Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Эзгулик ёвузлик устидан доимо ғалаба қилиб келган

 
 

Динимиз тарихига назар солар эканмиз, яна шунга амин бўламизки, соғлом идрок, соғлом ҳақиқат ва ғоялар сохта ғоялар устидан ҳамиша ғалаба қозониб келган. Ислом динимиз ривожига буюк ҳисса қўшган бобокалонимиз Абу Мансур Мотуридийнинг илмий меросида сохта ғояларга қарши иш олиб борган курашини кўриш мумкин. У кишининг «Китоб ат-тавҳид» асарида сохта таълимотларга эргашишни олдини олишда ишончли далиллардан келтириб, бу йўлдаги барча хатоликлар сабабини аниқ кўрсатиб берганига гувоҳ бўламиз: «Таассуб, бу кўр-кўрона тақлид бўлиб, у жуда кенг тарқалган иллатдир, яъни бунда жуда кўпчилик бирон-бир маънавий ёки диний йўлбошчига, унинг фикрлари мазмун-моҳиятини тушунмаган ҳолда қўшилишга енгиб бўлмас мойиллик билдиради.

Мана шу сабаб натижаси ўларок, ҳар бир фирқа ва ҳар бир йўналиш шу пайтга қадар ўз тарафдорларига эга бўлиб келмоқда. Бу мухлислар қачондир қабул қилинган сохта таълимотга садоқатда қатъийлик намойиш этмоқдалар ва яна ўзларини ҳақиқатнинг ягона эгалари ҳисобламоқдалар», — деган фикрлари бугунги диний-экстремистик гуруҳларга айтилгандек сезилади.

Мотуридий бобомиз ўша даврдаги ислом ичидаги сохта оқим ва фирқаларнинг ҳақиқий моҳиятини очиб берган. Бундай оқимлар ўша даврда ҳам кўп бўлган. Шунга қарамасдан эзгулик билан ёвузлик жамиятда ҳамиша ёнма-ён курашиб, бу курашда эзгулик ғалаба қилиб келган.

Шу маънода бугунги жаҳолат йўлига кирган, динни ниқоб қилиб олган ҳалқаро терроризмга қарши курашдаги маърифий йўлларидан бири ўзбек халқининг миллий ва ислом диний қадриятлари, уларга таяниб, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, аждодларга садоқат, зўравонликка нафрат руҳида тарбияловчи, уларни эзгулик ва бунёдкорликка даъват этувчи битмас-туганмас куч-қудрат манбаи сифатида қаралиши лозим.

Улар нафақат мафкуравий бўшлиқнинг юзага келишига, балки минг йиллардан бери ҳалол меҳнати ва оламшумул кашфиётлари билан жаҳон тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган ўзбек халқининг ҳарактерли хусусияти (менталитети) га тамомила зид бўлган террорчилик ғояларининг кириб келиши ва ёшлар онгини заҳарлашга қарши қаратилган мустаҳкам қалқон бўлиб ҳизмат қилиши мумкин.

Бугунги кунда ислом динининг қанчалик инсонпарвар, меҳр-шафқатга чақирадиган, тараққийпарвар ва маърифатпарвар динлигини ёшларимиз англаб етгандагина турли ислом ниқобидаги экстремистик жаҳолат йўлига кирган ғоявий кучларга нафрат билан қарайди.

 Абдулло Раҳмонов - ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги ходими


Киритилган вақти: 05/09/2023 15:49;   Кўрилганлиги: 623
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/ezgulik-yovuzlik-ustidan-doimo-galaba-qilib-kelgan
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 03:25
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг