Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Эл бошига иш тушганда

 
 

Ҳақиқатдан ҳам бугун бутун жаҳон халқлари шу жумладан Ўзбекистон аҳлининг бошига иш, синов тушган пайт. Бу синовдан ҳар биримизнинг қандай ўтишимиз, иймон эътиқодимизга, элимиз, юртимиз қолаверса оиламиз олдидаги масъулиятимиз ва қилган яхши ёмон амалларимизга боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Мана шундай синовли кунларда Жомбой туман маҳаллаларида фаолият олиб бораётган отинойиларимиз ҳам бир четда қараб турмасдан, имкон қадар аҳоли ўртасида бу балодан қутилиш учун аввало карантин қоидаларига жиддий амал қилиш, ўзаро-меҳр оқибатни кучайтириш, кумакка муҳтож оилаларга меҳр-саҳоват кўрсатиш, бир-бири билан жанжаллашган, аразлашган оилаларни яраштириш борасида иш олиб бормоқдалар. Жумладан: “Саричашма “маҳалла фуқаролар йиғинининг отинойиси, бир қанча шеърий китобларнинг муаллифи Бибиражаб Элбекова халқимизни бирдамликка, савоб ишларни кўпроқ қилишга, синовлар олдида тушкунликка тушмасликка тарғиб қилувчи шеърлари билан бирга, маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорликда оилавий ва қўни-қўшни ўртасида содир бўлган нотинчликларга барҳам бериш борасида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.

Шунингдек “Тошкент” маҳалла фуқаролар йиғини отинойиси Химоятхон Сатимова хам маҳалласидаги боқувчиси бўлмаган 2 нафар вояга етмаган фарзандлари бўлган оилани 5 йилдан буён ўз ҳимоясига олиб, моддий ва маънавий жиҳатдан қуллаб қувватлаб келмоқда.

Шу маҳаладаги оғир ҳасталикка чалинган аёлнинг оиласига маҳалладаги саҳоватпеша инсонларни жалб қилган ҳолда 1 миллион пул ва озиқ овқат маҳсулотларини етказиб берди.

Яна бир оила, турмуш ўртоғи вафотидан сўнг тушкунликка тушиб ичкиликка ружу қўйган бир фуқарони маҳалла билан хамкорликка даволаниши учун норкология шифоханасига жойлаштиришни ташкил қилди ва бу инсоннинг оиласига кўрпа – тўшак, вояга етмаган фарзандларига озиқ-овқат маҳсулотларини эҳсон қилди.

“Катта қишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият олиб бораётган отинойиларимиз Хўжамуродова Насиба ва Сайдуллаева Махфиратлар хам шундай жонкуяр, фаол отинойиларимиздан. Улар ҳам маҳалла фуқаролар йиғини билан мунтазам равишда ҳамкорликда ишлаб, махалладаги нотинч оилаларни яраштириш билан бирга, нотинчликларни олдини олиш борасида хам тинмай иш олиб боришади. Шу мақсадда маҳаллада янги кулин тушган оилаларга бориб, оила аъзолари, қайнона-келинлар иштирокида, оила муқаддаслиги, оила тинчлиги, оилада меҳр-оқибат, ўзаро хурмат туйғуларининг бардавомлигида оиладаги аёлларнинг ўзаро муносабатлари муҳум аҳамиятга эга эканлиги тўғрисида суҳбатлар ташкил қилишади. Яқиндагина шундай суҳбатлардан иккита келин туширган "Гул" қишлоғида истиқомат қилувчи Хидирова Раънохоннинг ва “Катта қишлоқ” да истиқомат қилувчи Шамсиева Наргизахонларнинг оиласида бўлиб ўтди.

Бундай фидоий отинойиларимиздан кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин, масалан: “Холвойи” маҳалла фуқаролар йиғини отинойиси Асолат Аҳадова хам махалла билан ҳамкорликда юртимизга келган бу балони йўқотишда, ундан сақланишда, озодалик, покизалик, инсон ўзи билан бирга ховли жойини хам покиза сақлаши кераклиги тўғрисида тинмай тушунтириш ишларини олиб бомоқда.

Тўғрида, юртимиз раҳбарияти, шаҳсан юртбошимиз Ш.Мирзиёевнинг ҳар бир инсон ҳаёти учун жон куйдириб, кунни тунга улаб ҳар бир фуқаромиз ҳаёти учун барча имкониятларни ишга солаётган кунда биз отинойилар четда турсак ярашмайди.

Бас шундай экан, баъзи бир масъулиятни унча ҳис қилмаётган айрим отинойиларимиз ўзларининг ҳақиқий диний ва дунёвий илмга эга бўлган, зиёли, етакчи отинойи эканликларини амалда курсатсалар, эл бошига тушган бу балони даф қилишга ўз ҳиссаларини қўшсалар нур устига нур бўлар эди.

Албатта ҳар бир синов ва оғир кунларнинг ортида енгиллик ва яхшиликлар келиши муқаррар, иншаа Аллоҳ, Яратганннинг иродаси, давлатимиз ва халқимиз бирдамлиги натижасида, айрим хато камчиликларимиздан тўғри хулоса чиқариб, кўпроқ эзгу амаллар қилишга бел боғлаб, бу балони енгишимизга ишончим комил!

Б.Қўчқарова - Жомбой туман бош отинойиси


Киритилган вақти: 21/07/2020 09:16;   Кўрилганлиги: 834
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/el-boshiga-ish-tushganda
Чоп этилган вақт: 18/05/2024 17:03
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг