Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

БАС, АНА ШУ ИЛА ХУРСАНД БЎЛСИНЛАР!

 
 

Ҳабиб пайғамбарини оламларга раҳмат қилиб юборган Аллоҳ таолога ҳамду сано бўлсин!

Ўз умматига дунё ва охиратда мушфиқ ва меҳрибон бўлган жаноб Расулимизга салоту саломларимиз бўлсин!

Расулуллоҳ алайҳис саломнинг туғилган ойлари ва яқинлашиб келаятган таваллуд айёмлари барчага муборак бўлсин.

Деярли ҳар йил Рабийъул аввал ойи кириши билан мавлид ҳақидаги ҳар хил гап-сўзларга дуч келамиз. Биров мавлидни жоиз деса, баъзилар буни ғайри машруъ эканига урғу беришади. Кейинги фикрни махкам ушлаганлар ҳатто ўз мусулмон биродарларини диндан чиқаришгача боришади. Ҳозирда салафларга "эргашишни даъво" қилаятганлар Расулуллоҳ алайҳис саломнинг мавлидларини эслаб хурсандчилик изҳор қилишни бу бидъат, буни  саҳобалар ва тобеъинлар қилишмаган, агар қилиш мумкин бўлганида ана ўшалар қилишар эди, дейишади ва бу борада кўп баҳс-мунозара қилишади.

Хўп, саҳобалар ва тобеъинлар қилишмаган бўлсалар бу мамнуъликга далолат қиладими? Унда бунинг ҳукми нима бўлади? Уммат эътироф этган уламолар бу борада нима деганлар?

Келинг, ислом тарихидаги забардаст уламоларнинг гапларига мурожаат қилайлик!

  1. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади:

"Одамлардан  баъзилари қиладиган мавлидни улуғлаш ва уни байрам қилиш, унда мақсаднинг гўзаллиги ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни улуғлаш туфайли УЛУҒ ажр бордир" (Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг" Иқтизоу сиротил мустақим фи мухолафати асҳабил жаҳим" китобидан 1/297

  1. Имом Нававийнинг шайхи имом Абу Шома айтади:

"Ҳар йили Набий алайҳис саломнинг туғилган кунларига мувофиқ кунда қилинадиган садақотлар, яхшиликлар ва зийнат ва хурсандчилик изҳор қилиш замонамиздаги гўзал янгиликлардандир. Чунки, унда фақирларга яхшиликлар қилиш билан У зотнинг муҳаббатларини ҳис қилдириш бор. Уни қилган кишида Расулуллоҳ алайҳис саломни улуғлаш ва оламларга раҳмат қилиб юборган Набийси учун Аллоҳга шукроналик бор" (Али ибн Бурҳониддин Ҳалабийнинг "Ас-сийратул Ҳалабийя" китобидан 84-1/83)

3.Ибн Ҳажар Асқалоний айтади:

"Мавлид амалининг асли янгилик (бидъат )дир. Аввалги уч асрдаги солиҳ салафлардан бирор кишидан нақл қилинмаган. Шу билан бирга унда бир қанча фазилат ҳам, унинг акси ҳам бор. Ким унда гўзал ишларга киришса ва фазилатли ишларнинг зиддидан четланса, бидъати ҳасана ( гўзал бидъат) бўлади. Аксинча, бундай бўлмайди.

Менга буни ўрганиш жараёнида саҳиҳайнда келган ишончли аслдан намоён бўлди-ки, Набий алайҳис салом Мадинага келганларида яҳудийларнинг ашуро кунида рўза тутаятганларини кўрдилар. Ва бу ҳақида улардан сўраганларида, улар: "Бу кун, Аллоҳ Фиръавнни ғарқ қилиб Мусога нажот берган кундир. Бунинг шукронасига биз рўза тутамиз" дейишди.

Бундан, неъмат берилган ва бало даф қилинган муайян бир кунда Аллоҳга шукроналик қилиш ва унга мос келадиган кунда ҳар йил қайтарса жоиз экани истифода қилинади. Шукр сажда, садақа, тиловат каби анвои ибодатлар билан бўлади. Раҳмат пайғамбари пайғамбаримиз алайҳис салом нинг шу кунда дунёга келганларидан кўра буюкроқ неъмат борми?

Шунга кўра, бу борада шукр тушунчаси тиловат, таом бериш ва қалбни яхши ишларга ва охират  амалларига ҳаракатга келтирадиган Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг мадҳияларини айтиш каби нарсаларга чеклаш лозим бўлади. Аммо бунга лаҳв ишлар қўшилса мубоҳ бўлмайди. Нима нарса ҳаром ёки макруҳ бўлса, бас, ман қилинади. Шунингдек, аввалги гапларга хилоф бўлгани ҳам." ( Ал- фатавал Кубро 1/196)

  1. Ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳи Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ- нинг мавлидига қилган шарҳида айтади:

"Набий алайҳис салом туғилган ойда қилинадиган мавлид амали мақталган бидъатлардандир." Ва яна айтади: "Мўъжизаларни ва кўплаб саловотларни ўзи ичига олгани боис мўъжизалар соҳиби (У зотга саловотларнинг афзали васаломларнинг мукаммали бўлсин)нинг қиссаларини эшитиш учун жамъ бўлиш, Аллоҳга яқин бўладиган улуғ ишлардандир".

Бу рўйхатни анча узайтиришимиз мумкин. Рўйхатнинг бошида Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг китобларидан иқтибос келтирилди. Чунки, мавлид кунида Набий алайҳис саломни жамланиб эслашга қарши фикр билдираётган лар Ибн Таймияни ўзларининг имомлари деб билишади. Аммо Ибн Таймия бунда улуғ ажр бор деяптилар.

Лекин, гапнинг қисқаси шуки, ким бўлсада бу гапларни инсоф билан ўйлаб кўрсин! Ўзининг ва устозларининг илмий савиясини бу зотларники билан солиштириб кўрсин!

Инсоф қилмаса, юқоридаги азизларимизни ким эканларини танимаса, унга айтадиган бошқа гапимиз қолмайди.

Аммо биз, ушбу алломаларнинг сўзларига таяниб, манманликга берилмасдан, хўжакўрсинлик қилмасдан мавлид сурурини  изҳор қилаверамиз. Чунки, Набийимиз алайҳис салом бундан Аллоҳ таоло фаришталар олдида фахрланишини айтганлар.

Имом Насаий, имом Аҳмад, имом Байҳақий ва имом Табаронийлар ривоят қилган ҳадис шарифда Муовия розиёллоҳу анху айтадилар: "Бир куни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар жамланиб ўтирган бир мажлисга бориб қолдилар. Улардан сўрадилар: - Бу ерда нега ўтирибсизлар? Улар жавоб беришди: - Биз Аллоҳга дуо қилиб, бизни Ўз динига ҳидоят қилгани, сизни бизга неъмат қилиб бергани учун Унга ҳамд айтиб ўтирибмиз. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар: - Фақатгина шунинг учун ўтирганингизга Аллоҳ номи билан қасам ичасизми? Саҳобалар дейишди: - Аллоҳга қасамки, фақатгина шунинг учун ўтирибмиз! Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: - Мен сизларни айблаб қасамга тортганим йўқ. Жаброил алайҳис салом келиб менга Аллоҳ азза ва жалла фаришталарига сизлар билан фахрланишини айтди". Роббимиз биз билан фахрланса бу амални нега қилмайлик? Нега Роббимиз раҳмат қилиб юборган зот ила хурсанд бўлмайлик? Зеро, Роббимиз Ўзингиз каломида: "Сен:" Аллоҳнинг фазли ила ва Унинг раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсадан яхшидир" деб айт"- деган.

Аллоҳнинг Ўз бандаларига фазлу марҳамати бўлган Каломини Роббидан қабул қилиб, ўз умматларига етказиб уларнинг хурсандчилигига сабаб бўлган жаноб Расулимиз билан қанчалар фараҳ туйсак оздир.

Роббимиз У зотга бўлган муҳаббатимизни зиёда қилсин!

Ўзи барчамизни тўғри йўлга бошласин!

Набийимизга салоту саломларимиз бўлсин!

Аминжон домла Қароев Ургут тумни “Ургут марказий жомеъ масжиди имом-ноиби


Киритилган вақти: 19/10/2021 17:57;   Кўрилганлиги: 741
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/bas-ana-shu-ila-xursand-bolsinlar
Чоп этилган вақт: 14/05/2024 15:11
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг