Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Биласизми?

 
 

Масжидул-Ҳаром (Макка) ҳудудида биринчи ўрнашган одам аёл киши бўлган. У Ҳожар онамиздир!

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга биринчи бўлиб иймон келтирган ҳам аёл киши эди. У Хадича онамиздир!

Аллоҳнинг йўлида биринчи бўлиб аёл кишининг қони тўкилган. У Аммор ибн Ёсирнинг онаси Сумайя розияллоҳу анҳо эди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло Қуръонда асосий ҳукмлари аёлларга бағишланган ва уларнинг номи билан аталган "Нисо" ("Аёллар") сурасини нозил қилди. Бу сура узунлиги бўйича Қуръонда учинчи ўринда туради.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрий 10-йил, Зулҳижжа ойида бўлган Вадо хутбасида "Аёлларга яхши муомалада бўлишингизни васият қиламан", деб алоҳида таъкидлаганлар. Муслим (1218), Абу Довуд (1905), Ибн Можжа (3074), Доримий (1850).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: "Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Кимнинг учта қизи бўлиб, уларнинг (тарбиясидаги) машаққатига, қийинчилик ва енгиллик (вақт)ларига сабр қилса (яъни қизларини солиҳа қилиб тарбиялаб, вояга етказса), уларга қилган меҳрибонлиги туфайли Аллоҳ уни жаннатга киритади", дедилар. Шунда бир киши: "Иккита (қизи) бўлса-чи, эй Росулуллоҳ?"— деб сўради. Росулуллоҳ "Ёки иккита (қизи) бўлса ҳам", дедилар. Бошқа бир киши: "Битта (қизи) бўлса-чи, эй Росулуллоҳ?" — деганди, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ёки битта (қизи) бўлса ҳам", деб жавоб бердилар". Аҳмад (8220), Ҳоким (4/176). Саҳиҳ ҳадис.

Бошқа бир ривоятда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким учта қизни (тарбиялаб) ўстирса, уларга (чиройли) одоб берса, турмушга узатса, яхшиликлар қилса, унга жаннат бўлади', деганлар. Абу Довуд (4481). Саҳиҳ ҳадис.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис: "Бир киши Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб: "Одамларнинг қайси бири яхши муомаламга ҳақлироқ?" — деб сўради. "Онанг", дедилар. "Сўнгра ким?" "Онанг", дедилар. "Сўнгра ким?" "Онанг", дедилар. "Ундан кейинчи?" — деб сўраганди, "Кейин отанг", дедилар". Бухорий (5626), Муслим (2548).

Қизларга, опа-сингилларга, оналарга, бир сўз билан айтганда аёлларга бунданда улуғ ҳурмат борми?!

Азиза Раҳматова - Самарқанд туман бош отинойиси


Киритилган вақти: 28/11/2022 09:31;   Кўрилганлиги: 257
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/bilasizmi
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 11:14
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг