Бизга етиб келган маълумот ҳақида мулоҳаза юритишимиз, шубҳали туюлган ахборотлардан узоқ туришимиз муҳимдир
Кунимизни интернетсиз тасаввур қилишимиз қийин. Ҳар бир ишимизда интернетга мурожаат қиламиз. Бирор муаммога дуч келсак ҳам, кундалик юмушларимизда савол туғилса ҳам ана шу тармоқлардан ахтарамиз. Интернет шунақа нарсаки, у худди очиқ дарвозага ўхшайди. Ундан ҳар қандай ахборот оқими селдай кириб келаверади. Ўз вақтини, имкониятларини фақат интернет учун сарфлаётган ёшлар эса нафақат вақтини бекор ўтказадилар, балки ёвузлик тўрига илиниб қолишлари мумкин.
Айниқса, экстремистик оқим вакиллари учун интернетнинг очиқ дарвозаси жуда қўл келмоқда. Сабаби, ҳозирда экстремистик, террорчи ташкилотлар замонавий компюьтер ва интернет технологиялари имкониятларидан фаол фойдаланмоқда. Аксарият ҳолларда бузғунчи оқимлар, ёшларга муаммоларига ёрдам беришни ваъда қилиш ёки динни ўргатаман, деган мазмундаги ваъдаларга ишонтириш билан ўзига эътиборни жалб этади. Табиийки, қизиққон ва интилувчан ёшлар қандай ёмон йўлга кириб қолганини ўзи ҳам англай олмай қолади. Ана шундай ачинарли вазиятга дуч келмаслик учун аввало ҳар бир ўғил, қиз илмли бўлишга интилиши лозим. Унга етиб келган маълумот ҳақида мулоҳаза юритиши, шубҳали туюлган ахборотлардан узоқ туриши муҳим саналади.
Қолаверса, дин илмини ўрганишни ният қилган ёшлар учун юртимизда мадрасалар, институт ва университет фаолият юритмоқда.
Ибрагимов Ҳусниддин
Ургут тумани "Чубин" жоме масжиди имом-хатиби
Киритилган вақти: 08/08/2023 10:36; Кўрилганлиги: 614
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 07:39