Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Фотима бинти Молик.

 
 

Имом Молик роҳимаҳуллоҳнинг Фотима исмли қизлари бор эди. У имомнинг «Муватто» номли ҳадис тўпламларини ёддан билар эди. Шогирдлар имом Моликка «Муватто»ни ёддан ўқиб беришаётган пайтда Фотима эшикнинг ортида ўтирар, агар у эшикни тақиллатса имом Молик шогирдларининг хато қилганини шундан билар эдилар.

Имом Моликнинг Муҳаммад исмли ўғиллари бўлиб у кабутар боқишга қизиқар эди. Имом илмни унга суйдириш учун барча ишни қилдилар аммо фойдаси бўлмади. Бир куни имом ўғилларини кабутарнинг ортидан югуриб юрганини кўриб қизларига ишора қилиб дедилар:

«Одоб Аллоҳнинг одобидир. Бу ўғлимнинг аҳволи, мана бу эса қизим». Ушбу жумлани араблар тасалли ва юпанч учун ишлатишади. Агар ота-она фарзанди тарбияси учун етарлича саъй ва ҳаракат қилса-ю аммо натижа бўлмаса шу гапни ишлатишади. Бу гап ҳам тасалли, ҳам эслатмадир. Бу солиҳ фарзанди борларга эслатмадир. Уларга фақатгина меҳнатларига суянмасликни таълим беради. Тарбияли фарзанд неъмати илоҳийдир!

Имом Моликнинг қизлари Фотима отаси фақир бўлиб қолганида бозорга чиқиб кўкат ва сабзавотлар сотар, отасига ёрдамлашар эди. Улар нон ва кўкат сотишар эди.

Бир куни имом Молик роҳимаҳуллоҳнинг ишлари чиқиб қолиб қизлари Фотима бозорда ўзи ёлғиз қолди. Бир киши унинг олдига келиб: «Кўкат олмоқчиман, эртага бизга нон келса пулини олиб келаман» деди. Яъни, кўкатнинг ўрнига нон бермоқчилигини айтди. Фотима: «Бу жоиз эмас», деди.

У киши: «Нега?», деб сўради.

Фотима: «Чунки таомни таомга сотиш қўлма-қўл бўлиши лозим».

У киши Фотимадан кимлигини сўради. Фотима имом Моликнинг қизи эканлигини айтди.

Солиҳларнинг аҳли ҳам ёмон бўлиши мумкин. Бунда бизга пайғамбарлар мисол бўла олишади. Лут алайҳиссаломнинг хотинлари кофира эди. Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғиллари ва хотинлари кофир эдилар. Иброҳим алайҳиссаломнинг оталари кофир эди. Набий алайҳиссаломга амакилари Абу Лаҳабнинг кофирлигини айтиб, уни танқид қилиб оят нозил бўлди.

Инсон фарзандларига яхши тарбия беришга ҳаракат қилади. Аслида қоида шуки, тарбия ўз самарасини бериши керак. Аммо ҳар қандай қоиданинг истисноли томони бўлади. Нуҳ алайҳиссалом ўғилларининг тарбиясида, Аллоҳга бўлган даъват йўлида нуқсонга йўл қўйиши мумкин эмас. Аммо ҳидоят Аллоҳнинг қўлида эканда, на чора. Нуҳ алайҳиссаломнинг оқ бўлган ўғли сувга чўкмаслик учун кемага миниш ўрнига тоққа чиқмоқчи бўлди. Меҳрибон ота: «Эй ўғлим! Биз билан (кемага) чиқ», дейишига қарамасдан у отага итоат қилмади.

Биз ҳаракатдан масъулмиз, натижадан эмас. Аллоҳ таоло биздан ўғил-қизларимизни қай тариқада тарбия қилганимиз ҳақида сўрайди. Бу тарбия нега натижа бермади дея сўрамайди. Солиҳлар қиссасида биз учун юпанч бор.

Агар хотининг сенга итоат қилмаса Нуҳ алайҳиссаломнинг хотинларини эсла. Агар отанг кўнглингдагидек солиҳ бўлмаса билгинки, у аниқ Иброҳим алайҳиссаломнинг оталаридан яхшидир. Куфрдан ўтадиган гуноҳ йўқдир.

Агар ўғлинг сени машаққатга қўйса билгин, у аниқ Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғилларидан афзалдир. Сен аниқки, ўғлингни кофир ҳолда кўз ўнгингда чўкиб ўлишини тасаввур қила олмайсан!

Амиров Тўлқин Самарқанд шаҳар "Руҳобод" жоме масжиди имом-хатиби тайёрлади


Киритилган вақти: 13/11/2021 07:29;   Кўрилганлиги: 539
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/fotima-binti-molik
Чоп этилган вақт: 03/05/2024 16:59
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг