик деб юритила бошланди. Аслида ҳам шундай бўлиши керак эди. Чунки, айтиб ўтганимиздек, у давлатлардан фақат халифалик деган номи қолган эди, холос.

Ҳар бир тузум ва ҳар бир жамиятда бўлгани каби кейинчалик бундай давлат бошқарувларидан норози бўладиганлар пайдо бўла бошлади. Улар ўз норозиликларини жамиятда халифалик бошқарувини жорий қилиш ғояси асосида изҳор қилишди, ҳатто бу ғоя ортига ўзларини ғаразли мақсадларини яширишди. Улар Ислом тарихини энг гуллаб яшнаган даври халифалик бошқарувини яна амалда қайта жорий қилиш ва шу орқали гўёки мусулмонларни ягона бир давлатга бирлаштириб, қудратли халифалик давлати тузиш даъволари остида турли хил фитнали ҳаракатлар, уруш ва хунрезликларни амалга оширди. Бу даъво остида қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар қони, хоссатан тинч аҳоли, болалар, аёллар, қариялар қони тўкилди, мусулмон халқлари яшайдиган обод ўлкалар вайрон бўлди. Бунга яқин ўтмиш ҳам гувоҳ. Шахсияти номаълум бир гуруҳ кимсалар томонидан халифалик бошқарувига қайтиш даъволари, шуни сабаб қилиб жиҳодга чорлаш, интернет саҳифаларида ҳозир ҳам тез-тез кўзга ташланиб туради. Ҳолбуки, халифалик ва у даврга қайтиш даъволари айрим тоифаларнинг ҳокимиятни эгаллаш йўлидаги асосий ғоявий қуролига айланиб улгурган. Уларнинг бу даъволарига қарши чиққан ҳар қандай киши, ҳатто ислом динининг забардаст уламолари ҳам ҳеч иккиланмасдан кофирга чиқарилиб, имкон топилганлари ўлдирилди. Ҳолат бу умматнинг олимлари, ҳатто аёллари ва болалари ўлдирилиш даражасигача етиб келган бўлса-да, ҳали- ҳануз уларнинг тузоғига тушаётганлар топилмоқда. Ҳолат шу даражага келган бўлса-да ҳали ҳануз халифалик масаласи ислом динига эътиқод қилувчи мусулмон халқлари орасидаги айрим жоҳил кимсалар учун баҳсли масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

“Хилофа, халифа” – (الخلافة) сўзи луғатда “ўринбосар” маъносини англатади. Ушбу сўз Қуръони каримда қуйидаги оятларда келган:

﴿وَإِذۡ قَالَ رَبُّكَ لِلۡمَلَٰٓئِكَةِ إِنِّي جَاعِلٞ فِي ٱلۡأَرۡضِ خَلِيفَةٗۖ قَالُوٓاْ أَتَجۡعَلُ فِيهَا مَن يُفۡسِدُ فِيهَا وَيَسۡفِكُ ٱلدِّمَآءَ وَنَحۡنُ نُسَبِّحُ بِحَمۡدِكَ وَنُقَدِّسُ لَكَۖ قَالَ إِنِّيٓ أَعۡلَمُ مَا لَا تَعۡلَمُونَ٣٠﴾

Эсланг, (Эй, Муҳаммад,) Раббингиз фаришталарга: “Мен ерда халифа (Одам) яратмоқчиман”, – деганида, (улар) айтдилар: “Унда (Ерда) бузғунчилик қиладиган, (ноҳақ равишда) қонлар тўкадиган кимсани яратмоқчимисан? Ҳолбуки, биз Сенга ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз ва Сени муқаддас деб биламиз. (Аллоҳ) айтди: “Мен сизлар билмаган нарсани биламан”[2].

﴿يَٰدَاوُۥدُ إِنَّا جَعَلۡنَٰكَ خَلِيفَةٗ فِي ٱلۡأَرۡضِ فَٱحۡكُم بَيۡنَ ٱلنَّاسِ بِٱلۡحَقِّ وَلَا تَتَّبِعِ ٱلۡهَوَىٰ فَيُضِلَّكَ عَن سَبِيلِ ٱللَّهِۚ إِنَّ ٱلَّذِينَ يَضِلُّونَ عَن سَبِيلِ ٱللَّهِ لَهُمۡ عَذَابٞ شَدِيدُۢ بِمَا نَسُواْ يَوۡمَ ٱلۡحِسَابِ٢٦﴾

Эй, Довуд! Дарҳақиқат Биз сени ерда халифа қилдик. Бас, сен (нафсу) ҳавога эргашиб кетмагин! Акс ҳолда, у сени Аллоҳнинг йўлидан оздирур. Албатта, Аллоҳ йўлидан озадиган кимсалар учун ҳисоб кунини унутиб қўйганлари сабабли қаттиқ азоб бордир[3].

Ушбу суралардаги оятлар мазмунидан келиб чиқиб, халифа ўз нафсини жиловлай олган, ер юзида бузғунчиликни ҳар қандай кўринишига ва ноҳақ қон тўкишга мутлақо қарши бўлган киши, деб ҳам таъвил қилиш мумкин. Демак, халифа аввало ўзини тақводорлиги билан халқ орасида танилган, Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида ер юзини ислоҳ этадиган, адолат ва ҳақиқат билан ҳукм юргизадиган, халқлар орасида эзгуликни тарқатадиган кишидир.

Амалда эса бу сўз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг у зотнинг ўрнига дин ва дунё ишларини бошқариш учун сайланган кишига нисбатан айтилади[4].

Халифаликка сайланиш учун қуйидаги шартлар топилиши лозим бўлган[5]: илм, адолат, халқни ҳимоя қилиш ва душманга қарши туришга қодирлик, ҳам жисмонан, ҳам маънан соғломлик, Қурайш қабиласидан бўлиш[6]. Халифаликка келиш юқорида кўрсатилган шартлар билан бир қаторда омма томонидан сайланиш ва байъат қилиш орқали амалга оширилган.

Сафина розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни: “Мендан сўнг халифалик ўттиз йилдир. Ундан кейин подшоҳликлар бўлади”, деб айтаётганларини эшитдим. Абу Бакр халифалиги икки йил, Умарнинг халифалиги ўн йил, Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалиги ўн икки йил ва Али розияллоҳу анҳунинг халифалиги олти йил давом этди, деди. Ровийлар санадидаги Али ибн Жаъд: Ҳаммод ибн Саламадан: Охирги сўзни Сафина айтганми? деб сўрадим, деди. Ҳаммод: Ҳа, деб жавоб берди[7].

Ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларидан сўнг мусулмонларда давлат бошқаруви халифалик кўринишида ўттиз йил давом этиши, ундан сўнг халифалик бошқаруви тугаб бошқарув подшоҳлик шаклида бўлиши таъкидламоқда ҳамда давлат тузуми ўша тузумда бўлиши маъқул эканлигига ишора қилмоқда. Биз эътибор қилишимиз лозим бўлган яна бир жиҳат мавжуд бўлиб, у бугунги кунда халифалик давлатини қуришни даъво қилаётган кимсалардир. Уларнинг бу сўзлари ушбу ҳадисга номувофиқ, аксинча Расулуллоҳ сўзларига қарши сўздир.

Бу ерда ростгўйларни энг ростгўйроғи бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “мендан кейин халифалик ўттиз йил”, яъни ундан сўнг ҳеч қанақа халифалик бўлмайди, деб “ёлғон” гапирдиларми ёки халифалик қурамиз деб мусулмонларнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдираётганларни даъвоси ботилми? Ўз-ўзидан маълумки, пайғамбаримиз ҳеч қачон ёлғон сўзламаган. Аммо шундай бўлса-да бу даъвони кўтариб чиқаётган, таъбир жоиз бўлса, Пайғамбаримизни юқорида айтган сўзларини инкор қилиб, у зотни ёлғончига чиқараётган кимсаларга эргашаётганлар ҳам топилиб турибди.

“Ҳизбут таҳрир” партиясини вужудга келишидаги яна бир нозик нуқтани диққат билан кўриб чиқамиз. “Ҳизбут таҳрир” партиясининг асосчиси Тақиюддин Набаҳоний (1909-1979) социолог олим бўлганлигини, “Ҳизбут таҳрир” партияси эса диний эмас, сиёсий ташкилот эканлигини ҳам алоҳида эътиборга олишимиз керак. Маълумки, социализм таълимотида феодализм (ёки капитализм)дан социализмга, социализмдан коммунизмга, яъни икки босқичдан сўнг коммунизм тузумига ўтиш ғояси мавжуд. Карл Маркс ва Фридрих Энгельс ғоялари таъсирида улғайган Набаҳоний уларнинг ғоясини ўзи туғилиб ўсган халқлар орасида тарғиб этмоқчи бўлади. Аммо араблар даҳрийликка асосланган коммунистик мафкурани қабул қилмаслигини яхши билгани учун уни ислом динига мослаштиришга ҳаракат қилади, қисман буни уддасидан чиқади, десак янглишмаймиз. Агар таққослаб кўрсак, социализм тарғиботчилари, юқорида айтиб ўтганимиздек, икки босқичдан сўнг халқларни коммунизмга етказиш ғоясини ишлаб чиққан. Набаҳоний эса мазкур ҳадисда айтилган “икки подшоҳлик”ни ўз мақсади йўлида таъвил қилиб, социалистларнинг ғоясига мослаштиради ва уларнинг таълимотидаги “коммунизм қуриш”ни “халифалик қуриш” дея талқин қилган. Карл Маркс ва Фридрих Энгельс ғояси пуч ғоялардан иборат эканлиги, коммунизм қуриш шунчаки чўпчак эканлигини вақт кўрсатиб берди. Мухтасар қилганда, “чўпчак” таъсиридан вужудга келган ҳизбчиларнинг бу ғоясига эргашиш ҳам саҳрода саробга интилиш билан баробардир.

Ислом тарихида бўлган хаворижлар ва ундан бошқа адашган оқимларда бўлгани каби ҳозирги даврда ҳам халифалик даъвосини кўтариб чиқаётган адашган оқимларнинг асл мақсадлари мусулмонлар манфаатидан бошқа нарса эканлигини дунёнинг нуфузли уламолари таъкидлашмоқда. Ҳар бир мўмин мусулмон киши уларнинг ботил даъволаридан огоҳ бўлиб, ўзи ва масъул бўлганларини бундай кимсалар алдовига илиниб, нотўғри йўлга кириб қолишдан сақлаш чораларини кўриши бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан ҳисобланади.

[1] Шўро сураси. 13-оят.
[2] Бақара сураси. 30-оят.
[3] Сод сураси. 26-оят.
[4]Ваҳба аз-Зуҳайлий. Фиқҳу-л-исломийи ва адиллатуҳу. Дорул-фикр. Дамашқ. 8-жуз. –Б 468.
[5]Имом Саъдуддин ат-Тафтазоний сўзи. Муҳаммад Рашид ибн али Ризо. Мажаллату-л-минор. 27-жуз. –Б 208. / Аршифу мултақо аҳлил-ҳадис. 3-жуз. –Б 337.
[6]Халифаликка номзод қурайш қабиласидан бўлиши кераклиги ҳадис билан далилланган. Аммо уламолар бу ҳадисни саҳиҳ эмас, дейишади.
[7]Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон. Саҳиҳ ибн Ҳиббон би тартиби Ибн Булбон. 15-жуз. –Б 392. 6943-ҳадис. Санади ҳасан ҳадис, Имом Зоҳид Абу Исҳоқ Саффор Бухорий. Талхийсул адилла лиқвоидит тавҳид. Ал-Мактабатул азҳарийя. 2016. Б.756.

Т.Эвадуллаев, Н.Қобилов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари


Киритилган вақти: 30/03/2023 11:34;   Кўрилганлиги: 253
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/hizbut-tahrir-davolariga-raddiyalar-xalifalik-borasida
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 09:54
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг