Фарзанд тарбиясида оиланинг ўрни қанчалик муҳим?
Оила-жамият пойдевори. Фарзандларимиз онгида элу юртга, Ватанга муҳаббат туйғулари оилада, биз яшаб турган маҳалладан шаклланади. Юртимизнинг эртанги куни, тинч ва осойишта ҳамда обод бўлиши энг аввало мана шу кичик жамиятда ўсиб-унаётган фарзандларимизга боғлиқ. Қайси оилада, қайси маҳаллада тарбия яхши йўлга қўйилса, ўша оила, ўша маҳалла гуллаб-яшнайди, эртанги куни тинч ва осойишта бўлади.
Хўш, фарзандларимиз тарбиясида оиланинг ўрни нечоғлик муҳим? Аввало ота-оналарнинг ўзлари фарзандларига юриш-туриш, муомила жиҳатидан фарзандларига ўрнак бўлишлари лозим бўлади. Чунки, оиладаги муҳит ота-она ўз маъсулиятларини ҳис қилиши билан барқарор бўлади. Болаларнинг одобли бўлиб улғайиши учун ота-она билан бир қаторда маҳалла-куй ҳам катта ибрат мактаби ҳисобланади. Халқимиз “Қуш уясида кўрганини қилади”, деб бежиз айтмаган албатта.
Фарзанд тарбиялаётган ота-она ҳар бир ҳаракати, юриш туриши, муомаласи, бошқалар билан ўзаро муносабатида олижаноб фазилатларни намоён эта билиши керак. Чунки бола табиатан ниҳоятда тақлидчан ва кузатувчан бўлади. Шунинг учун унинг атрофдагилари ўз одатлари билан баъзан ўзлари сезмаган ҳолда уларга таъсир қиладилар. Оиладаги қўпол муносабатлар, кўп ёлғон гапириш, ёқимсиз хатти-ҳаракат бола тарбиясига салбий таъсир қиладиган носоғлом муҳитни келтириб чиқаради.
Фарзандларимизни интизомга ўргатишимиз оиламизнинг мустаҳкамлигига асос бўлади. Ислом дини ҳам шу маънода ота-оналарни ўз фарзандларига соғлом тарбия беришга тарғиб қилади.
Пайғамбаримиз (с.а.в) ўз ҳадиси шарифларида “Фарзандларингизни ҳурмат қилинг ва уларни яхши хулқ билан хулқлантиринг” деб таъкидлаганлар.
Ёшларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва инсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғуси шаклланишида, ҳар томонлама баркамол этиб тарбияланишида буюк мутафаккир аждодларимиз мероси катта аҳамият касб этади. Зеро, ҳаётнинг асл мазмун-моҳиятини англаб етишга бутун умрини бағишлаган алломаларимизнинг илмий меросларида ҳам соғлом авлод тарбияси билан боғлиқ масалаларга алоҳида ўрин берилган. Жумладан, Имом Бухорийнинг “ал-Адаб ал-муфрад ҳадислар тўплами, Абу Лайс Самарқандийнинг “Танбеҳул ғофилийн” асарларида фарзандларга юксак инсоний фазилатларни камол топтириш тараннум этилган.
Ота-боболаримиз азалдан ўғил қизларнинг гўзал хулқли, одобли бўлишига катта аҳамият берганлар. Бинобарин, ислом динида ҳам ахлоқ имон қаторига қўйилади.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, мустаҳкам маънавий иммунитетга эга, ўзининг фикрларини бемалол айта оладиган, юқори марраларга эришувчан ёшларни тарбиялаш учун ота-она, оила муҳити жуда катта аҳамият касб этади. Ҳаммамизга маълумки,ёшларнинг маънавий дунёсини заҳарлашга қаратилган турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган бугунги кунда ўзининг кимлигини, қандай бебаҳо мерос ворислари эканини теран англаб, она юртга муҳаббат ва садоқат ҳисси билан яшайдиган, имон-эътиқоди мустаҳкам ёш авлодгина муқаддас заминимизни ёт ва бегона таъсирлардан сақлашга, Ватанимизни ҳар томонлама равнақ топтиришга ўз ҳиссасини қўша олади.
Азизлар! фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз аждодларига, ўз тарихи, Ватани, она тилига ва динига содиқ бўлиб камол топсин.
Исомиддин домла Исаев - Нарпай тумани бош имом-хатиби
Киритилган вақти: 17/10/2022 11:07; Кўрилганлиги: 922
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 05:28