Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ ВА СОФ ИСЛОМ

 
 

Дин - арабча сўз бўлиб, “ишонч” деган маънони англатади. Ислом дини нуқтаи назарига кўра ҳаниф диннинг ақидавий асоси – Аллоҳ таолога, пайғамбарларга, фаришталарга, муқаддас китобларга, охиратга, барча яхшилик ва ёмонлик Яратганнинг иродаси билан бўлишига ишонмоқликдир.

Мутлақ олганда дин – эзгулик манбаи ҳисобланади. Аммо соф исломий эътиқодни нотўғри қабул қилиш ёки баъзи бир сиёсий кучларнинг ўз манфаати йўлида диндан фойдаланиш оқибатида турли экстремистик кучлар юзага келиб, тарихда ҳам ҳозирда ҳам муқаддас динимизга ҳамда жамиятга катта зарарлар келтирмоқда. Ҳатто, қисман бўлсада мусулмон бўлган кишиларга Ислом динини ёмон кўрсатиш даражасига ҳам эришди. Аслида, бундай кайфиятдаги фирқаларга Ислом дини қандай қарайди? Асл исломий моҳият нималардан иборат?

Диний экстремизм – муайян диний конфессия ва ташкилотлардаги ашаддий мутаассибона унсурларнинг фаолияти мафкурасининг натижасидир. Мутаассиб шахс ўз ақидасининг шак-шубҳасиз тўғрилигига ишониб, бошқа фирқа ва мазҳабларни бутунлай рад этган ҳолда уларни тан олмаслик, балки уларни диний асосларни бузишда айблаб, уларга қарши уруш очишга чақирадиган омиллардандир. Динда мутаасибона эътиқодда бўлиш ва соф Исломий эътиқоддан бехабарлик диний экстремизм ва терроризмнинг асл манбаидир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйинсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир.”[1]

Нисо сурасининг мазкур оятида Аллоҳ таоло бандаларини Ўзига ва Расулига ҳамда ўз ораларидан чиққан мусулмон бошлиқларга итоат этишни буюриб,  бирор муаммоли масалага дуч келинганда унинг ечимини “Аллоҳ ва пайғамбарига” ҳавола этишни, яъни бундай ҳолда Қуръон ва ҳадисга мурожаат қилишни буюрмоқда. Бундай мушкул ҳолатларда масаланинг ечмиини топиш учун энг аввало муқаддас китоб Қуръонга мурожаат қилишимиз лозим ва лобуд экан, ояти карималарда бу ҳақда нима дейилади? Дарҳақиқат, Қуръонда бундай масалаларнинг чиройли ечими бор. Ихтилоф вақтидаги масаланинг энг тўғри  ечими, қандай йўл билан бўлса ҳам фирқаларга ажралишнинг олдини олишдир. Бунинг учун эса мусулмон киши Қуръони каримда буюрилганидек, Аллоҳ таолонинг китоби ва расулининг суннатига сўзсиз эргашиб, Аллоҳ ва Расулига ҳамда ўзларидан бўлган ишбошиларга итоат этиши шарт. Мусулмон киши кўр-кўрона тақлид қилмасдан, балки Аллоҳ таолонинг каломи ва пайғамбарининг ҳадисларига эргашмоғи, агар ўзига лозим бўлган ақидавий ва шаръий масалаларни билишга ўзининг илми етарли бўлмаса, унда ўзининг шаръий ва ақидавий масалаларини ишончли, тақводор, олим кишилардан сўраб билмоғи ҳамда уни амалга татбиқ этишда фитна келтириб чиқаришдан эҳтиёт бўлмоғи керак.

Шундан кейин ҳам кимки тўғри йўл аниқ бўлиб, сўнг ўз ҳавойи хоҳишига эргашса, Аллоҳ таоло уни янада залолатга бошлаб адаштиради, охиратда эса у учун Аллоҳ таолонинг аламли азоби бордир: 

“Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга дохил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!”[2]

“... Ва барчангиз Аллоҳни арқони (Қуръон)га боғланингиз ва фирқаларга бўлинмангиз”[3]. деб  буюради.

“(Эй мўминлар, Аллоҳ) сизлар учун ҳам диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (яъни Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Ийсога буюрган нарсани – шариат - (қонун) қилди,— “Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!””[4]

Мазкур оятларга хилоф келиб мусулмонларнинг фирқаларга бўлиниши тўғридан-тўғри Аллоҳ ва расулига нисбатан исёндир. Ушбу муборак оятларда Аллоҳ таоло барча пайғамбарларга бир нарсани, яъни ёлғиз Аллоҳнинг динини барпо қилишни ва бу динда турли фирқаларга бўлиниб кетмасликни буюргани баён этилмоқда.

Жумладан, рисолат соҳиби Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламдан муқаддас динимизга хилоф бўлган бундай гуруҳлар ҳақида бир қатор ҳадислар ворид бўлган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг умматимдан бир тоифа инсонлар пайдо бўлиб, динда жуда тез илмни эгаллайдилар (шариат илмини жуда тез ўрганадилар) ва Қуръон ўқийдилар (яъни, Қуръон оятларини ўзларича тафсир қиладилар). Улар: Бошлиқларимизга бориб, уларнинг молу давлатларини босиб оламиз ва ўзларини динимиздан четлатамиз (кофир деб эълон қиламиз), –дейдилар. Бундай қилиш тўғри йўл эмас. Қатода (тиконгул-аълоэ)дан тикондан бошқа нарса ҳосил олинмаганидек, у тоифа кишиларга яқин бўлишдан фақат хатоларни жамлаш мумкин бўлади,” –дедилар Ибн Можа ривояти.[5]

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ислом қувватланиб кучга тўлади, ҳатто куфр ўз инига қайтиб киради. Кишилар Ислом динини тарғиб қилиш учун денгизлар ошадилар. Албатта, инсонлар бошига бир замонлар келадики, (унда) одамлар Қуръонни ўқиганларича ўқийдилар ва (Қуръондаги ҳукмларни) қоим қиладилар. Ва улар: Биз Қуръонни ўқиб чиқдик ва ундаги ҳукмларни билдик. Энди биздан кўра яхшироқ кимса борми?– деб айтадилар. Уларда ҳеч бир яхшилик йўқ”,– дедилар.

Аслида дин – эзгулик манбаи ҳисобланади. У – табиат, жамият, инсон ва унинг онги, яшашдан мақсади ҳамда тақдири инсониятни бевосита қуршаб олган атроф-муҳитдан ташқарида бўлган, уни яратган, айни замонда инсонларга бирдан-бир тўғри, ҳақиқий, одил ҳаёт йўлини кўрсатадиган ва ўргатадиган илоҳий қудратга ишонишни ифода этадиган таълимотдир.

Аллоҳ таоло муқадас каломида: “Имон келтирган ва савобли ишларни қилганлар учун - агар ширкдан сақланиб, имонда ва савобли ишларда давом этсалар, сўнгра (май ва қимордан) сақланиб, (ҳаромни ҳаром деб) имон келтирсалар, сўнгра (барча ҳаром ва шубҳалардан) сақланиб, (одамларга) эзгулик қилсалар - еб-ичган (олдинги ҳаром) нарсаларида гуноҳ йўқдир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади.”[6]

Aллoҳ тaoлo eр юзидa ёвузлик қилмaсликкa буюрaди ҳaмдa нoҳaқлик, aдoлaтсизлик, зўрaвoнлик, oдaм ўлдириш, қoн тўкишни тaқиқлaб, зулмнинг ҳар қандай кўринишини қаттиқ қоралаб, унинг жазосиз қолмаслигини хабар беради: “(Аллоҳ) иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга эса ажрларини комил суратда берур. Аллоҳ зулм қилгувчиларни севмайди.”[7]

Яъни, Ўзи ҳам ҳеч кимга зулм қилмайди ва ҳар кимга қилган ишига мувофиқ равишда жазо ёки мукофот беради.

 “Aллoҳ сeнгa эҳсoн қилгaни кaби, сeн ҳaм (Aллoҳнинг бaндaлaригa) инфoқ-эҳсoн қил. Ердa (зулму зўрaвoнлик билaн) бузғунчилик қилишгa уринмa. Чунки Aллoҳ бузғунчи кимсaлaрни сeвмaс”[8].

«Яxшилик вa тaқвo йўлидa ҳaмкoрлик қилингиз, гунoҳ вa ҳaддaн oшиш йўлидa ҳaмкoрлик қилмaнгиз! Aллoҳдaн қўрқингиз! Шубҳaсиз, Aллoҳнинг aзoби қaттиқдир!»[9]. Қуръoн oятлaридaн кўриниб турибдики, Aллoҳ тaoлo oдaмлaргa яxшилик вa ҳурмaт-эҳтирoм кўрсaтишгa, сoлиҳ aмaллaр қилишдa бир-биригa ёрдaмлaшишгa, бaдниятлик вa жaнжaл-ғaвғoлaрдaн чeкинишгa буюряпти.

Эзгуликнинг ёрқин намоёндаси ва дунёдаги ҳар бир мўмин-мусулмоннинг буюк устози бўлган жаноб Пайғамбаримиз ҳар бир мусулмон кундалик фаолиятида ишлатиши лозим бўлган, ҳар кунги ҳаётида татбиқ этиши даркор бўлган мавзуларни марҳамат қилганлар:

“Аллоҳ Таолога фарз  ибодатлардан  кейин энг маьқул иш – мусулмон кишини хурсанд қилмоқликдир”.[10]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мусулмон – мусулмонлар унинг қўли ва тилидан саломат бўлган кишидир. Муъмин – инсонлар ўз қонлари ва молларида ундан эмин бўлган кишидир”[11]. (Термизий ривояти).

Маълумки тил ва қўл энг кўп ишлатиладиган аъзолар бўлиб, яхши ишлар ҳам ёмон ишлар ҳам асосан шулар билан бажарилади. Ён-атрофдагиларга аксар ҳолларда тил билан сўкиб ёки қўл билан туртиб, уриб озор берилади, зарар етказилади. Шунинг учун  Пайғамбар  соллоллоҳу алайҳи васаллам  шу икки аъзони  лафзан зикр қилдилар. Демак  бировларга у ким бўлишидан  қатъий  назар  диндошми, ғайридинми озор беришдан  ўзимизни  сақлашимиз лозим, айниқса тилимиз ва қўлимизга хушёр бўлишимиз керак. Динимиз таълимотида нафақат инсонларга нисбатан эзгу  бўлишга  балки  уни ўраб турган  табиат ва  ундаги  барча жонзотларга  нисбатан  ҳам меҳру шафқатли  бўлишга буюрилган.

Ислом динимиз, айниқса бизнинг заминимиздаги Ислом эзгулик дини эканлигини, таъбир жоиз бўлса, кўрга ҳасса ушлатгандек муҳтарам Президентимиз ўз китобларида ўргатаяптилар: “Эзгу одатимизга айланиб кетган меҳр-оқибат тушунчасини оладиган бўлсак, унинг жуда теран тарихий, миллий, диний илдизлари борлигини кўриш мумкин. Бу аввало инсоннинг инсон билан, қўшнининг қўшни билан, қариндошнинг қариндош, оиланинг оила билан, энг муҳими, шахснинг жамият билан уйғун бўлиб яшашини, етим-есир, бева-бечора ва ногиронларга, мусофирларга саховат кўрсатиш, сидқидилдан, беғараз ёрдам беришни англатади ва бундай хусусият халқимизнинг маънавий оламига сингиб кетганини ҳеч ким инкор эта олмайди”.[12]

Халқ арбоби, буюк мутафаккир Абдурауф Фитрат бу ҳақда шундай дейдилар: “Ҳеч шубҳа йўқки, одамлар ҳар хил дин ва мазҳабдан, ҳар хил қабила ва миллатдан бўлсалар ҳам бир отанинг ва ягона жинснинг фарзанди. Бошқача қилиб айтганда, бир-бирларининг ака-укаларидир.Шундай экан, улар ўзаро умумий биродарликни юзага келтиришлари керак”[13].

Биз қисқа сатрларда диний экстремизм ва соф Ислом ҳақида сўз юритдик. Ҳар қандай ном остидаги зулм вa зўрaвoнлик, жиноятларнинг ҳaр қaндaй ҳолати ва кўринишлари, гарчи у Ислом дини номидан содир бўлаётган бўлса ҳам Ислoм aқидaси ва таълимотига мутлақо қaрaмa-қaршидир. Мусулмoн киши бoшқa oдaмлaрни ёмон ишларни қилишдан қaйтaришгa мaсъулдир ҳамда ўзи ҳам жинoят саналган амалларни сoдир этиши мумкин эмaс. Ҳaр бир иймoн-эътиқодли инсонннинг бурчи ер юзида фаровонлик ва осойишталикни қарор топтириб, бузғунчилик ва фасод ишларга қарши курашмоғи лозим.

Нодир Қобилов, Имом Бухорий Халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,

Пайариқ туман “Соғиш ота” жоме масжиди имом хатиби

[1] Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: Шарқ., 2004. Нисо, 59-оят таржимаси.

[2] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири,Нисо сураси. 115-оят таржимаси.

[3] Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: Шарқ., 2004. Оли Имрон, 103-оят таржимаси.

[4] Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: Шарқ., 2004. Шуро 13-оят таржимаси.

[5] Мишкату-л-масобиҳ. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ат-Табризий. Казань. Лито-Типография “Братья Каримовы”, 1908. –Б 61.

[6] Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: Шарқ., 2004. Моида 93-оят таржимаси.

[7] Абдулазиз Мансур, "Қуръони карим маънолари таржимаси" Т., "Шарқ", 2004 й, “Оли Имрон” сураси, 57-оят мазмуни.

[8] Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: Шарқ., 2004. “Қасос”сураси, 77 оят таржимаси.

[9] Қуръони карим, Моида сураси, 2-оят таржимаси.

[10] "Минг бир ҳадис" А.Мансуров, 2 жилд, 166-бет, 857 рақам, "Ўзбек маскани" , Т, 1991 й,

[11] Мишкату-л-масобиҳ. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ат-Табризий. Казань. Лито-Типография “Братья Каримовы”, 1908. – Б19.

[12] И.А.Каримов, "Юксак маънавият – енгилмас куч", 8-9-бет, "Маънавият", Т, 2008 й

[13] Терроризм – жаҳолат ўчоғи, Методик-библиографик қўлланма Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси Тошкент-2003 Б-4


Киритилган вақти: 27/09/2019 16:57;   Кўрилганлиги: 1655
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/diniy-ekstremizm-va-sof-islom
Чоп этилган вақт: 14/12/2024 11:19
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг