Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ҳанафий мазҳабида “Такбири таҳрима” ва қўл боғлаш

 
 

Намоз “Аллоҳу акбар”, деб такбир айтиш билан бошланиши барчамизга маълум. Кейинги вақтларда турли сабабларга кўра, ушбу такбир айтилаётганда “қўллар қай даражада кўтарилади ва қандай тутилади?”, деган саволлар кўп учрамоқда. Чунки, мазҳабларда такбир айтилаётганда қўлларни кўтарилиш даражасида икки хил фикрлар мавжуд. Ҳанафий мазҳабига кўра,  намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиб, қўлнинг бош бармоғи қулоқнинг юмшоғига етказилади ва “такбири таҳрима” айтиб, намозга кирилади. Қўллар кўтарилганда кафтнинг ички томони қиблага қаратилиб, бармоқлар бироз очилган ҳолатда бўлади.

Бошқа мазҳабларнинг фикрича “Такбири таҳрима”да қўллар елка баробаригача кўтарилади. Ҳар иккала қарашнинг ҳам далиллари мавжуд бўлиб, қайси мазҳаб, қайси диёрларда кенг ёйилган бўлса, ўша жойдаги мусулмонлар мазҳабларида кўрсатилган амални бажараверишлари жоиз бўлади.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, агар барча ўз мазҳабига амал қилса, муаммо йўқ. Аммо минг йиллардан бери ҳанафий мазҳабига амал қилиниб келаётган юртда туғилиб-ўсган кишилар, ота-боболарининг мазҳабига зид равишда, кўпчилик жамоатдан ажралиб намоз ўқишлари муаммо ва тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда. Тортишувга сабаб бўлган масалалари суннат ёки мустаҳаб даражасидаги кичик амал бўлса-да, тортишувларининг натижаси ҳаром бўлган амалга олиб келмоқда, яъни мусулмонлар орасида ихтилоф чиқариш, уларнинг бир-бирларига адоват ва ёмон назар билан қарашларига сабаб бўлмоқда.

Балким, такбирни айтишда қўлларни қулоқ баробаригача кўтаришни тўғри эмас, деб ўйлаётганлар ҳам бордир. Қўлларни бу даражада кўтарилишига ҳадиси шарифларда бир қанча мисоллар бор. Шулардан айримларини келтирамиз:

Воил ибн Ҳужр розийаллоҳу анҳу: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб, қулоқлари баробарига кўтарганларини кўрдим”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга киришда такбир айтиб, сўнгра икки қўлларини кўтариб, бош бармоқларини қулоқларига баробар қилар эдилар” (Имом Ҳоким ва Имом Дорақутний ривоятлари).

Уламоларимиз: “Ҳадисларда келган “қўлни қулоқ баробарига кўтариш”дан мақсад, уни қулоққа теккизишдир, чунки қулоқнинг юмшоғига қўл тегиши қўлнинг қулоқ баробарига кўтарилганининг аниқ белгисидир”, деганлар. Бу ҳақда “Раддул Муҳтор”, “Ал-Лубоб фий шарҳил китоб”, “Фатавои Қозихон”, “Шарҳул Виқоя”, “Мажмаъул анҳур” шу каби бир қанча мўътабар фиқҳий китобларимизда баён қилинган.

Мана, саҳиҳ ҳадислар бор экан. Ҳеч иккиланмасдан такбир айтишда қўлларни кўтариб, қулоққа теккизавериш керак.

Энди, намозда қўлларни боғлаш ҳақидаги маълумотларга тўхталсак. Ҳанафий мазҳабимизга кўра, намозда турган киши қўлларини бир-бирига боғлаб, киндик остига қўяди. Бу ҳақда бир қанча ривоятлар мавжуд бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз.

Воил ибн Ҳужр розийаллоҳу анҳудан, у зот оталаридан ривоят қилинади. «У зот айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда ўнг қўлларини чап қўллари устига – киндик остига қўйганларини кўрдим“ (Имом Ибн Абу Шайба ривояти). “Эълоус сунан” китобида, бу ҳадиснинг ровийлари ишончлидир, дейилган. Яна бир ривоятда шундай келади:

Абу Воил розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтдилар: “Намозда кафтнинг устига кафтни қўйиб, киндик остида ушланади” (Имом Абу Довуд ривояти).

Намоз пайти қиёмда қўл боғлаш суннат эканига ҳанафий, шофеий ва ҳанбалий мазҳаб имомлари иттифоқ қилишган. Бироқ қўл боғлаш кайфияти борасида шофеий ва ҳанбалий фақиҳлар ҳанафий фақиҳларига хилоф қиладилар. 

Юқорида айтганимиздек, ҳар бир мазҳаб ўзининг саҳиҳ далилларига эга. Биз, ҳанафийларнинг далилларини келтириб ўтдик. Демак, ким қайси мазҳабга эргашган бўлса, ўшанга амал қилиши лозимдир. Бизнинг диёрларда минг йиллардан бери мўмин-мусулмонлар ҳанафий мазҳабига эргашиб келганлар. Шу сабаб намознинг қиёмида қўлни боғлаш масаласида ҳам ҳанафий мазҳабига эргашамиз. Акс ҳолда, ноўрин ихтилоф чиқарилган бўлади. Бошқа мазҳабларнинг далилларини топиб олиб, ҳанафийларни чалғитиб, одамлар орасида жорий қилиш фитнага сабаб бўлиши, анъаналарга беписандлик билан қарашларга олиб келиши мумкин.

 С. Бобоев - Самарқанд шаҳар “Қўшбаққоли” жоме масжиди мимо хатиби


Киритилган вақти: 19/09/2023 07:28;   Кўрилганлиги: 787
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/hanafiy-mazhabida-takbiri-tahrima-va-qol-boglash
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 08:56
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг