Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Гиёҳвандлик инсонни Аллоҳ буюрганидай ҳалол яшашдан маҳрум этади

 
 

Гиёҳвандлик инсонни Аллоҳ буюрганидай ҳалол яшашдан маҳрум этади, унинг одамлар орасидаги обрўсини йўқотади, оиласини парокандалик ботқоғига отади, соғлигига жиддий путур етказади, ўзини эса жиноят йўлига бошлайди. Энг фожиалиси, Аллоҳ берган ҳаёт неъматининг заволга учраши, эрта ўлим топиши каби кулфатларга учрайди. Бугунги кунда гиёҳвандлик балоси чегара, ўлчов, миқёс билмайдиган бир ҳолатга келди. Унинг касофатидан Ер юзида миллионлаб инсонлар ҳаёт билан эрта видолашмоқда, соғлиғидан ажрамоқда, оилалар бузилиб кетмоқда.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом маст ва ақлни карахт қилувчи ҳар бир нарсанинг ҳаром экани ҳақида огоҳлантирганлар. Демак, бундай нарсалар шариатимизда ҳаром қилинган ва ҳеч бир инсон, хусусан ёшларимиз бундай ҳаром нарсаларнинг яқинига ҳам келмасликлари лозим. Чунки бундай ҳаром нарсаларни истеъмол қилиш ўз жонига қасд қилиш, ўзини ўзи ҳалокат чоҳига отишдан бошқа нарса эмас. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай огоҳлантиради: “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг”, бошқа бир ояти каримада эса бундай дейди: “ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир”.

Шундай экан, бирор инсон ўзига ҳам, атрофидагиларга ҳам жабр қилиши, зарар етказиши мумкин эмас. Кишининг гиёҳванд моддалар истеъмол қилиб, ўз жонига қасд қилиши улкан гуноҳдир. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”, деб марҳамат этган.
Дунёқараши эндигина шаклланиб бораётган, бор куч-ғайратини фақат билим олишга, изланишга, ҳунар ўрганишга сарфлаши керак бўлган бир пайтда, ўсмирларни алдов йўли билан гиёҳвандлик қурбонига айлантираётган кимсалар озми? Қанчадан-қанча оилаларнинг ёстиғини қуритаётган гиёҳвандликка қарши ҳар бир инсон ўзи курашмоғи, ташқи таъсирлардан ҳимояланмоғи лозим.

Соғлом авлод ўтмиши қадим, тупроғи олтин, осмони мусаффо Ўзбекистоннинг келажак ворисларидир. Уларни мана шундай соғлом муҳитда, эзгу тушунчаларни юракларига жойлаб вояга етказайликки, ҳеч қанақа ташқи салбий хуружлар ва қора иллатлар ўпқони уларни ўзига жалб қила олмасин.

Мухторов Зикриё
Самарқанд шаҳар "Хўжа Сафойи Валий" жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 26/10/2023 11:27;   Кўрилганлиги: 188
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/giyohvandlik-insonni-alloh-buyurganiday-halol-yashashdan-mahrum-etadi
Чоп этилган вақт: 30/04/2024 11:33
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг