Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Бир ҳадис шарҳи

 
 

Ибни Умар Розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қилиб айтдиларки: “Ислом бешта устун устига қурилди. Биринчиси “Ла илаҳа илаллоҳ, Муҳаммадун расулаллоҳ”, деб шаҳодат беришлик. Иккинчиси намоз ўқиш. Учинчиси закот беришлик ва тўртинчиси ҳаж қилишлик ва бешинчиси рамазон ойининг рўзасини тутишликдир”.

Шарҳ: Мазкур ҳадиси шарифда ислом арконлари ҳисобланган, Аллоҳ таоло бандаларига фарз қилган, шу билан бандалар ўзларини Парвардигори хузурида қандай эканлигини кўрсатиб бера оладиган жуда муҳим амаллар зикр қилинмоқда.

Уларнинг аввалгиси - шаҳодатдир. Маълумки, Ислом дини олдинги динларни тўлдирувчиси, уларнинг давомчисидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан олдин келган пайғамбарларнинг динини давом эттирдилар. Уларнинг барчаларининг динининг шиори битта – “Ла илаҳа иллоллоҳ”, эди. Мусулмонни бошқалардан ажралиб туриши, иймонининг белгиси шаҳодатдир. Шаҳодат – бу барча Пайғамбарлар олиб келган шиор – Аллоҳга иймон келтириш ва Аллоҳни бизга танитган зот Муҳаммад (с.а.в)ни пайғамбар, расул эканликларини эътироф этиш.

Иккинчи устун – намоз. Пайғамбаримиз (с.а.в) айтадиларки: “Ғайридин ва мусулмоннинг ўртасидаги фарқ намоздир”. Намоз шундай бир ибодат-ки, уни тарк этишга бирон-бир инсонга йўл йўқ. Баъзи бир инсонлар ўз ҳолатларидан норози бўлишар, лекин айни ҳақиқат шуки, мусулмонман деб даъво қилиб, масжиднинг эшигини тополмайдиган, умрида бирор марта пешонаси сажда кўрмаган, намоз ўқишликни билмайдиган инсон, Аллоҳ сақласин, ғайри динларнинг феълини қилиб турган одамга ўхшайди.

Навбатдаги учинчи устун – закот бериш. Закот молиявий ибодат бўлиб, яъни инсоннинг моли маълум бир даражага етганидан сўнг, ўшандан маълум бир қисмини, қирқдан бирини эҳсон қилади. Маълум бир даража – нисоб дейилади. Ҳаммага ҳам бу амал фарз эмас. Бу имконияти бор, моли ўша даражага етган мўмин-мусулмонлар учун. Масалан, кишининг молу-мулки 85 гр. тиллонинг қийматиги етса , шундан 2.5 фоизини закот қилиб беради. Шу ҳисобга етмагунча закот бермайди.

Ундан кейинги фарз – Рамазон ойининг рўзасини тутмоқлик. Бу ибодат маънавий ҳамда жисмоний ибодат ҳисобланади. Маънавий томони нафс тарбияланади, шаҳвоний ҳою-ҳаваслар жиловланади, инсон комиллик сари интилади. Жисмоний томони эса, рўза тутишда киши саломат бўлиши шартдир. Агар бир инсонда рўзадан тўсадиган касаллик топилса, ундан то тузалгунга қадар рўза тутиш соқит бўлади. Агар сурункали бўлса, у инсон рўзасининг эвазига фидясини беради.

Сўнгги бешинчи фарз– ҳаж қилишлик. Бу фарз амали ҳам моддиятга тааллуқли бўлган ибодатдир. Моддий томондан ҳажга бориб келишга қурби етадиган, саломатлиги кўтарадиган кишига умрида бир марта ҳаж қилишлик фарз ҳисобланади.

Хайруллоҳ Саттаров - ЎМИ Самрқанд вилояти вакили ўринбосари


Киритилган вақти: 02/02/2021 14:51;   Кўрилганлиги: 712
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/bir-hadis-sharhi
Чоп этилган вақт: 03/05/2024 16:17
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг