Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ҒИЙБАТ ЎЗИ НИМА?

 
 

Ғийбатнинг таърифи шуки, бирор кишининг ёмон сифатини унинг ўзи йўқлигида, эшитса унга оғир ботадиган, дили ранжийдиган тарзда баён этишга айтилади. Бундай ғийбат қилувчи тили билан айтсин, қўли билан ёзсин ёки тана аъзоларининг бириси билан ишора қилсин, ғийбат қилинган киши ҳоҳ кофир, хоҳ мусулмон бўлсин, бунинг аҳамияти йўқ. Кишида мавжуд бўлмаган айб ҳақида гапириш эса туҳмат ва бўҳтон ҳисобланади.

Бир куни бир неча саҳобийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдилар. Бир одам мажлисдан туриб кетгач, саҳобийлар: “Бу одам жуда заиф экан”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар уни ғийбат қилдиларинг, гўштини едиларинг”, дедилар.

Буюк тобеъин Иброҳим Наҳаий раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: “Сен бировда бор нарсани (айбни) айтсанг, уни ғийбат қилган бўласан, агар унда йўқ нарсани айтсанг, унга бўхтон қилган бўласан”.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқиб, баланд овоз билан: “Эй тилидагина иймон келтирган, қалбига иймон кирмаган қавмлар (яъни эй мунофиқлар)! Мусулмонларга азият берманглар, уларни (аввалги ишлари сабабидан) уялтириб, шарманда қилманглар, уларнинг яширин ишлари (яъни айблари) пайидан тушманглар! Чунки мусулмон биродарининг айби пайидан тушган кимсанинг айби пайидан Аллоҳ таоло тушади. Аллоҳ таоло кимнинг айби пайидан тушса, уни шарманда (расво) қилади, агар у уйининг ичида (яшириниб ётган) бўлса ҳам”, дедилар.

Ўша замонда мусулмонларга озор етказиб, ҳамиша уларни айблайдиганлар асосан мунофиқлар бўлган. Шунинг учун у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни фақат мунофиқларга қарата айтганлар. Бу ҳадисдан одамларнинг айбларини баён қилиш ўта ёмон иш экани, унга қай даражада оғир жазо тайёрлаб қўйилгани маълум бўлади.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайхи васаллам саҳобаи киромлардан: “Ғийбат нима эканини биласизларми?”, деб сўрадилар. Сахобалар “Аллоҳ ва унинг Расули билгувчироқ”, деб жавоб беришди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат –биродарингни у ёқтирмайдиган нарса билан зикр қилишингдир”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, мен айтган нарса биродаримда бор бўлса ҳам ғийбат бўладими?”, деб сўрашган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен айтган нарса унда бор бўлса, ғийбат қилган бўласан. Сен айтган нарса унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан”, деб марҳамат қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат зинодан оғирроқ”, дедилар. “Қандай қилиб?” деб сўрашган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши зино қилгач, тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Ғийбатчи эса то ўша (ғийбат қилинган) дўсти кечирмагунича кечирилмайди”, деб жавоб бердилар.

Бунга сабаб шуки, зино қилишда фақат Раҳмонга мухолафат (қарши чиқиш, исён қилиш) бор. Ғийбатда эса Аллоҳ таолога мухолафат қилиш ҳам, ғийбат қилинган кишига озор бериш ҳам бор. Аллоҳ таолонинг ҳаққи тавба билан кечирилади, лекин банданинг ҳаққи ўша банда кечирмагунича афв этилмайди, яъни қилинган гуноҳ бирор банданинг ҳаққига алоқадор бўлса, ўша банда бу гуноҳни кечирмагунча Аллоҳ таоло ҳам кечирмайди.

Аллоҳ таоло қиёмат куни ҳақида шундай марҳамат қилади: “Бу кунда ҳар бир жонга қилган ишининг бадали (мукофот ёки жазоси) берилади. Бу кунда умуман зулм йўқдир”. Бу нидони эшитган ғийбатчи ноумидликка тушиб, қилган ишига надомат қилади. “Кошки дунёда одамларни ғийбат қилмаган, айбларини очмаган бўлсам эди”, дейди.

Бизнинг замонамизда ҳамма ўта ёмон иш бўлмиш ғийбатга муккасидан кетди. Ҳар бир одам ғийбатнинг таърифини ўз нафсига мувофиқ шаклда баён қилади. Баъзи одамлар ғийбат деганида кишининг олдида айтолмайдиган ёмон сифатларни унинг йўқлигида айтишни тушунадилар. Шунинг учун унинг олдида ҳам айта олмайдиган айбларини ортидан гапириш ғийбат бўлмайди, деб ўйлайдилар. Ҳолбуки, иш улар ўйлаганидек эмас...

Аллоҳ таоло бизларни ва қиёматгача келадиган зурриётларимизни ғийбат қилишдан сақласин.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.Пайғамбаримиз Муҳаммад мустофо соллаллоҳу алайҳи ва салламга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин. 

Саидусмонхон Зикиряев


Киритилган вақти: 14/02/2023 19:11;   Кўрилганлиги: 1022
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/giybat-ozi-nima
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 03:23
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг