Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

БИЗ БИЛМАГАН ҲИСЛАР!

 
 

Ўшанда даъватни давлат босқичига олиб ўтиш даври яқинлашиб қолган эди. Ваҳий нозил бўлганига ҳам ўн уч йил бўлиб қолди. Мусулмонлар само рисоласини ернинг турли бурчагига етказиш учун пишиб етилишди.

Билол розиёллоҳу анҳу Умайя ибн Халафнинг кибриёсини Макка тупроқларига қориштирди.

Ҳамза розиёллоҳу анҳу Каъбанинг олдида Абу Жаҳлнинг юзига мушт тушириб: "Қани қўлингдан келса сен ҳам қайтарчи!", деди.

Жаъфар розиёллоҳу анҳу Ҳабашистон подшоҳи Нажошийнинг олдида Уззони ерга урди.

Саъд ибн Аби Ваққос розиёллоҳу анҳу онасига Аллоҳ ва Расули ундан азизроқ эканлигини айтди.

Сумайя розиёллоҳу анҳонинг дунёда охирги қилган иши Абу Жаҳлнинг юзига тупуриш бўлди.

Умар розиёллоҳу анҳу Қурайшга ўзининг ҳижрат қилаётганини, қўлидан келган киши унинг изидан тушиши мумкинлигини баралла айтди....

Ярим тун. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳижрат қилиш соатлари яқинлашди. У зот Ясрибга етиб олсалар давлат оёғига қалқар эди. Шунинг учун Қурайш у зотнинг қонлари барчага тарқалиши учун ҳар-бир қабиладан биттадан одам танлаб суюкли Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва салламни қатл қилишга қарор қилди.

Буюк баҳодир Али ибн Аби Толиб розиёллоҳу анҳунинг фидокорлик қилиш навбати келди. У зот Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўринларига ётди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр розиёллоҳу анҳунинг уйига бориб: "Қани отлан, Мадинага кетамиз!", дедилар.

Абу Бакр розиёллоҳу анҳу ана шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан қачон ҳижратга рухсат сўраса у зотнинг: "Шошмай тур. Шояд Аллоҳ сенга бирор йўлдош насиб қилса", деган гапларини тушунди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳаёт йўлида Абу Бакр розиёллоҳу анҳу билан юришни яхши кўрар эдилар. Шунинг учун у зотни "шошмай тур" билан ҳижратдан тўхтатиб турдилар.

Хуллас, ер курраси тақдирини бутунлай ўзгартирадиган сафар бошланди. Аммо сийрат китоблари бизга бу сафарнинг чуқур тафсилотларини айтмайди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Маккани тарк этар эканлар, Ҳадича онамизнинг ҳиди бўлган уйни тарк қилаётиб қандай ҳислар кўнгилларидан ўтганини китоблар гапирмайди.

Ўн йил олдин Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ваҳий залворидан қўрқиб уйларига келганларида Ҳадича розиёллоҳу анҳо у зотни қучоқларига олиб ҳеч ким юпата олмайдиган гаплар билан юпатган эдилар. Ҳадича онамиз вафот этганларида Роббимиз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга тасалли бериш учун меърожга кўтарди. Ўшанда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбларида не ҳислар ўтганини ҳеч ким билмайди. Эҳтимол Ҳадича онамиз жанобимизни сафар олдидан яна қучоқларига олишларини истагандирлар.

Сийрат китоблари Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳижрат олдидан қизлари билан қандай видолашганларини айтмайди. Исломи учун суюкли эридан ажралиб қолган қизлари Зайнабга нима деганларини ҳеч ким билмайди. Оталари пайғамбар бўлгани учун эрлари томонидан ҳайдалган Руқайя ва Умму Кулсумни қандай қучоқларига олганларини ҳеч ким ривоят қилмаган.

Қалбларининг бир бўлаги бўлган кенжа қизлари Фотимани қандай тарк қилганларини сийрат китоблари гапирмайди.

Биз буларни билишни истар эдик. Аммо маҳруммиз. Бу ҳолатлар жуда ҳам хусусий ва оғриқли ҳолатлардир. Менимча Қурайшнинг қилмишларидан кўра онамиз Ҳадичанинг ҳиди келиб турган уйни тарк қилиш оғирроқ кечган Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва салламга.

Мушриклар у зотни гарчи қатл қила олишмаган бўлсада, аммо севганларидан ажратиб қалбларини парча-парча қилишди.

Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг диннинг бизга етиб келиши учун сийрат китобларида зикри келган оғриқлари, китобларда зикри келмаган аламлар билан ўлчанганда ҳеч нарса бўлмай қолади!

 М.Латипов Ургут тумани "Боғишамол" жоме масжиди имом-ноиби


Киритилган вақти: 16/10/2023 13:09;   Кўрилганлиги: 695
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/biz-bilmagan-hislar
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 07:33
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг