Экстремизм ва ундан кўзланган мақсад
ХХI асрнинг глобал муаммосига айланган халқаро терроризмга қарши кураш ҳануз долзарблигича қолмоқда. Террорчиликка ихтисослашган трансмиллий уюшган жиноий гуруҳлар фаолият кўламини кенгаймоқда. Афсуски, халқаро террорчилик хавфининг ўсиши бегуноҳ инсонлар кўраётган жисмоний ва маънавий зарарнинг ортиб бораётганлигида намоён бўлиб бормоқда. Эндиликда тинчлик ва барқарорликка таҳдид солувчи куч сифатида халқаро экстремизм ва террорчилик жаҳон саҳнасига чиқмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг мустақил давлат сифатида халқаро муносабатларда иштирок этиши, жаҳон хамжамиятига интеграциялашуви, тинчликпарвар сиёсати экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича давлатлараро ҳамкорлик, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга оид бир қанча ишлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Респубикаси ўзининг геосиёсий ҳолати, Марказий Осиёдаги роли ва ўрнини эътиборга олган ҳолда бу ерда тинч-тотувликни сақлаш тамойилларини сақлаш тўғрисида қайғурмоқда ва халқаро терроризмга қарши курашдаги иштироки минтақавий ташкилотлардаги фаолиятида ҳам ёрқин номоён бўлмоқда. Жумладан, Ўзбекистон ЕХҲТ, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ), Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ), Марказий Осиё Ҳамкорлиги (МОҲ) ташкилоти каби бир қатор минтақавий ташкилотлар доирасида қабул қилинган экстремизм ва терроризмга қарши қаратилган шартномаларни бажаришда фаол қатнашиб келмоқда. Зеро, Ўзбекистон Республикасининг ушбу шартномаларда қатнашиши унинг ички ва ташқи сиёсатининг мантиқий давомидир.
Бугунги глобаллашув жараёнида жаҳонда инсон қалби ва онгини эгаллаш учун кураш тобора кучайиб бормоқда. Бу ҳол ҳозирги кунда дунёнинг мафкуравий манзарасини белгилаб бермокда.
XXI асрда дунёнинг ялпи хавфсизлигига таҳдидлар сифатида қўйидагиларни энг долзарб масалалари сифатида санаб ўтсак бўлади:
- Минтақавий можаролар.
- Экстремизм ва фундаментализм.
- Буюк давлатчилик шовинизми ва агрессив миллатчилик.
- Этник ва миллатлараро зиддиятлар.
- Коррупция ва жиноятчилик.
- Маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик муносабатлари.
Аслида, дунёдаги асосий динлардан бири бўлган Ислом дини моҳият – эътибори билан адолат мезони сифатида жаҳон динлари орасида алоҳида аҳамият ва қадриятга эга. Қуръони каримнинг барча оят ва суралари, Ҳадиси шарифларида келтирилган барча манбалар ана шу адолатни бир жиҳатдан асословчи, иккинчи жиҳатдан эса, мусулмонларнинг турмуш тарзини белгиловчи илоҳиёт ҳисобланади, шунингдек, инсоннинг давлатга муносабати, жамиятда, инсонлар орасида вужудга келган муносабатлар, уларнинг қадрият мезонлари фақат бир нарсага, у ҳам бўлса адолатга қаратилган.
Бизга маълумки, Марказий Осиё халқлари ижтимоий-фалсафий фикр тарихида муҳим ўрин эгаллаган тасаввуф таълимотининг инсонпарварлик, диний бағрикенглик ва адолатпарварлик туйғулари билан йўғрилган ғоялар ҳам диний мутаассиблик, динлараро ва мазҳаблараро адоват ва низоларга қарши қаратилганлиги билан диний ақидапарастлик, фундаментализм ва экстремизмнинг зарарли мафкурасини фош қилишда катта ижтимоий-маънавий аҳамият касб этиши мумкин.
Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида «Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади», деган эди. 2018 йилнинг 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюция қабул қилинди.
Қуръони Каримнинг “Ҳуд” сураси 113-оятида “Зулм (ноҳақлик) қилганларга суянмангиз, токи сизларга (дўзахдан) олов етмасин!”, дейилган. Ҳозир бутун дунё уламолари террорчи гуруҳларнинг исломга умуман алоқаси йўқ экани ҳақида фатво бермоқдалар.
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам “Мусулмон мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кишидир”, деб марҳамат қиладилар.
Имом Термизий Абу Сирмадан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким зарар етказса, Аллоҳ унга зарар етказади. Ким машаққат туғдирса, Аллоҳ уни машаққатга қўяди”, деганлар.
Илм ўрганиб, исломни кенгроқ тушуниб, инсонларни даҳшатга солувчи экстремизм ва терроризмнинг мақсадларини англаш давр талабадир.
М.Палванов
Самарқанд шаҳар "Шохи Зинда" жомеъ масжиди имом-ноиби
Киритилган вақти: 18/09/2023 08:47; Кўрилганлиги: 808
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 04:48