Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Динийлик ва дунёвийлик Ислом нигоҳида

 
 

Бугунги кунда турли мутаассиб кучлар томонидан динийлик ва дунёвийлик нисбати бузиб талқин қилиниб, давлатга оид дунёвий ишлардан динни ажратиш даҳрий давлат ва ахлоқсиз жамият қуришга олиб келиши ҳақидаги нохолис даъволар тобора кўпроқ янграмоқда.

Мусулмонларнинг дунёвий давлатда яшаши мумкинлиги илмий исботлар талаб қилмайди. Нафақат Ғарбий Европа, Америка ва Австралиядаги аҳолининг озчилигини ташкил қилувчи мусулмонларнинг тажрибаси, балки аҳолисининг мутлақ кўпчилиги мусулмонлардан иборат Туркия ёки Ўзбекистон тажрибаси ҳам шундан далолат беради.

Аммо айрим гуруҳларнинг сиёсат билан дин ажралмасдир, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари ислом дини қоидалари асосида бошқарилиши керак, деган демократия тамойилларига зид даъволари бирёқлама кайфиятларни уйғотмоқда.

Виждон эркинлиги барча демократик тизимларда кафолатланган ва Инсон ҳуқуқлари ҳақидаги ҳалқаро декларацияда белгилаб қўйилган муҳим ҳуқуқ ҳисобланади.

Дунёвийлик тушунчасини динийлик билан мутлақ қарама-қарши қўйиш тўғри эмас. Маълум маънода, динийлик ва дунёвийлик бир-бирига мутлақ зид тушунчалар ҳам эмас. Улар дунё ва инсон ҳаётининг моҳиятига турлича қараш усулларидир. Дунёвийлик тушунчасида диний ташкилотларни сиёсий ташкилотлардан ажратиш ва динийликни барча учун асос қилиб олмаслик тамойили туради. Диндорлик эса қалбга боғлиқ ҳиссиёт. Уни барчага мажбурий сингдириш ҳеч қайси диний тамойилларга тўғри келмайди. Дунёвий тараққиёт йўлини тутган давлатларда гарчи дин давлатдан ажратилган бўлсада, жамиятдан ажралмаган. Миллий ва диний қадриятлар халқлар маънавий қиёфасининг муҳим қисмларидан ҳисобланади.

Ислом динида дунёвийликка динга ёт тушунча сифатида қаралмайди. Ислом динининг муқаддас манбалари – Қуръони карим ва Суннада ҳам дунёвийлик тамойиллари асосини кўришимиз мумкин. Жумладан, Бақара сураси 201-оятда: Яна шундайлари ҳам борки, улар: «Эй, Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин», – дейдилар.

Ушбу оятда инсон бу дунёси учун ҳам ҳаракат қилиши кераклигига ишора қилинади. Қуръони каримдаги “Динда (динга) зўрлаш йўқ” (Бақара, 256) оятида дунёвийликнинг энг муҳим асосларидан бири мужассам бўлган. Унга кўра диний ҳаёт тарзини мажбурлаб сингдириш мумкин эмасдир. Ушбу оятнинг сўнгги нозил бўлган оятлардан экани ҳам алоҳида эътиборга молик.

Шунингдек, “Қасас” сурасида баён қилинган: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин” (Қасас, 77) ояти каримани Абу Лайс Самарқандий “Бу дунёдаги насибангни тарк қилмагин, токи охиратинг учун хизмат қилсин” дея тафсир қилган.

Мазкур оятда охиратни ёдда тутган ҳолда, бу дунё неъматларини ҳам ёддан чиқарма, дейилмоқда. Чунки сенда тананг, оиланг, қўни-қўшни, жамият, қўл остингдагиларнинг ҳаққи бор, ҳар бир ҳақдорнинг ҳаққини адо этиш керак.

“Каҳф” сураси 29-оятида: Айтинг: «(Бу Қуръон)  Раббингиз (томони) дан  (келган) Ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши имон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин», деб марҳамат қилинади. Бу оятда ҳам ҳар бир инсон имон келтириш масаласида ихтиёрли экани, ўз амали учун ўзи масъул бўлиши таъкидланади.

Шулар билан бирга Қуръонда кўплаб оятлар дунёвий масалаларни ҳам қамраб олади. Мисол тариқасида, Қуръондаги энг катта оят ҳам айнан дунёвий масала – қарз олди-бердиси ҳақидаги “Бақара” сурасининг 282-ояти бўлиб, унда масаланинг моддий ва маънавий жиҳатларига эътибор эътибор қаратилган.

Пайғамбар (а.с.)нинг ҳаёт йўлини ўрганган уламолар у ердаги дунёвийликка эътибор берилган нуқталарни алоҳида ўрганганлар. Муҳаммад (а.с.) диний масалаларда барчага муаллим бўлсалар ҳам, дунёвий масалаларда мутахассисларнинг фикрларига қулоқ тутардилар. Худди шунга ўхшаш “хурмо чанглатиш” ҳақидаги ҳадисда ҳам Пайғамбар (а.с.) дунёвий ишларида соҳа мутахассисларининг фикрига таяниш кераклигига ишора қилганлар. Жумладан, Имом Муслимнинг Анас (р.а.)дан келтирган ривоятда:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам (хурмо) чанглатаётган бир қавмнинг олдидан ўтаётиб, буни қилмасангиз ҳам бўлаверади, дедилар. Ўша йили ҳосил ёмон чиқди. У зот яна ўшаларнинг олдиларидан ўтаётиб, хурмоингизга нима бўлди? деб сўрадилар.Улар, шундоқ, шундоқ, деган эдингиз… деб айтдилар. У зот: «Сизлар дунёнгиз ишини билувчироқсиз» дедилар.

Яъники, Расулуллоҳнинг баъзи гаплари динийдан кўра тажрибавий асосга ёки шахсий раъйга таянган. Шунинг учун ҳам саҳобийлар Расулуллоҳнинг баъзи амрлари борасида “шахсий фикрингизми ёки Аллоҳнинг амрими?” деб сўрар эдилар. Шахсий фикрлари бўлса, унда баъзан бошқа афзалроқ вариант таклиф эта олардилар. Расулуллоҳ (а.с.) бундай таклифни қабул қилиб, ўз раъйларини ўзгартирар эдилар. Яъни шу дунёвий соҳа мутахассисининг фикрини албатта инобатга олар эдилар.

Расулуллоҳ (а.с.)дан кейин чоҳорёрлар ҳам шу йўлни тутдилар. Ҳазрати Умар (р.а.) “Сизларнинг яхшингиз у дунё ва бу дунё учун ҳаракат қилганингиздир” деб алоҳида таъкидлаган. У зот масжидда эртаю-кеч ибодат билан машғул бўлган ёшларни таёқ билан уриб ҳайдаб, дунёвий иш билан шуғулланишга чақиргани ривоятларда машҳурдир. Али (р.а.) эса “Бу дунё учун абадий яшайдигандек, охиратинг учун эртага вафот этадигандек ҳаракат қил” деб марҳамат қилган.

Ҳозирги замонавий давлатлар ҳам ўз пойдеворини эътиқодий тамойиллар эмас, балки фуқаролик негизига қурадилар. Юқорида келганидек, “Мадина саҳифаси”да ҳам деярли шундай тамойиллар назарда тутилган эди. Пайғамбар (а.с.)нинг жамият қурилиши ва давлат бошқарувига оид тузган илк ҳужжат – “Саҳифа”да ҳам кўриб турганимиздек дунёвийлик тамойили етакчилик қилади. Ушбу ҳужжатга биноан Мадина аҳолисининг ҳеч бир вакилига диний ақидаларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаган, фуқаролик ҳақ-ҳуқуқлари диний мансублик нуқтаи назаридан белгиланмаган. Ҳаттоки, турли эътиқодий қарашларга эга Мадина аҳолисига ҳам бир халқ деб қаралган.

Пайғамбар (а.с.) вафот этаётганларида ҳам ўринларига бошқарувни амалга оширадиган халифани тайинлаб кетмадилар, балки мусулмонлар ихтиёрига қолдирдилар. Яъни, давлатнинг кейинги раҳбарларини сайлаш жараёнлари диний шаклда амалга ошмаслиги маълум бўлди. Шунинг учун ҳам Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) раҳбар этиб сайланганларида бошқарув ишида хато қилишлари мумкинлигини эътиборга олиб, саҳобийлардан уларни тўғрилаб туришни, тўғри иш қилсалар уларни қўллаб-қувватлашни сўраганлари ривоятларда машҳур. Ислом дини таълимотида давлат сиёсий тузилмасининг муайян шакли кўрсатилмаган. Фақатгина умумий тамойиллар белгиланган. Уламолар бу тамойиллар 4 та эканини айтадилар: тенглик, эркинлик, адолат ва машварат. Ушбу тамойиллар ўрнатилса, давлат қандай шаклга эга эканидан қатъи назар, у ислом динига мувофиқ келади.

Бугунги кунда айрим бузғунчи кучлар томонидан замонавий дунёвий қонунчилик асосида ҳаёт кечириш мусулмонлар учун мақбул эмаслиги ҳақида сохта даъволар тарқатилмоқда. Ваҳоланки, дунёвий қонунлар ҳақида ислом уламоларининг фикрларини қуйидагича умумлаштириш мумкин: замонавий жамият талабларига мувофиқ чиқарилган қонунлар шариатга зид келмаса, ундай қонунлар шариатдандир. Зеро, ҳар бир шариат инсон манфаати учун юборилган, жамиятларнинг ўз манфаатларини кўзлаб чиқарган қоидалари гарчи шариатдан олинмаган бўлсада, лекин шариатга зид келмаса улар ҳам шариатга мувофиқ (шаръий) ҳисобланаверади.

Юқоридаги мисоллардан кўринадики, ислом динида дунёвийликка динсизлик сифатида баҳо берилмаган. Дунёвий ишлар шахс ва жамият манфаатини кўзлар экан улар дин таълимотларида доим қўллаб-қувватлаган. Дин дунёвий ишларнинг маънавий жиҳатларини тартибга солиб турган. Масалан, бу ишнинг савобли ёки савобсизлиги, маънавий жиҳатдан мумкин ёки мумкин эмаслиги каби. Умуман олганда демократик тизимларнинг конституцион нормаларида давлат ва дин ўртасидаги муносабатлар масаласидаги икки жиҳат яққол ажралиб туради:

  • дин жамиятда инсонпарварлик руҳиятининг шаклланишида юксак маънавият булоғи, беқиёс ахлоқий тарбия манбаи, инсонларни ҳалоллик, поклик каби фазилатларга ундвчи қадрият сифатида эътироф этилади;
  • диндан ғаразли мақсадларда фойдаланиш, диний омилдан фойдаланиб сиёсатга аралашиш, ҳокимиятга интилиш каби ҳолатлар ман этилади.

Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини қуриш босқичида динийлик билан дунёвийлик ўртасидаги янги нисбатни шакллантириш ҳар доим ҳам силлиқ кечмади. Бу йўлда мусулмон аҳоли диний онгини радикаллаштириш ва сиёсийлаштиришга қаратилган уринишлар ҳамон давом этмоқда. Бундай ҳаракатларнинг аниқ кўринишлари сифатида ислом ниқоби остида ҳаракат қилаётган турли оқимларнинг фаолиятида кўриш мумкин.

Дунёвийлик тамойили мустақил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуни билан ҳуқуқий кафолатланган. Ўзбекистон танлаган тараққиёт йўли – дунёвий демократик йўл. Дин ахлоқий  тарбия  соҳасида муҳим аҳамиятга эга вазифани бажаради.

Минг йиллар давомида ислом дини тамойилларига содиқ ҳолда яшаб келаётган халқимиз гўзал фазилатларни тўлалигича ҳаёти, урф-одат ва анъаналарига сингдириб олган. Халқимизнинг урф-одат ва асрий анъаналарини ўзида акс эттирган республикамиз қонунчилигида кимнинг қандай эътиқодга эга бўлиш-бўлмаслиги унинг виждонига ҳавола этилади. Лекин ҳавола этилаётган эътиқод қонунга хилоф бўлмаслиги шарт.

Нуриддин ҳожи ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Тошкент шаҳаридаги вакили,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Манба: Vakillik.uz


Киритилган вақти: 17/12/2019 16:04;   Кўрилганлиги: 1342
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/diniylik-va-dunyoviylik-islom-nigohida
Чоп этилган вақт: 29/04/2024 20:45
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг