Гиёҳвандлик — ёмон иллат
Ислом шариъати башариятни тўғри йўлга буюриш ва фисқ-фасоддан ҳимоя этиш асосига бино қилинган. Бу дин инсонларни яхшиликларга буюриб, барча кўринишдаги ёмонликлардан ҳимоя қилади. Инсоннинг ҳаётига хавф соладиган, Роббисининг зикридан, ибодатидан тўсадиган, ақли ва соғлигига зиён етказадиган зарарлардан асрайди.
Ислом шариъати беш нарсани ҳимоя қилишни мақсад қилган. Улар дин, жон, насл, ақл ва мол. Уламоларимиз уни “Беш зарурат”, деб номлаганлар. Эътибор қаратилса гиёҳвандлик моддалари ва унинг барча навлари ушбу беш ҳаётий заруратга очиқ ва қатъий хатар эканлиги кўринади.
Динга зарари – гиёҳванд модда истеъмол қилувчи динининг аҳкомларига бепарво, Парвардигорининг тоатига иштиёқсиз бўлади. Динини йўқотиш ва охиратини барбод қилиш ва гуноҳкор бўлишдан қўрқмай қолади ва диндан чиқади.
Ақлга зарари – гиёҳвандлик асаб тўқималарига зарар етказиб, одамнинг ақлини бутунлай зайифлаштиради. Ваҳоланки, инсоннинг инсон эканлиги ақлининг сабабидандир.
Наслга зарари – гиёҳвандлик жинсий заифликни келтиради ва наслини йўқ қилади.
Жони ва молига зарари – гиёҳванд кимса ўзининг инсонлик фазилатини йўқотади. Ажал уруғини сотувчи кимсанинг қўлида ўйинчоқ бўлиб, унинг ортидан саробга етиш учун халлослаб югиради, аслида ёмон ўлимни таъқиб қилаётганини сезмайди. Шармандали, хору-зор бўлиб ўлим топиш учун жидду жаҳд билан жонини сотади, молини сарф қилади.
Булар, гиёҳвандлик моддасининг ёлғон тузоғига илиниб вафот этган кўпларнинг ҳолатидан озгина бир тасвир эди. Аллоҳ берган ҳалол ризқ-рўзимизни истеъмол қилиб, ҳаромидан ҳазар қилсак нажот топувчилардан бўламиз, ин ша Аллоҳ.
Жахонгирхон Баходирхон ўғли
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмат ходими
Киритилган вақти: 02/07/2020 12:26; Кўрилганлиги: 1164
Чоп этилган вақт: 06/10/2024 19:50