Ҳасад – нафс касалликларидан биридир
Келинг, аввал “ҳасад нима?” деган саволга жавоб берайлик.
“Ҳасад” луғатда “бирор нарсани терисини шилмоқ ёки қирмоқ” деган маънони билдиради. Унинг истилоҳий маъноси ҳақида уламолар шундай дейдилар:
“Ҳасад - бировга етган неъматга рашк билан қараш ва ўша неъматнинг ўз соҳибдан кетиб, ҳасадчига етиб келишини қаттиқ хоҳлаш”.
“Ҳасад – нафс касалликларидан биридир. Балки нафс касалликларининиг аксари шундандир. Ундан озчилик одамларгина қутула оладилар. Шунинг учун ҳам: “Тана Ҳасаддан холий бўлмаган. Фақат уни пасткаш ошкор қилади, карим одам яширади”, деб бежиз айтишмаган (“Амрозул-қулуб ва шифауҳа”).
Агар инсон бошқа бир кишига етган неъматдан севиниб, ўша неъматни ўз эгасида барқарор бўлишини хоҳлагани ҳолда, ўзига ҳам берилишини тиласа, ҳавас қилган бўлади.
Ҳасад катта гуноҳдир. Ҳавас эса, гуноҳ саналмайди. Чунки, ҳасадчи бировга ёмонликни раво кўради, ҳавасчи эса, ўзгага етган яхшиликдан хурсанд бўлади ва ўзига шу каби неъматнинг берилишини орзу қилади.
Аллоҳ таоло айтди:
“Ёки одамларга (яъни Муҳаммад алайҳиссаломга) Аллоҳ ўз фазлу карамидан берган нарсага (яъни пайғамбарликка) ҳасад қиляптиларми!” (Нисо: 54);
“... ва Ҳасад қилаётган Ҳасадгўйнинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб (Роббимга) илтижо қиламан” (Фалақ: 5).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бадгумонликдан сақланинг. Албатта, бадгумонлик энг ёмон ёлғончиликдир. Пойлаш ва жосуслик билан шуғулланманг. Ким ўзарга уриниб ўзаро ҳасад қилишманг. Бир бирингизни ёмон кўрманг ва бир бирингизга қарши тадбир қилманг. Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар”, дедилар”. Тўртовлари ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: “Ҳасаддан сақланиглар! Шубҳасиз, ҳасад худди олов ўтинни ёки ҳашакни егандек ҳасанотларни ейди”. Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилган.
Зубайр ибн Авом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга сиздан олдинги умматларниинг дарди; ҳасад ва ёмон кўришлик ўрмалаб кирди. У қирувчидир. Сочни қирувчи демайман. Лекин у динни қиради. Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, мўмин бўлмагунларингча жаннатга кирмайсизлар. Бир бирингизга муҳаббат қўймагунингизча мўмин бўлмайсизлар. Сизларга ўша нарсангизни собит қиладиган нарсани айтайми? Орангизда саломни тарқатинг”, дедилар”.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифларда асосан ҳасад ҳақида сўз кетмоқда. Маълумки, энг катта маънавий жиноятлардан ҳисобланган ҳасад кўплаб зарар келтирувчи ижтимоий дарддир. Ҳа, ҳасад айнан ёмон дарддир. Бу дард ҳам ҳасадчининг ўзини ҳам бошқаларни куйдириб, кул қилади.
Исломда бошқа маънавий жиноятлар қатори ҳасад ҳам қаттиқ қораланади ва катта гуноҳ ҳисобланади. Қуръони Каримнинг оятларини диққат билан ўқиган одам, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини, у кишининг мўъжизаларини, у кишига Қуръон тушаётганини кўриб-билиб туриб ҳам иймонга кирмаганлар учун асосий тўсиқ ҳасад бўлганини яхши билиб олади. Яҳудийлар: нима учун биздан эмас, араблардан пайғамбар чиқади, дея ҳасад қилиб Исломга кирмадилар. Бошқа араб қабилалари ҳам аввал бошда шунга ўхшаш ҳаракат қилиб, Қурайшга ҳасад қилдилар. Қурайшнинг кўпчилик зодаганлари эса, нима учун бир камбағал-етим пайғамбар бўлар экан-у, биз аслзодалар, қавмнинг раҳбарлари эса унга эргашишимиз керак экан, деган ҳасад билан мусулмон бўлмадилар. Кўриб турибмизки, ҳасад - катта ҳалокатларга олиб борадиган дард экан. Ҳатто энг катта бадбахтлик ҳисобланган кофирликка ҳам сабаб бўлар экан.
Демак, қалбида ҳасади бор кишининг Исломга кириши ҳам амри маҳол экан.
Худди шу маънони Ибн Ҳиббон Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифдан тушуниб оламиз. Бу ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам:
“Мўмин банданинг ичида Аллоҳнинг йўлидаги (амалда ютилган) чанг ва жаҳаннамнинг олови жам бўлмайди. Бир банданинг ичида иймон билан ҳасад жам бўлмайди”, деганлар.
Ушбу ҳадиси шарифда икки турли нарса бир банданинг қалбида жам бўлмаслигининг хабари берилмоқда.
Биринчиси: Аллоҳнинг йўлида иш қилиб, шу аснода чанг ютган одамнинг ичига жаҳаннамнинг олови кирмаслиги, яъни, ўша одам жаҳаннамдан озод бўлиб жаннат аҳлидан бўлишлигидир.
Иккинчиси эса, бир банданинг ичида иймон билан ҳасаднинг жам бўлмаслиги.
Демак, иймон билан ҳасад худди олов билан сувдек бир-бирига тамоман зид нарсалар экан. Бири бор жойда иккинчиси бўлмас экан. Бошимизга етган ва етаётган бало-офатлар бекорга эмаслигини шундан тушуниб олсак ҳам бўлади. Шу сабабдан ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон кишининг динига ҳасад қилувчиларни қўрадаги қўйларга қўйиб юборилган оч бўриларга ўхшатганлар. Шунинг учун ҳам аввалги зикр қилинган ҳадислардан бирида “Ҳасад билан иймон бир кишида жам бўлмаслигини” баён қилганлар.
Шунинг учун ҳам Имоми Табароний Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам жумладан: “Ҳасад эгаси мендан эмас”, деганлар.
Яъниким, ҳасадчи менинг умматим эмас, деганларидир. Ўзини билган одам учун бундай ҳолга тушишдан ҳам ортиқроқ бадбахтлик йўқдир. Ҳар бир инсон бошқа маънавий жиноятлардан қутула бориш баробарида, ҳасад каби катта маънавий жиноятдан ҳам қутулиши шарт. Ўшандагина элу юртимизда бирор яхшиликдан умид қилсак бўлади. Ҳар биримиз ҳасаддан фориғ бўлиб, қалбимиз тоза ҳолга келиб, қуйидаги ҳадисда зикр қилинган саодатманд саҳобий розияллоҳу анҳу даражасига етишишга ҳаракат қилишимиз лозим.
Нажмиддинхон Ҳамзаев – Ургут туман “Ғўс” жоме масжиди имом-хатиби
Киритилган вақти: 05/08/2020 16:31; Кўрилганлиги: 934
Чоп этилган вақт: 15/10/2024 14:05