Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Дарахтдан мева олмоқчи бўлсангиз шохини, инсондан марҳамат кутаётган бўлсангиз қалбини синдирманг..!

 
 

Аллоҳ азза ва жалла Аҳзоб сураси 58-оятида айтади: «Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар».

Чиройли услуб билан хатони тузатинг, уни ҳаммага ёйиб, ўша одамни шарманда қилиб, қалбини синдирманг.

Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумо кекса кишининг нотўғри таҳорат қилаётганини кўриб қолишди ва унинг қалбига озор бермаслик учун «Бизни кузатиб, қай биримиз таҳоратни чиройли қила олмаслигимизни аниқлаб берсангиз» деб, ўша кишининг кўз ўнгида икковлари таҳорат ола бошладилар. Уларнинг таҳорат қилишларини кузатиб турган бояги одам кулган ҳолда «Орангизда мен таҳоратни яхшилаб қилмас эканман» дея ўз хатосини тушуниб етди.

Исломда инсонлар билан бирга ҳар бир тирик жонга, ҳайвонларга, керак бўлса атроф-муҳитга ҳам озор бермасликка чақирилади. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда эдик. У зот бир юмушлари билан кетдилар. Шу пайт иккита полапони бор бир қушни кўриб қолиб, унинг полапонларини олиб қўйдик. Полапонларнинг онаси келиб, тепамизда айлана бошлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, «Ким буни боласи туфайли аламга қўйди? Боласини қайтариб беринглар», дедилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳисалом «Бирор бир инсон чумчуқ ёки ундан катта ҳайвонни паррандани ҳақсиз, ноҳақ ҳолатда ўлдирадиган бўлса, Аллоҳ таоло қиёматда уни сўраб олади» деганлар.

Кўнгилни кўтариш, бошқаларнинг жисмига ва қалбига озор бермаслик юксак хулқ намунасидир. Аллоҳ азза ва жалла Шуаро сураси 215-оятида айтади: «Ўзингизга эргашган мўминлар учун қанотингизни паст тутинг!».

Маълумки, Исломнинг илк даврларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дастлаб фақир кишилар иймон келтирган эдилар. У зот Салмон, Суҳайб, Билол ва Аммор ибн Ўсир розияллоҳу анҳумларга ўхшаган фақир кишилар билан мажлис қуриб ўтирар эдилар. Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофидаги фақир мусулмонларни ҳайдатиб юбормоқчи бўлишди. Шу мақсадда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Муҳаммад, атрофингдаги камбағалларни ҳайдаб юбор. Улар билан бирга ўтиришдан биз жирканамиз. Агар уларни ҳайдаб юборсанг, сенга олий насаб, олий мақом кишилар иймон келтиради», дейишди. Бунга жавобан Аллоҳ таоло: «Эртаю кеч Парвардигорининг Юзи – розилигини истаб, Унга дуо-илтижо қиладиган зотларни атрофингиздан ҳайдаманг», оятини туширди.

Ислом дини – тинчлик, осойишталик дини. Ислом дини фарзандларга озор беришдан қайтаради. Нафақат  фарзандлар, балки барча инсон зотига озор бериш, ҳаттоки унга азият берувчи бирор сўз айтишига ҳам йўл қўймайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган бир ҳадисда:

«Комил мусулмон бошқа мусулмонлар унинг тили ва қўлидан озор чекмайдиганларидир», – дедилар.

Набий алайҳиссалом Муоз разияллоҳу анҳу ва унинг шеригини Яманга жўната туриб: “Енгил қилинг ва қийин қилманг. Хушхабар беринг ва нафратлантирманг. Ўзаро ёрдам беринг ва ихтилоф қилманг”, деганлар – Имом Бухорий ривояти.

Диндан одамларни безитиш, уларни нафратлантириш яхши амал ҳисобланмайди.

Имом Муслим “Саҳиҳ”ида ривоят қилади, Муовия ибн Ҳакам Салмо бундай деди: “Отам, онам у зотга фидо бўлсин. Набий алайҳиссаломдан олдин ҳам, кейин ҳам у зотдан яхшироқ муаллимни кўрмадим. Аллоҳга қасам, бирон марта менга қўпол гапирмадилар, урмадилар ва койимадилар”.

Динимиз етимларга ҳам яхши муомила қилишга, уларнинг қалбини синдирмасликка буюради.

Ибн Умар ривоят қилади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Етим кўзига ёш олса, унинг йиғисидан Раҳмоннинг Арши ларзага келади. Шунда Аллоҳ таоло фаришталардан: “Эй фаришталарим, отаси тупроқда ётган мана бу етимни ким йиғлатди?” деб сўрайди. Фаришталар: “Раббимиз, Сен билувчироқсан”, дейишади. Аллоҳ таоло фаришталарга: “Эй фаришталарим, гувоҳ бўлинглар, ким уни юпатса ва хурсанд этса, қиёмат кунида Ўзим уни хурсанд қиламан”, дейди”, дедилар». Ибн Умар қачон етимни кўрса, бошини силаб, бир нима берарди. Анас ибн Молик ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом: “Ким етимни қарамоғига олиб, уни таъминласа, қиёмат кунида ўша етим унга дўзахдан парда бўлади. Ким етимнинг бошини силаса, ҳар бир соч толаси миқдорича савоб ёзилади”, деб марҳамат қилдилар».

Шу билан бирга Ислом ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг қалбини севинтиришни улкан савоб манба қилган. Ота-онам қариган чоғларида ғам чекмасинлар десангиз, хамиша уларнинг гаплари ва маслахатларига жону-дилингиз билан қулоқ солмоқ лозим.

Доимо уларни хурсанд қилувчи гапларни топиб-ўйлаб гапириб, дуоларини олсак, шунда барака топамиз.

 Арабов Илёс Самарқанд вилояти “Қорабой Оқсақол” жоме масжиди имом-ноиби


Киритилган вақти: 13/11/2023 15:03;   Кўрилганлиги: 191
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/daraxtdan-meva-olmoqchi-bolsangiz-shoxini-insondan-marhamat-kutayotgan-bolsangiz-qalbini-sindirmang
Чоп этилган вақт: 30/04/2024 11:51
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг