Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Экстремистик ва террорчи гуруҳлар ўз ҳаракатларини “шаръий” деб исботлаш учун ўзларини “мужтаҳид” деб эълон қилиши тўғрими? (2-мақола)

 
 

Бугунги кунда мужтаҳид даражалари хусусида бир қанча фикрлар мавжуд бўлиб, улар бир-биридан жузъий ҳолатдагина фарқ қилади. Ҳанафий мазҳаби манбаларига кўра, мужтаҳидлик даражалари қуйидаги қисмларга бўлинади:

“Мужтаҳид фи-ш-шариъа” ёки “мутлоқ мужтаҳид” – Қуръон ва сунна асосида усул-л-фиқҳ ишлаб чиқади. Ҳамда шариъат саволларига жавоб беради. Бу тоифа уламоларга тўрт мазҳаб асосчилари киради;

“Мужтаҳид фи-л-мазҳаб” (мазҳаб ичидаги мужтаҳид) – ижтиҳод даражасига эришган, бироқ у ўзи усул ва қоидаларини ишлаб чиқмайди, балки, бирор мазҳаб асосчисининг йўлидан боради. Бунга Имоми Аъзамнинг (р.а) шогирдлари Имоми Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад Шайбонийларни келтириш мумкин;

“Мужтаҳид муқайяд” ёки “Мужтаҳид фи-л-масаил” (муайян масалалар мужтаҳиди) – мазҳаб боши томонидан жавоб берилмаган янги масалалар юзасидан мужтаҳид мутлоқ ишлаб чиққан усуллар асосида ижтиҳод қилади. Бу тоифага Имом Таҳовий, Имом Сарахсий ва Имом Кархий каби уламолар киради;

“Мухарриж” – ўзлари мустақил равишда ижтиҳод қилаолмайди, лекин, мужтаҳидлар томонидан билдирилган, кўринишидан икки ҳил тушуниш мумкин бўлган ижтиҳодга аниқлик киритади. Бунга мисол тариқасида Имом Розий ва Имом Журжонийларни келтириш мумкин;

“Муражжих” – бу тоифа уламолар ҳам ижтиҳод қилишга қодир бўлмаса-да, бир масалада мужтаҳиднинг икки ҳил фикри бўлса, далиллларга таянган ҳолда улардан бирини танлайди. Бунга Имом Қудурий ва Имом Марғинонийларни киритиш мумкин;

“Фатво мужтаҳиди” – бу тоифа мужтаҳидлар ўз мазҳаблари ичидаги масалаларни яхши ўзлаштирган ҳамда ўз фаолияти давомида улардан кенг фойдаланадиган уламолардир. Бунга Имом Хаскафий ва ибн Обидин каби фақиҳлар мансубдирлар.

Мужтаҳид томонидан бирор маса юзасидан чиқарилган ҳукм “Фатво” деб аталади. “Фатво” арабча сўз бўлиб, “саволга жавоб бериш”, “шариъат масалалари юзасидан фатво чиқармоқ”, “маслаҳат бермоқ”, “муфтийнинг хулосаси”, маъносини англатади. Истилоҳда эса, сўраган кишига шаръий далил асосида ҳукм чиқаришга нисбатан қўлланилади.

Луғавий жиҳатдан фатво берувчи инсон “Муфтий” деб аталади. Бу борада олимлар бир қанча фикрларни билдиришган. Жумладан, Имом Қарафий шундай дейдилар: “Муфтийлар Аллоҳ таолонинг таржимонларидир. Чунки, улар нассга таянган ҳолда ҳукм чиқарадилар”. Имом Шотибий эса: “Муфтийлар уммат учун Расулуллоҳ (а.с) мақомларида бўладилар. Бунга далил қилиб юқорида айтилган: “Олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам эмас, балки, илмни мерос қилиб қолдирганалар”, деган ҳадисни келтирадилар”, деб шарҳлаганлар.  (давоми бор)

                                                                           ЎМИ Самарқанд вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов тайёрлади


Киритилган вақти: 11/07/2020 11:38;   Кўрилганлиги: 786
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/ekstremistik-va-terrorchi-guruhlar-oz-harakatlarini-shariy-deb-isbotlash-uchun-ozlarini-mujtahid-deb-elon-qilishi-togrimi-2-maqola
Чоп этилган вақт: 18/05/2024 12:52
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг