Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ҲАР ҚАНДАЙ ЖИНОЯТ – ГУНОҲ САНАЛАДИ.

 
 

“Гуноҳ” сўзи форсчада жиноят, айб каби маъноларни англатиб, аслида араб тилидаги “Жуноҳ – хиёнат, гуноҳ” сўзининг ўзгартирилган кўринишидир. Исломда эса, шариат қонунларига ва диний ақидаларга хилоф эътиқод, иш ёки ҳаракатни билдиради. Гуноҳ тушунчаси қадимда турли тақиқларни бузувчи, ахлоқсиз одамнинг ҳаракати маъносида қўлланилган.

Гуноҳ тушунчаси барча динларга хос тушунчадир. Ислом динида жиноятнинг ҳар қандай кўриниши – у хоҳ катта, хоҳ кичик, хоҳ маънавий, хоҳ моддий бўлсин, барчаси қаттиқ қораланади. Жиноятнинг ҳар қандай кўриниши гуноҳ саналиб, ундан сақланишга буюрилади.

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  “Одамлар жаноб Расулуллоҳдан  яхшилик ҳақида, мен эса, бошимга тушишдан  хавотирланиб  ёмонлик – гуноҳ ишлар  ҳақида  сўрар эдим. ...Имом Бухорий ривояти.Саҳиҳи Бухорий,7084-ҳадис.

Ҳузайфа ибн ал-ЯмонҲузайфа ибн ал-Ямон ибн Жобир ал-Абасий ал- Ғатафоний ал-Қайсий розияллоҳу анҳу. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яқин сирдошларидан. У зот гуноҳ амаллардан сақланиш, билиб-билмай у амалларга воқеъ бўлиб қолмаслик учун у амалларни билишга ҳарис бўлганлар. Шу сабабли Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳдан гуноҳ ишлар ва улардан сақланиш йўллари ҳақида кўп сўрар эди.

Демак, бизнинг зиммамиздаги бурчимизфақат савобли ишларни билиб, уларга амал қилишдан иборат бўлиб қолмай, балки бир мусулмон сифатида у амаллардан сақланиш учун ислом ва жамиятда жиноят саналган гуноҳ амалларни ҳам, шу билан бирга давлатимиз қонунчилигини яхши билишимиз ҳам исломий, ҳам инсоний бурчларимиздан саналар экан. Албатта, бу ишда дин ва давлат қонунларини яхши билган ислом уммати уламолари бизга энг яқин ёрдамчи, йўл кўрсатувчилардир.

Ислом динидаги энг катта гуноҳ ширк амали ҳисобланади. Яъни Аллоҳни бутунлай инкор этиш ёки Аллоҳга тенг келадиган бошқа илоҳий кучлар бор, деб эътиқод қилиш ҳисобланади. Бундай гуноҳни Аллоҳ кечирмайди. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Мен ширкдан беҳожатларнинг беҳожатиман. Бас, ким бир амал қилса-ю, унда Мендан бошқани ширк келтирса, Мен уни ҳам, ширкини ҳам тарк қилурман”, деган.Имом Муслим ривояти.

Шунингдек, Тайсала ибн Майёс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Ислом динида катта гуноҳ (кабира)лар ҳақида батафсил шундай дейилади: “Мен Нажда ибн Омир Хорижийнинг[1] асҳоблари билан бирга гуноҳлар қилдим. Уларни ўзимча катта гуноҳ деб ўйлардим. Шуни Абдуллоҳ ибн Умарга айтдим.Шунда Абдуллоҳ ибн Умар: У нималар? – деди. Мен: Шулар, шулар, – дедим. “Булар катга гуноҳ эмас, У (катта гуноҳ)лар тўққизтадир; Аллоҳга ширк келтириш, айбсиз инсонни ўлдириш, уруш майдонидан қочиш, муҳсина (ўзини покиза сақлаган) аёлни зинокор (фоҳиша) деб айблаш, судхўрликдан ризқ ейиш, етимнинг молини ейиш, масжидда диндан чиқиш, одамларни масхара қилиш, (фарзандини) оққ қилишлари сабабидан ота-онанинг йиғлашлари (ота-онанинг боласини оққ қилганидан йиғлаши)”, – деб кейин ибн Умар менга: “Сен дўзахдан қўрқиб, жаннатга киришни хоҳлайсанми?”– деди. Мен: “Аллоҳга қасамки, шундай”. – дедим. У киши: “Ота-онанг тирикми?”– деди. Мен: “Онам бор”, – дедим. У киши: “Аллоҳга қасамки, онангга гапиришда юмшоқсўз бўлсанг, уни таомлантирсанг, албатта жаннатга кирасан, модомики катта гуноҳлардан сақланган бўлсанг”, – деди.Имом Бухорий ривояти. Ал-адаб ал-муфрад. 5-боб, 8-ҳадис.

Демак, мусулмон киши  катта гуноҳлардан ўзини жуда маҳкам туриб сақлаши керак экан. Катта гуноҳларнинг адади тўғрисида ислом манбаларида турлича фикрлар мавжуд. Булар ота-она қарғишини олиш, сеҳр-жоду билан шуғулланиш, қотиллик, риёкорлик, фирибгарлик, ёлғон гувоҳлик бериш, ўғрилик, чақимчилик, қиморбозлик, зино, ҳаром қилинган нарсаларни истеъмол қилишлик, дилозорлик ва бошқа айрим гуноҳлар катта гуноҳлар ҳисобланади. Баъзи Ислом олимлари катта гуноҳлар сонини 300 тагача санаб етказганлар. Кичик гуноҳлар эса беҳисобдир.

Шу билан бирга қонунда тақиқланган, жиноят деб саналган ҳар қандай ишлар етказиладиган зарарнинг оқибатига қараб катта-кичик гуноҳга бўлинади. Масалан: ҳайдовчи йўл қоидасига ёки светафорга риоя қилмай ўтиб кетиш жинояти кичик гуноҳ ҳисобланади. Аммо, унинг бу жинояти бахтсиз ҳодисани содир бўлишига сабабчи бўлса, унинг бу ҳаракати катта гуноҳ саналади.

Шу жумладан, ер юзидаги бутун халқлар шу кунларда каронавирус деб номланган оммавий касалликнинг бир кўринишидаги вабога дуч бўлишди. Ҳозир масъуллар томонидан карантин вақтида карантин қоидаларига риоя қилиш буюрилмоқда. Бу буйруққа бўйсунмаслик фуқарони Аллоҳ таоло олдида гуноҳкор бўлишига, давлат ва жамият олдида жиноятчи бўлишига олиб келади. Агар инсон карантин талабларига, табиблар талабига эътиборсизлиги сабабликасалликни бошқага юқишига сабаб бўлса, бир инсонни жонига тажовуз қилганни гуноҳини олади. Бу эса жуда оғир гуноҳлардан биридир. Муқаддас динимизда ундай кишини гуноҳи мамлакат устига душман бостириб келганда Ватанни ташлаб қочиб кетган кишининг гуноҳи билан тенглаштирилган.

عمرو بن جابر قال سمعت جابر بن عبد الله الأنصاري يقول قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: الفار من الطاعون كالفار من الزحف والصابر فيه كالصابر في الزحف. حسن لغيره

Жобир ибн Абдуллоҳ ал-Ансорийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:  “Тоъун (тарқалувчи касаллик) тарқалган вақтда ундан қочиб бошқа жойга кетадиган кишининг гуноҳи уруш вақтида душманга орқа ўгириб қочган кишининг гуноҳи кабидир. Ўша вақтда уйида сабр қилиб ўтирган кишининг савоби урушда қочиб кетмай сабр билан душманга қарши жанг қилган кишининг савоби кабидир.” Имом Аҳмад ривояти.

Душман бостириб келганда Ватанни ташлаб қочиб кетган кишининг гуноҳи эса еттита ҳалок қилувчи энг оғир гуноҳларнинг бири эканлиги юқоридаги ва бошқа ҳадисларда баён қилинган. Ушбу ҳадислардан бу каби оммавий тарқалувчи касалликлар юрт бошига келганда у жойни ташлаб бошқа томонга қочадиганларнинг гуноҳи ва уйда сабр қилиб ўтиганни савоби шунчалик улкан эканлигидан бу каби касалликларнинг жамиятга келтирадиган зарар кўлами ҳам нечоғлик улканлигини англаб етса бўлади.

Мусулмон киши ҳар бир ҳолатида гуноҳлардан сақланиши, кичик гуноҳларни кичик санамаслиги керак. Зеро, тома-тома кўл бўлур деганларидек, кичик гуноҳлар ҳам муттасил қилиниш оқибатида улкан гуноҳлар йиғиндисига айланиши мумкин.

Шавкат Маҳмудов  - Нарпай тумани Сўфи зийрак жоме  масжиди имом хатиби

 [1]Ямомалик Нажда ибн Омир (ёки Уваймир) Абу Ҳанифа мазҳабига эътиқод қуйган киши эди. У хаворижлар (яъни адашган оқим) бошлиғи бўлиб, уларнинг эътиқодича, кишилар учун имом (халифа ёки амир) бўлиши шарт эмас. Одамларнинг ўзлари ҳақни ноҳақдан ажрата билишлари ва ўз-ўзларини, жамият йўналишини бошқара билишлари керак (Муҳаммад Абу Зуҳра, "Ал-Мазоҳиб ал-Исломия", 33-бет).

 


Киритилган вақти: 22/07/2020 10:39;   Кўрилганлиги: 906
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/har-qanday-jinoyat-gunoh-sanaladi
Чоп этилган вақт: 18/05/2024 18:00
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг