Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Диний ташкилот тушунчасининг Ўзбекистон қонунчилигидаги қиёси

 
 

Виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.

Фуқаро ўзининг динга, динга эътиқод қилишга ёки эътиқод этмасликка, ибодат қилишда, диний расм-русумлар ва маросимларда қатнашиш ёки қатнашмасликка, диний таълим олишга ўз муносабатини белгилаётган пайтда уни у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилмайди.

Динга эътиқод қилиш ёки ўзга эътиқодлар эркинлиги миллий хавфсизликни ва жамоат тартибини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги, ахлоқи, ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш учун зарур бўлган даражадагина чекланиши мумкин.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда виждон эркинлиги ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланадилар ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун қонунда белгиланган тарзда жавобгар бўладилар.

Фуқароларнинг динга муносабатидан тенг ҳуқуқлилиги принципи Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасида белгиланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари динга муносабатидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар. Расмий ҳужжатларда фуқаронинг динга муносабати кўрсатилишига йўл қўйилмайди. Фуқароларнинг динга муносабатига қараб уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай чеклаш ва уларга бевосита ёки билвосита имтиёзлар белгилаш, душманлик ва адоват уйғотиш ёхуд уларнинг диний ёки даҳрийлик эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний зиёратгоҳларни оёқ ости қилиш қонунда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради.

Ҳеч ким диний эътиқодини рўкач қилиб қонунда белгиланган мажбуриятларни бажаришдан бош тортишга ҳақли эмас. Қонунга мувофиқ бажарилиши мажбурий бўлган бир вазифани диний эътиқоди туфайли бошқаси билан алмаштиришга қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.

Ўзбекистон Республикасида дин давлатдан ажратилган. Ҳеч бир динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмайди.

Давлат турли динларга эътиқод қилувчи ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, ҳар хил эътиқодларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади, диний ва ўзга мутаассибликка ҳамда экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймайди.

Давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади. Ушбу қоиданинг бузилишига айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиладилар.

Диний ташкилот–бу маълум динга ишонувчилар ва уларнинг жамоаларининг уйушмасидир (масжид, черков, синагога, диний ўқув юртлари). Уни ташкил этиш учун унга бир хил эътиқодга эга бўлган камида юзз киши аъзо бўлиши керак. Ўзбекистон Республикасининг ҳар қандай фуқороси 18 ёшга тўлгандан кейин маълум диний жамиятга аъзо бўлиши мумкин. Диний ташкилот яна диний эҳтиёжларни биргаликда қондириш ёки қондиришга кўмаклашиш мақсадида тузиладиган ва диний маросимларни адо этиш асосида иш кўрадиган ихтиёрий, тенг ҳуқуқли ва ўз-ўзини бошқарувчи уюшма. Айни вақтда у фуқароларнинг виждон эркинлигини кафолатловчи тузилмалардан ҳисобланади. Диний ташкилотларнинг таълимоти, тарихий анъаналари, диний уюшмалар тузилишида тутган ўрни ва роли турли-туман бўлиши мумкин. Фуқаронинг Диний ташкилотга аъзолиги унинг ҳуқуқий мақомини, жумладан бошқа шахслар билан тенглигини чеклаб кўя олмайди. Диний ташкилот ларнинг энг муҳим белгиси—уларнинг ўз-ўзини бошқаришидир, яъни, улар маъмурий жиҳатдан давлат идораларидан ажратилган. Диний ташкилот ларнинг фаолияти қонунларга зид келмаса, давлат уларнинг ички ақидавий ишларига аралашмайди. Улар ўз устав (низом)ларига мувофиқ ташкил топиш ва иш юритиш, ходимларни танлаш, тайинлаш ва алмаштириш ҳуқуқига эгадирлар. Диний ташкилот ларнинг уставлари уларнинг тузилиши, диний таълим ва фаолиятнинг бошқа масалаларини белгилаб беради.

Ўзбекистан Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги (1998) қонунида таъкидланганидек, Ўзбекистан Республикаси фуқароларининг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русум ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари (диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, ва б) диний ташкилотларлар деб эътироф этилади.

Тегишли устав (низом) асосида фаолият юритувчи республика диний уюшмалари Ўзбекистан Республикасининг Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинади. Вилоят, туман ва шаҳар, шаҳарча ва қишлоқ ҳудудида бўлган Диний ташкилотлар тегишли вилоятлар, шунингдек, Тошкент ш. ҳокимлиги адлия бошқармалари томонидан рўйхатга олинади. Диний ташкилот рўйхатга олингандан сўнг у юридик шахсга айланади. Диний ташкилот юридик шахс сифатида қонунларга ва ўз низомига мувофиқ ҳолда ҳуқуқлардан фойдаланади ҳамда мажбуриятларни ўтайди.

Диний ташкилот раҳбарининг ташкилот уставини рўйхатдан ўтказишдан бўйин товлаши қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка олиб келади. Рўйхатдан ўтмаган Диний ташкилотларнинг фаолият кўрсатишига йўл қўйган мансабдор шахслар қонун хужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Диний ташкилотлар фаолияти икки ҳолда: улар ўз низомларига мувофиқ тугатилганда ва «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўтрисида»ги қонун қоидалари ёки бошқа қонун ҳужжатларига риоя қилинмаганда тўхтатилади.

Диний ташкилот фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги қарор Ўзбекистан Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг адлия бошқармалари томонидан қабул қилинади. Диний ташкилотлар қабул қилинган қарор устидан халқ судига шикоят қилиш ҳуқуқига эга, шикоят фуқаролик ишларини юритувчи суд томонидан кўриб чиқилади.

Диний ташкилотлар тасарруфида бинолар (масжидлар, черковлар, синагогалар, кирхалар, монастирлар, ибодатхоналар ва б. иншоотлар), корхоналари (босмахоналар, фермалар, бадиий-тикув цехлари), ижтимоий ва хайрия объектлари (етимхоналар, қариялар уйлари), диний анжомлар (диний китоблар, иконалар, шамлар), улар фаолиятини таъминлаш учун зарур транспорт воситалари, пул ва бошқа мулклар бўлиши мумкин. Диний ташкилот ларнинг мулкий ҳуқуқи қонун томонидан ҳимоя қилинади.

Боходиров Фахриддин - Каттақўрғон тумани «Янгиравот» жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 04/06/2021 17:34;   Кўрилганлиги: 1083
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/diniy-tashkilot-tushunchasining-ozbekiston-qonunchiligidagi-qiyosi
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 23:06
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг