Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

БОШҚА ДИНДАГИЛАР БИЛАН МУОМАЛА ОДОБИ

 
 

Ислом дини мусулмонларни ҳар бир инсонга эзгулик қилишга, гарчи бошқа дин вакиллари бўлса ҳам, уларга нисбатан одоб сақлаган ҳолда муомалада бўлишга чақиради. Исломнинг гўзаллиги ва бағрикенглиги ҳам мана шундай ишларда яққол намоён бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Мумтаҳана сурасида:

“Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир”, деган. (8-оят).

Бу оятдан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло мусулмонларни адолатли бўлишга чақирмоқда. Бу чақириқ фақат ўзаро эмас, балки, бир диёрда ҳамжиҳат бўлиб яшаб келаётган бошқа дин вакилларига ҳам адолатли бўлишни, уларга нисбатан мурувватли ва бағрикенг бўлиш лозимлиги таъкидланмоқда.

Улуғ ватандошимиз машҳур тафсирчи Абул Барокат Насафий ўзларининг “Мадорикут – танзил” номли тафсирларида мазкур оятга қуйдагича изоҳ берганлар: “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинглар, уларга сўзда ҳам, амалда ҳам яхшилик қилинглар”.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Ҳужурот сурасида: “Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлийингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва хабардор Зотдир”, деган.

Аллоҳ таоло бу оятда одамларнинг асли бир ота – онадан яъни, Одам Ато ва Момо Ҳавводан яратганлигини билдирмоқда. Демак, аслимиз бир экан, бошқа дин вакилларига нисбатан гўзал одоб билан муомала қилишимиз лозим.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари бизга катта ибрат мактабидир. Чунки,  Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида биринчи яҳудийлар аҳднома туздилар. Бошқа дин вакилларидан келган ҳадяларни олиб, уларга ҳам ҳадялар берар эдилар.

Узоқ ўтмишга назар ташласак, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги ўтган улуғ зотлар ҳам айнан бағрикенгликда Росулуллоҳга эргашиб, бутун дунёга Исломни нақадар инсонпарвар дин эканлигини исботлаганлар.

Бугунги кунда дунёда тинчлик ва барқарорлик ҳукм суриши учун аввало барча халқлар ҳамжиҳат бўлиши ва Исломнинг бағрикенглик тамойилига асосланган адолатидан ибрат олмоғи лозим.

Сарвар Равшанов - Нарпай туман “Тепа” жомеъ масжиди имом–хатиби

 


Киритилган вақти: 29/06/2020 11:11;   Кўрилганлиги: 1194
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/boshqa-dindagilar-bilan-muomala-odobi
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 13:05
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг