Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Фарзанд тарбиясига, ёшларни илм маърифатли бўлишига масъулмиз

 
 

Фарзанд Аллоҳ таоло томонидан берилган буюк неъмат бўлиб, ҳар бир ота-она бу неъматни қадрига етиб, ҳаққини адо қилиши зарурдир. Динимизда фарзанд тарбиясига катта аҳамият берилган бўлиб, уни фарзанд ҳатто дунёга келмасдан олдин бошлаш керак экани бир қанча китобларимизда баён қилинган.

Муқаддас динимиз отанинг зиммасига фарзандни дунёга келтиришдан олдин бир қанча вазифаларни юклаган. Қуйида улардан баъзисини баён қиламиз: Бўлажак фарзанд учун одоб-ахлоқли, дину-диёнатли она танлаш. Чунки фарзанд тарбиясига отадан кўра онанинг таъсири кўпроқ экани барчамизга маълум. Сабаби оталар кўпроқ вақтларини оиласининг таъминоти учун кўча-куйда ўтказадилар. Фарзанд эса кўпроқ онаси билан уйда қолади. Фарзанд ким билан кўпроқ мулоқотда бўлса, табиийки ўшанинг таъсири катта бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайхи ва саллам бу борада шундай деганлар: Яъни “Сизлар ўз нутфангизга муносиб жуфти ҳалолни ихтиёр қилинглар. Ўзингизга муносибларга никоҳланинглар” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Демак, фарзанд одоб-ахлоқли бўлиши учун унинг биринчи суҳбатдоши бўлмиш онасини хусни хулқли ва солиҳасини танлаш отасининг бурчи экан.

Динимиз отанинг зиммасига фарзанди дунёга келгандан кейин бир қанча вазифаларни юклаган. Қуйида улардан баъзисини баён қиламиз:

  1. Ўнг қулоғига аъзон ва чап қулоғига таобир айтиш. Гар ота буни ўзи бажара олмаса, бошқа бир кишини ўзидан вакил қилса ҳам бўлади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайхи ва саллам шундай деганлар: “Кимнинг боласи туғилса-ю иқома айтса , унга уммусибён зарар етказа олмайди”. (Имом Абу Довуд ривоятлари )

Уммусибён болаларга зиён етказадиган жин тоифасидир. Унинг қиладиган иши гўдакларга зиён етказишдан иборат. Аммо боланинг қулоғига азон ва такбир айтиб қўйилса, мазкур жин болага зарар етказа олмай қолади.

  1. Фарзандга маъноли ва чиройли исм қўйиш ота-онанинг бурчларидан биридир. Фарзанд келажакда ўз исмидан уялмайдиган бўлиши керак. Бу ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Қиёмат кунда ўз исмингиз ва оталарингиз исмлари билан чақириласизлар. Шунинг учун фарзандларга чиройли исм қўйинглар” (Имом Ахмад ривоятлари)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайхи ва саллам: Исмларнинг яхшиси бандалик ва ҳамдни билдирувчисидир”- деганлар. Шунинг учун, Аллоҳ таолога бандалик маъносини англатувчи Абдуллох, Абдуррахмон ва Аллоҳ таолога ҳамд маъносини англатувчи Ҳамидуллоҳ каби исмлар яхши исмлар ҳисобланади. Шунингдек, Пайғамбарлар, саҳобалар ва тобеинлар каби улуғ зотларнинг исмлари ҳам қўйилишга тавсия қилинган яхши исмлар ҳисобланади.

Қизларга ҳам ўтган улуғ момоларимиз саҳобия аёллар ва эзгулик маъносини англатувчи исмларни қўйиш тавсия этилади.

  1. Она имкониятга қараб фарзандига ақиқа қилиб бериши. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Янги туғилган болага ақиқа қилиш бордир. Унинг учун қон чиқаринг ва ундан нопокликни кетказинг?” (Имом Бухорий ривоятлари)

Шаъриятимизга кўра, ақиқани кўриниши шуки, бола туғилганидан кейин 7 (еттинчи) куни сочи олинади ва ўша сочининг оғирлигига тилла ёки кумушнинг қиймати миқдорида фақирларга садақа қилинади.

Ақиқа кунини тайин қилиниши борасида Ойша розияллоҳу анҳу шундай деганлар: Ақиқа еттинчи куни бўлсин. Агар еттинчи куни бўлмаса, ўн тўртинчи куни бўлсин. Агар ўн тўртинчи куни бўлмаса йигирма биринчи куни бўлсин”(7-14-21).

Уломаларимиз айтадиларки, мана шу кунларда ақиқа қилишга отанинг молиявий имконияти бўлмаса, қачон бўлса, ўша пайтда қилиши мумкин.

Шу билан бирга отаси боласини солиҳ ва тақводор киши ҳузурига олиб бориб танглайини кўтариши ҳам марғуб ишлардандир. Танглай кўтариш дегани солиҳ ва тақвадор киши бир хурмо ёки ширин мевани олдин ўзи чайнаб туриб, боласининг оғзига қўли билан солиб қўйишидир. Бу нарса мева бўлгани афзалдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам, деярли, доимо болаларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлар.

  1. Чиройли таълим-тарбия ва одоб-ахлоқли қилиб фарзандни тарбиялаш ҳам ота-оналарнинг бурчларидандир. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳадиси шарифларининг бирида шундай марҳамат қиладилар: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривоятлари).

Демак, ота-она ва фарзанд тарбиялашга масъул шахслар ёш авлодни ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиши каби фазилатлар билан вояга етказишга катта аҳамият қаратишлари – динимиз талабидир.

Рустамхон ЭРГАШЕВ, Оқдарё тумани “Қум” жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 17/10/2023 13:46;   Кўрилганлиги: 194
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/farzand-tarbiyasiga-yoshlarni-ilm-marifatli-bolishiga-masulmiz
Чоп этилган вақт: 21/05/2024 04:15
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг