Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ДЕХҚОНЧИЛИК - РИЗҚ МАНБАИ

 
 

 Самарқанд – Бухоро  шаҳарларини боғловчи трассадан Каттақўрғон тумани марказига қараб бурилиб, роппа-роса тўққиз километр юрсангиз Кадан қўрғонига етиб борасиз. Чорраҳадан чапга қайриласиз, қарабсизки, биз ҳикоя қилмоқчи бўлган манзилга келиб турибсиз. Бу – Мундиён  қишлоғи. Кундан – кунга  гўзаллашиб, фаровонлашиб бораётган каттагина қишлоқ.

Тўғриси, қишлоқ дейишга ҳам тортинасан, киши.

Салкам шаҳар, аниқроғи – шаҳарча. Одамлари ҳам ўзига яраша: қанчадан- қанча улуғ инсонлар чиққан бу қишлоқдан. Меҳрли – оқибатли, ҳамиятли, зиёли, эл- юрт корига яраган ва яраётган...

 Мен қишлоғимизни ортиқ мақтамоқчи эмасман, балки, собиқ Орзи Махмудов номли жамоа хўжалиги ҳудудидаги Бешдарғат қишлоғида яшовчи оддий бир инсон – Шариф Очилов ҳақида қисқача ҳикоя қилиб бермоқчиман.

- Шарифжон – менинг шогирдларимдан, - дейди 92 ёшли меҳнат фахрийси, кўп йиллар давомида бир неча жамоа хўжаликларида бошқарув раиси бўлган Рахмонберди бобо Шодмонов, - олийгоҳни битириб келгач, жамоа хўжалигимизда участка агрономи бўлиб ишлади. 1999 – 2002 йилларда эса бошқарув раиси бўлди. Одамларга ғамхўр, тўғри сўз, ишчан раҳбар сифатида катта обру- эътибор қозонди.

Бугунги кунда нафақа ёшига етган Шариф Очилов 50 сотих ер олиб деҳқон хўжалиги ташкил этган. Кўриб ҳавасим келди: бир томонда пайванд қилинган мевали дарахт кўчатлари, атроф – токзор...  Борингки, экилмаган нарсанинг ўзи йўқ, ҳисоби...

- Баъзи бировларга ҳайронман,- дейди ҳикоямиз қаҳрамони, катта – катта  томорка ери бор. Лекин қаровсиз, ишлов берилмаган, ёки номига у – бу нарсa экиб қўйган. Эътибор берганмисиз, Мундиёнга кираверишда катта қилиб "Томорқа – қўшимча  даромад манбаи" деб ёзиб қўйилган. Ҳеч бўлмаса, шу ёзувни ўқиб фикр қилмайдиларми? Қаранг, айтайлик, бўш ётган томорқасига бир кило картошка уруғини эксин, камида ўн кило картошка олади. Агар ўн кило картошка экса, бу – юз кило дегани. Тежаб ишлатса, бир кишга етади, юрмайди "Бозорбой ака"дан картошка сотиб оламан деб. Ўша пулни аҳли аёлининг ёки оиласининг бошқа корига ишлатади.

 - Мана шу мевали дарахт кўчатларидан тўрт юзтасини яқинимиздаги иккита  мактабга  эҳсон тарзида бериб юбордим, - деб сўзини давом эттирди суҳбатдошим, агар мева берса канча манфаат етади одамларга. Шукрким, меҳнатим туфайли рўзғорим бут, фарзандларим уйли – жойли, бировдан кам еримиз йўқ. Кўриб турганингиз мана шу ихчамгина икки каватли дала ҳовлини хам томорқадан келган даромад ҳисобидан қурганмиз...

-Ҳа, - дейман ўзимча ўйлаб, осмонга қараб "ҳолва" деган билан оғиз ширин бўлмаслиги бор гап. Нолиш билан ҳам ҳеч бир иш битмайди. Агар ниятни рост қилиб, чин дилдан меҳнат қилинса, хамма нарса ўз жойида бўлади.

Мен ўз мулоҳазаларим ҳақида Мундиён маҳалла фуқаролар йиғини раиси Музаффар Қудратовга айтганимда, у бугунги кунда бундай ишбилармон томорқа ер эгалари кўпчиликни ташкил этаётгани, жумладан, Ҳамза Мавлонов, Дилшод Туропов, Илхом Холов, Шерали Маматкуловлар шулар жумласидан зканлигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, ҳикоямиз қаҳрамони Шариф Очилов каби эл-юрт манфаати йўлида фидокорона меҳнат қилаётганлар қанча кўпайса, улар сафига ўзимиз ҳам қўшилсак, давр талабига жавоб берган бўлардик.

Сиз нима деб уйлайсиз, азизлар?

             Муаллиф: Лутфулла Убайдуллаев, Каттақўрғон тумани Кичик мундиён” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 18/04/2020 13:40;   Кўрилганлиги: 1320
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/dexqonchilik-rizq-manbai
Чоп этилган вақт: 06/10/2024 19:45
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг