Чиройли муомала фазилатдир
Муқаддас динимиз самимият, ҳалимлик, ўзаро меҳр-оқибатга чақиради. Бинобарин, жамиятда хушхулқ бўлиш, одамлар билан чиройли муомала қилиш ислом қоидаларидандир. Зеро, чин мусулмон киши очиқ юзли бўлиши керак.
Чиройли муомала нафақат сўзлашишда, балки хатти-ҳаракатда ҳам ўз ифодасини топади. Aллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Тоҳо” сураси, 44-оятида Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларга хитоб қилиб: “Фиръавнга юмшоқ сўзланглар, шоядки насиҳатланса ёки қўрқса”, дея марҳамат қилган. Фиръавн илоҳликни даъво қилаётган кимса еди. Шундай бўлса-да, Яратган уни ҳам ширинсўзлик билан залолатдан қайтаришга буюрмоқда.
Ҳақиқатан, ширин сўз билан кўп муаммоларни бартараф етиш мумкин. Яхши гап билан илон инидан чиқар, нақли бежиз айтилмаган. Aбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Aлбатта, сизлар инсонларни мол-у, дунё бериб рози қила олмайсиз, бас, чиройли хулқ ва очиқ юз билан уларнинг кўнгилларини олинглар”, деганлар.
Чиройли муомалада чегара йўқ. Aксинча, барчага бирдек яхши муносабатда бўлишга буюрилганмиз. Яхшилик кўришдан аввал яхшилик қилиш инсонга хос гўзал фазилатдир. Бундан ташқари, ёмонликка яхшилик ила жавоб қилиш улкан савобга сабаб бўлади.
Одамлар бир-бири билан ҳурмат ва илтифотли бўлишса, турли адоватлар, фитна ва ғаразликлар урчимайди. Жамиятда софлик, соғлом муҳит қарор топади. Ислом ақидасининг ҳикмати ҳам шунда.
Нурбек ХИДИРОВ,
Кўк тўнли бобо жоме масжиди имом-хатиби.
Киритилган вақти: 22/08/2023 15:40; Кўрилганлиги: 698
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 04:44