Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

«Фатавои Оламгирия»нинг муаллифи ким?

 
 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

СаволЯқинда масжид имомининг «Фатавои Оламгирия» китоби ҳанафий фиқҳининг энг мўътабар манбаларидан бири» деганини эшитиб қолдим. Бу китобнинг муаллифи ким? Бир танишим уни Ҳиндистоннинг узоқ йиллик ҳукмдори Аврангзеб Оламгир ёзганини айтиб қолди. Шу гапда жон борми? Негаки, давлат раҳбарининг фиқҳ бўйича китоб ёзганига унча ишонгим келмади.

Маҳмуд Ўринбоев

Наманган шаҳри

Бу нодир китобни Аврангзебнинг ўзи ёзмаган, балки унинг дунёга келишига сабабчи бўлган десак тўғрироқ бўлади. Ҳиндистонда ярим аср ҳукмдорлик қилган Аврангзеб Оламгир «Фатавои Оламгирия» номи билан машҳур бўлган «Фатавои Ҳиндия» асарини тузиш учун бир лажна (ҳайъат) туздиради. Бу лажнага ҳинд диёрида ҳанафий мазҳаби бўйича кўзга кўринган таниқли олим, мударрис, етук фақиҳларни тўплайди. Бу лажнага раис ва мудир этиб Шайх Низомиддин Бурҳонпурий тайинланади. Аврангзеб Оламгир бу ишларга икки юз минг рупия сарфлайди. «Ҳинд диёрида исломий маданият» асарининг муаллифи узоқ изланиш ва тадқиқотлардан сўнг бу лажнада иштирок этган олимларнинг сони ва номини топади. «Фатавои Ҳиндия» асарини ёзишда иштирок этган олимлар 22 нафар бўлган.

Имом Деҳлавий айтади: «Аврангзеб Оламгир бу вақтда «Фатавои Ҳиндия» асарини ёзиш ва тартиблаш ишларига қаттиқ эътибор қаратган эди. Шайх Мулла Низомиддин Аврангзеб Оламгирга ҳар куни китобнинг тайёр бўлган қисмини ўқиб берар эди. Кунларнинг бирида шайх Мулла Ҳомид тайёрлаган қисмни Аврангзеб Оламгирга ўқиб беради. Шайх Мулла Ҳомид бир масала борасида икки китобдан олинган икки жумлани бир-бирига аралаштириб юборади. Натижада жумлада мубҳамлик ва чигаллик пайдо бўлади. Шайх Абдурраҳимнинг кўзи ногаҳон ушбу гапга тушиб қолади. Бу масалани ўрганиб кўрса, икки иборани аралаштириб юборган бўлади. Шунда иборанинг ҳошиясига: «Ким фиқҳни чуқур билмаса, аралаштириб юбориши мумкин. Бу хато бўлиб, тўғриси бундай бўлади», деб ёзиб қўяди. Шайх Мулла Низомиддин матнни ушбу ҳошияси билан тезгина ўқиб кетгани сабаб иборанинг ҳақиқатига эътибор бермайди. Аммо ўта аҳамият ва қизиқиш билан эшитиб турган Султон бу иборага тушунмай қолади. Султон: «Бу қандай ибора?» деб сўрайди. Шунда шайх Мулла Низомиддин қаттиқ хижолат бўлади. Ўзини тутиб бундай дейди: «Мен бу жойларни аввал ўқимаган эдим. Эртага батафсил шарҳлаб келаман», деб айтади. Сўнгра Шайх Мулла Ҳомиднинг олдига келиб: «Сенга бўлган ишончим ва эътимодим сабабли сен тайёрлаган қисмни ўқимаган эдим. Султонни олдида мени хижолатга қўйдинг», деб таъна қилди. Шайх Мулла Ҳомид бу нарсага бирор оғиз сўз айтолмай қолди. Сўнгра шайх Абдурраҳимга бу борада шикоят қилганида дарҳол китобни очиб, хато бўлган жойини ва иборадаги мубҳамликни кўрсатиб беради. Шу сабаб шайх Абдурраҳим билан ўртада ҳасад пайдо бўлади. Кейинчалик ишлар ўрнига тушганидан сўнг шайх Абдурраҳим лажнадан четлаштирилди.

Аврангзеб Оламгирнинг кўрсатмасига биноан мамлакатнинг қирқдан ортиқ салоҳиятли фиқҳ олимлари шу тариқа ҳанафий мазҳабининг фатволарини саралаб, тўпламни тузиб чиқишди. Ҳиндистонда «Фатавои Оламгирия», ундан ташқарида «Фатавои Ҳиндия» номи билан машҳур бўлган фатволар тўплами ана шу тарзда юзага келади. Ҳанафий мазҳабининг ўзига хос бу фиқҳий қомуси Низомуддин Бурҳонпурий (Шайх Низом) бошлиқ йигирма тўрт нафар олим томонидан Қуръон, Суннат, ижмоъ ва қиёсга мувофиқлиги текшириб чиқилди. Тўпламни яратишда тўрт гуруҳга бўлиниб ишланган: аввалги тўртдан бирига шайх Важиҳиддин, иккинчи қисмига шайх Жалолиддин, учинчи қисмига қози Муҳаммад Ҳасан, охирги бўлагига мулла Ҳамид Жунпурий бошчилик қилган ҳамда шайх Низом раҳбарлиги ва муҳаррирлигида муваффақиятли тугатилган. Шундан кейингина Аврангзеб мазкур китобни барча амалдорларга тарқатиб, бундан кейин барча давлат ва қозилик ишларида ана шу фатволарга қатъий риоя қилишни, Ислом шариати талабларининг ҳар қандай бузилишига қарши кураш олиб боришни топширди.

 

«Аврангзеб Оламгир – бобурий ҳукмдор» китобидан

«Ҳилол» журналининг 5(14) сонидан 


Киритилган вақти: 09/09/2020 12:19;   Кўрилганлиги: 779
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/fatavoi-olamgiriyaning-muallifi-kim
Чоп этилган вақт: 30/04/2024 18:55
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг