Гиёҳвандлик-умр заволи
Ҳозирги кунда инсониятни ташвишга солаётган глобал муаммолардан бири гиёҳвандликдир. Обод ватанимизда бу жирканч иллатга қарши кескин чоралар кўрилиши хақида қонунларимизда белгилаб қўйилган. Гиёҳвандликка ружу қўйганлар қуйидаги иллатларга чалинадилар. Биринчидан гиёҳванд киши ўз соғлигидан айрилади. Иккинчидан уларнинг фарзандлари ногирон туғилади. Учинчидан оиласидаги бор бисотидан айрилиб, оилавий тинчлиги бузилади, оила порокандаликка юз тутади. Тўртичидан юрт ва жамият тинчлиги ва фаровонлигига катта зарар етказади. Бешинчидан алал оқибат манқуртга айланади ва тубсиз жарга қулайди, икки дунёда ҳам нажот топмайди. Бундай вазиятга тушишдан Аллоҳ асрасин.
Пайғамбаримиз (солаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳадиси шарифларида “Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир” (Имом Бухорий ривояти) деб марҳамат қилинган. Ушбу ҳадиснинг мазмунидан англаш мумкинки, ҳар-бир маст яъни сархуш қилувчи нарсалар-гиёҳванд моддалар, спиртли ичимликлар, нос, сигарет кабиларнинг барчаси ҳаромдир. Гёҳвандликнинг юқорида 5 та улкан зарарини санаб ўтдик. Бу нарсалар ароқхўрликка ҳам боғлиқдир. Гиёҳванд тубсиз жарликка қандай қуласа, ароқхўр ҳам шундай балога йўлиқишини ҳаётимизда кўплаб гувоҳи бўлганмиз.
Нос, сигарет каби сархуш қилувчи нарсалар таркибида никотин моддаси борлиги сабабли киши соғлигига салбий таъсир кўрсатади. Бундай жирканч нарсаларни чекувчиларни тишлари тезда тўкилиб кетади, тез қариб қолади ва таҳотарли бўлиб юришга қийналади. Бундай кишиларнинг оғзидан ҳамиша бадбўй ҳид анқиб туради.
Алломаларимиздан бири шундай деган экан: “Ўлдиргану ёр менинг бошим, оғзингнинг ҳидига йўқдир бардошим”. Алломанинг бу ёзган байтлари айнан сигарет ва нос чекувчиларга қарата айтилгани кундай равшан бўлиб турибди. Сўзимизнинг охирида шуни айтмоқчимизки, айрим ёмон одатларни ирода, одоб каби фазилатлар билан енгиб ўтиш мумкин. Лекин гиёҳвандлик, ароқхўрлик, кашандалик кишиларнинг ўзаро бирлашиб бу иллатларга қарши курашишларини талаб қилади. Шу обод ватанда яшаётган ҳар биримиз фарзандларимиз, ёшларимизни бундай жирканч иллатларнинг тўрига тушиб қолмаслиги учун огоҳ ва масъул бўлишимиз шарт.
Ғулом ДУВЛАЕВ - Каттақўрғон тумани “ҚИРОВУЛ” жоме масжиди мутаваллиси
Киритилган вақти: 07/08/2020 15:26; Кўрилганлиги: 1117
Чоп этилган вақт: 15/10/2024 14:10