Энг яхши ифторлик риёдан холи бўлганидир
Рамазон ойи кириши билан бутун Ислом оламида ўзгача руҳ пайдо бўлади. Ибодат, Қуръон тиловати, хайру эҳсонлар мавсуми бошланади. Кун бўйи Аллоҳнинг розилиги учун ўзини еб-ичишдан, шаҳватдан, ҳатто кўз, қўл, қулоқ, қалб, борингки бутун вужудини гуноҳ ишлардан сақлаб, тақвода, одоб-ахлоқда кунини ўтказган киши чин маънодаги рўзадор сифатида қуёш ботганидан сўнг ифторлик қилади. Мана шу дақиқалар мўмин киши учун энг хурсанд бўладиган онлар ҳисобланар экан.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло: Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен - Ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, уят гапларни гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. У ик-кисига ҳам етишади. Қачон ифтор қилса хурсанд бўлади ва қачон Роббиси ҳузурига борганда рўзаси туфайли хурсанд бўлади”, дедилар”.
Демак, мазкур икки хурсандлик фақат рўза тутган кишилар учунгина бўлади. Бу ҳам Рўзанинг буюк фазилатларидан. Рўза тутиб, ўзи учун ифтор қилган кишига шунча хурсандчилик. Ўзгани ифтор билан сийлаган кишининг ажри хусусида эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бу билан рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас”, дедилар (Имом Термизий ривоят қилганлар).
Бу унинг ўзи рўза тутмаса бўлади, дегани эмас. Чунки рўза фарз ибодат ҳисобланади. Бу ҳадис ифторлик қилиб беришнинг қанчалик савоби улуғ иш эканини билдириш учун айтилган.
Дарҳақиқат, бир рўзадорнинг савобини қўлга киритиш катта амал. Лекин масаланинг бошқа жиҳати ҳам борки, уни эътибордан четда қолдириб бўлмайди. У ҳам бўлса ифторлик маросимларида исрофгарчилик қилиш, кимўзарга, дабдабага берилиш иллатидир. Бунда ҳадисда айтилган мақомга кўтарилиш, рўзадор эришган савобни қўлга киритиш учун ифторликни дабдаба билан, исрофгарчиликка йўл қўйиб ўтказиши, кафе-ресторанларга юзлаб одамларни чақириши шарт эмас. Ифторлик бир пиёла сув ёки чой, бир коса овқат билан ҳам бўлади.
Аммо, афсуски, орамизда ифторлик қилиш билан ўзини халққа кўз-кўз қилувчилар, риёга интилувчилар кўпайиб бормоқда.
Рамазон тақво, меҳр-мурувват ва саховат ойидир. Албатта, бу саховат ўз ўрнида қилингани маъқул. Меҳрга, эътиборга, моддий таъминотга муҳтожлар бир четда қолиб, қорни тўқлар, бой-бадавлат кишиларни ифторликка чақиришдан не фойда? Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида шундай дейдилар:
“Таомнинг энг ёмони бойлар даъват қилиниб, камбағаллар тарк қилган валийма (бировга таом бериш маросимлари) таомидир”, деганлар.
Аллоҳ розилиги учун қилинадиган амални камтарона, исроф ва дабдабадан сақланган ҳолда ўтказиш, ниятни холис қилиш, одамларнинг маломатию мақтовларини ўйламай, холис Аллоҳ учун қилиш талаб этилади.
Аллоҳ таоло барча амалларимизни хайрли ва мақбул айласин!
Киритилган вақти: 07/05/2019 00:00; Кўрилганлиги: 1654
Чоп этилган вақт: 12/12/2024 10:11