Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Чақимчи жаннатга кирмайди!

 
 

Ахлоқ инсонни тавсифловчи энг ажойиб нарсалардан биридир. У барча вазиятларда бир хил суратда намоён бўладиган, инсоннинг ички қиёфаси ва табиатидир. Мусулмон олимлар ахлоқни шахснинг муомаласидаги хатти-ҳаракатларини тартибга солувчи тамойиллар, қадриятлар ва келишилган меъёрлар йиғиндиси деб таърифлаган. У жамиятдаги ҳамжиҳатлик ришталарини сақлаб қолиш учун шахснинг бошқалар билан муносабатини тартибга солади. Ахлоқсизлик бўлса, нафақат якка шахснинг ҳаётини барбод қилади, балки жамият аъзоларига таъсир қилади. Ижтимоий бирликни бузадиган шундай иллатлардан бири чақимчиликдир.

Чақимчилик – гапни миш-миш ва бузғунчилик мақсадида кўтариб юриш. Баъзилар: Сўзни ёлғон билан безаш, деб изоҳлаган. Гапни бир одамдан иккинчисига фасод ва бузғунчилик мақсадида етказиш чақимчилик дейилади.

Ғаззолий бундай таърифлаган: “Сирни очиш ва ошкор бўлишини хоҳламаган нарсадан пардани кўтариш”.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Итоат қилма ҳар бир қасамхўр, пасткашга, айбловчи, чақимчилик қилиб юрувчига” (Қалам, 10-11).

Ибн Касир ушбу оят тафсирида бундай дейди: “Одамлар орасида юриб, ораларини гижгижлайди, муносабатлари бузилиб кетиши учун гап ташийди”.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чақимчи жаннатга кирмайди”, дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита қабр олдидан ўтиб қолдилар ва: “Мана бу (қабрлардаги) иккиси азобланишмоқда лекин, улар (одамлар кўзида) катта (ҳисобланувчи) гуноҳ туфайли азобланмаяпти”, дедилар. Сўнгра: “Ҳа (улар аслида катта гуноҳ туфайли азобланмоқда), уларнинг бири гап ташиб юрарди, иккинчиси эса ўз бавлидан сақланмасди”, дедилар. Кейин, ердан ҳўл новда олиб, уни иккига бўларканлар, улардан ҳар бирини бояги қабрларга тиқиб қўйдилар ва: “Шоядки, бу новдалар қуригунча уларнинг азоби енгиллаштириб турилса”, дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).  

Баъзи уламолар айтади: “Чақимчи одам сеҳргар бир ойда қилмаган бузғунчилик-фасодни бир соатда қилади. Одамлар ўртасини ислоҳ қилиш учун ёлғон гапиришга рухсат бор ва бузғунчилик учун (гап ташиб) ростгўйлик қилиш ҳаромдир”.

Чақимчилик турлари

1.Ҳаром.

Шаръий манфаатлар мавжуд бўлмаган ҳолда, одамлар ўртасини бузиш ва уларни гижгижлаш мақсадида гап этказишдан иборат.

2.Вожиб.

Инсонга келадиган ёмонликдан огоҳлантириш учун бу ёмонликдан хабардор қилинади. Ибн Мулқин чақимчилик ҳақида гапирар экан, бундай дейди: “Агар бирор ножўя ишни тарк қилиш ёки ёмонликни қайтариш ва бошқаларга яхшилик етказиш учун насиҳат қилинган бўлса, у ҳаром ёки макруҳ эмас, балки вожиб ёки мустаҳаб бўлади”.

Имом Нававий айтади: “Бирор киши кимнингдир бошқа бировга зулм билан зарар етказмоқчи эканини билса, уни огоҳлантириб қўйиши мустаҳаб ёки вожибдир”.

3.Мубоҳ.

Одамлар ўртасидаги муносабатларни ислоҳ қилиш учун:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Яхшилик мақсадида гап кўтариб броган киши ёлғончи эмас”, дедилар (Муслим ривояти).

Чақимчилик зарарлари

1.Жамиятдаги ришталарни узади, адоват ва бузғинчиликни тарқатади;

2.Дини ва дунёсини бузади;

3.Ризқнинг кесилишига сабаб бўлади

4.Жаннат йўлини тўсиб, дўзахга элтади;

5.Соҳибига хорлик келтиради

6.Қабр азобига сабаб бўлади.

Китоб, Суннат ва умматнинг ижмосидаги очиқ далиллар чақимчиликнинг ҳаром ва гуноҳи кабира эканини кўрсатиб беради.

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда: “Аллоҳнинг бандалари орасида энг ёмонлари чақимчилик қилиб юрувчилар, яқинлар орасини бузувчилар ва айбсизларга бир айбни юклайдиган золимлар”, дейилади.

Бундай иллатдан сақланиш, турли бузғинчи гапларнинг тарқалишига чек қўйиш ва жамият бирдамлигини сақлашга ҳисса қўшиш ҳар бир мусулмон зиммасидаги вазифадир.

Баҳодир МИРЗАЕВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими


Киритилган вақти: 01/12/2022 11:26;   Кўрилганлиги: 298
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/chaqimchi-jannatga-kirmaydi
Чоп этилган вақт: 26/04/2024 04:59
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг