Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Фарзанд тарбияси

 
 

Инсон зоти Аллоҳ таоло томонидан яратилган маxлуқотларнинг ичида энг азиз ва мукаррами ҳисобланади. Маьлумки, барча давлатларда  динидан, миллатидан ва ижтимоий  келиб чикишидан қатьий назар, инсонлар ҳаёт кечиришади.

Жамият — оиладан бошланади. Оиланинг асосини эса, ота-она ташкил қилади. Ота-онани улуғлаш ва уларни қадрлаш, муқаддас ислом динимизнинг кўрсатмаларидан ҳисобланади. Қуръони каримда Аллоx таоло марҳамат қилиб айтади: ”Роббингиз, унинг ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда, ота-онага яxшилик қилишни амр этди.(Эй инсон!)Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга ,,уф”! дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!  Уларга меҳрибонлик билан, xорлик қанотини паст тут ва  (дуода) айт:  ,,Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен xам уларга  раҳм қилгин!” (Исро, 23-24). Шундай экан, фарзанд ота-онанинг қадрига етиши  учун, ота-она xам ўз фарзандларини юқоридаги оят мақомида тарбиялаши лозим. Бу ҳақида Пайгамбаримиз (Саллаллоҳу алайҳи васаллам) ушбу ҳадиси муборакларида: ,,Ҳар бирингиз тарбиячисиз ва ҳар бир тарбиячи қўл остидагиларга жавобгардир»,  деб марҳамат қилганлар.

Шариат таьлимотлари бўйича, ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчларидан бири оила қуришдан аввал муносиб умр йўлдошни танлашда фарзандига ёрдам беришидир. Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: ,,Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: ,,Уруғларингизга иxтиёрни яxши қилинг. Тенгни никоҳингизга олинг ва ўшаларга никоҳланинг’’, дедилар. Ибн Можа ривоят қилган. Ушбу ҳадисни бугунги кунда ҳаётимизга татбиқ этишда, ёш оила қурувчиларга ўзларига муносиб жуфт танлаш борасида ота-она биринчи ёрдам бурувчилардир. Миллий қадриятларимиздан ҳисобланган бу анъана ўзбек халқининг асрлар давомида келаётган гўзал удумларидандир. Зеро, фарзандларнинг ақлли бўлишлиги муносиб жуфтга боғлиқдир. Фарзанд дунёга келгандан сўнг, оналарининг энг мўътабар вазифаси фарзандни икки йил эмизишидир.

Ота-она фарзандларига маьнодор, чиройли, муносиб исм қўйиши  керак.  Абу  Дардо розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расуллуллоҳ  саллоллоҳу алайҳи васаллам  дедилар: ”Албатта, Қиёмат куни ўз исмларингиз ва оталарингизнинг исми ила чақирилурсиз.  Бас, исмларингизни гўзал қилинг’’.

Боланинг ўнг қулоғига   азон,  чап қулоғига  такбир айтиш, боланинг танглайини кўтариш,  ақиқа қилиш,  вояга етган сари одобли, илму — маьрифатли ва касб-ҳунарли қилиб тарбиялаши, мустақил ҳаётга тайёрлаб, жамиятга манфаатли инсон бўлишига эътибор қаратмоғи лозим.

Маьлумки,фарзанд тарбияси мураккаб жараён ҳисобланади. Шунинг учун ота-она фарзанд тарбиясида ниҳоятда ҳушёр бўлиши керак.

Бу тўғрисида   ўзбек  мумтоз адабиётининг номаёндаси ҳазрат А.Навоий ўзининг ,,Xазоинул маоний’’ асарида:

Одам асрорининг ижмолини қилдинг тафсил

Мундин эркинки дединг ,,ал валаду сирру абиҳ’’.

Мазкур байтда келтирилган ,,ал валаду сирру абиҳ’’ ибораси ҳадис бўлиб, ,,бола ота-онанинг сиридур’’деган маьнони билдиради. Кўриниб турибдики, ота-она оилада боладан ҳеч нарсани яшира олмайди ва шу асосда фарзанд тарбия топади.

”Қуш уясидаги кўрганини қилади’’, деган  мақол бежиз эмас. Ота-она асосий тарбиячи ҳисобланади. Педагогларнинг айтишича: “Тарбиячи болани тарбиялаш учун ўзи тарбияланган бўлиши керак’’.

Мамлакатимиз ўз мустақиллигини қўлга киритган йилданоқ болалар ва ўсмирларнинг жисмонан соғлом ва бақувват, руҳан баркамол инсон бўлиб етишишлари учун барча шароитларни муҳайё қилишга катта эьтибор қаратди.

Маьлумки,баркамол авлодни тарбиялашда оиланинг барқарорлиги энг муҳим омиллардан ҳисобланади.

Фарзандларимизга бундай катта эьтибор ва ғамҳўрликларга муносиб бўлишларини уқтирайлик.

Фарзандларимиз ота-онаси, оила, эл-юрт олдидаги бурчи ва маьсулиятини доимо ҳис қиладиган комил инсон бўлиб етишишида Аллоҳ таолонинг ўзи мададкор бўлсин!

Xидиров    Нурбек,

«Кўк тўнли бобо» жоме масжиди имом-хатиби          


Киритилган вақти: 11/09/2020 09:47;   Кўрилганлиги: 959
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/farzand-tarbiyasi
Чоп этилган вақт: 19/05/2024 08:34
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг