Дунё имтиҳонлар ҳовлиси ва синовлар уммонидир
Севикли биродарим! Бу дунёга келган кунингиздан бошлаб сиз имтиҳону синовлар гирдобига ташланган бўлдингиз. Агар Аллоҳ сизга мол-давлат ато этган бўлса, билингки, сиз синовлар уммонидасиз. Агар сиҳат-саломатлик ато этган бўлса, билингки, яна имтиҳондасиз. Агар Аллоҳ сизни шак-шубҳалар ва тангликларга дучор этган бўлса, билингки, бу ҳам бир имтиҳон.
«Биз сизларни (сабр-тоқатларингизни синаш учун) ёмонлик билан ҳам, (шукр қилишингизни билиш учун) яхшилик билан ҳам «синаб» имтиҳон қилурмиз» (Анбиё: 35). Бу дунё имтиҳон ҳовлисидир, синовлар уммонидир. У абадий ўрнашиш ҳовлиси эмас, йўқлик ва заволга юз тутиш ҳовлисидир.
Аллоҳ таоло айтади: «Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулги, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдир, холос. (У) худди бир ёмғирга ўхшарки, унинг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани деҳқонларни хайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр). Сўнгра у қурир, бас уни сарғайган ҳолда кўрурсиз. Сўнгра у қуруқ чўп бўлиб қолур. (Ҳаёти дунёнинг ҳоли ҳам шундан ўзга эмасдир). Охиратда эса (ўша тўрт кунлик дунёга алданиб қолганлар учун) қаттиқ азоб ва (иймон-эътиқод билан ўтганлар учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Ҳаёти дунё эса фақат алдовчи матодир» (Ҳадид: 20).
Аллоҳ таолонинг ушбу ҳовлидаги ҳукми шудир.
Дунё ҳаёти ҳар қанча узун бўлмасин, барибир қисқадир, ҳар қанча улкан бўлмасин, барибир ҳақирдир. Зотан, тун ҳар қанча узоқ давом этмасин, тонг отиши аниқ, умр ҳар қанча узоқ бўлмасин, қабрга киришдан бошқа чора йўқ..
Амиров Тўлқин тайёрлади
Киритилган вақти: 22/12/2021 09:31; Кўрилганлиги: 785
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 04:50