Эҳсон фазилати
“Имон келтирган бандаларимга айтинг, намозни тўкис адо этсинлар. Савдо-сотиқ, ошна-оғайнигарчилик бўлмайдиган Кун келмасдан олдин уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан махфий ва ошкор инфоқ-эҳсон қилсинлар” (Иброҳим сураси, 31-оят).
Аллоҳ таоло мўминларга энг аввало намозни тўкис, барча рукинларига амал қилган ҳолда ва ўз вақтида адо этишни буюрмоқда. Кейин эса қиёмат келмасидан туриб Аллоҳ берган нарсалардан атрофдагиларга ҳоҳ ошкора, ҳоҳ махфий инфоқ-эҳсон қилишни амр қилди. Араб тилидаги “эҳсон” сўзининг маънолари кўп. “Эҳсон” деганда одатда бировга бирор неъматни бериш ва фазлу карам кўрсатиш тушунилади. Лекин “эҳсон” сўзи луғатда “яхшилик қилиш, эзгулик кўрсатиш”, маъналарини ҳам англатади. Қуръонда эҳсоннинг фазилати ҳақида зикр этиш баробарида эҳсон қилувчиларга бериладиган савоб-мукофотлар, уларга етадиган манфаатлар ҳам баён этилган. Ҳақиқатан, бирор кишига бир нарсани эҳсон қилсангиз ёки унга бирор яхшилик кўрсатсангиз, бундан дилингиз равшан тортади, руҳий хотиржамлик юзага келади, ўзгаларга манфаат етказганингиздан хурсанд бўласиз. Энг асосийси, кимга яхшилик қилсангиз, Аллоҳ таоло уни ўзингизга ўн баробар қилиб қайтаради.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизлари Фотима онамиз бир куни касал бўлиб қолдилар. Негадир кўнгиллари анор тусади. Буни эрлари-ҳазрати Алига айтдилар. Ҳазрати Алий бозорга чиқиб, бир дона анор сотиб олдилар. Чунки пуллари фақатгина биттагина анорга етди. Бозордан қайтаётсалар, йўлда тиланчи учраб, қўлларидаги анорни сўради. Имон ва ҳаёлари қўймай, анорни иккига бўлиб, ярмини гадога бердилар. Тиланчи хурсанд бўлди. Уйга келиб, ҳазрати Алий анорнинг яримини аёлларига бердилар ва узр сўрадилар. Ҳазрати Фотима узрни қабул қилиб: “Аллоҳ сиздан рози бўлсин, ажр-мукофот берсин” , дедилар.
Орадан ҳеч қанча фурсат ўтмаган ҳам эдики, эшик тақиллаб қолди. Ҳазрати Алий очиб қарасалар, эшик олдида Салмон Форсий турибдилар. Қўлларидаги идишда тўққиз дона анор. “Бу анорларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бериб юбордилар” деди. Салмон. “Бўлиши мумкин эмас, агар Расулуллоҳ бериб юборганларида ўн дона бўлиш керак эди, чунки Аллоҳ бир яхшиликка ўн яхшилик берилади”, деган. Шунда Салмон Форсий чўнтакларидан ўнинчи анорни чиқариб: “Баракот учун олиб қолган эдим”, деди.
Ҳа азизилар, биз қиладиган ҳар қандай эҳсонимизни холис амалга оширсак унинг мукофотини Парвардигоримиз ўн баробар балки, ундан ҳам зиёда қилиб қайтаради.
З.Эшонқулов - ЎМИ Самарқанд вилоят вакили (манбалар асосида)
Киритилган вақти: 26/11/2019 17:39; Кўрилганлиги: 1495
Чоп этилган вақт: 12/09/2024 11:56