Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Азҳари шариф университетининг Қуръон, қироатлар ва Қуръон илмлари устози Абдуллоҳ Ҳусайн Шаълон дўстимизнинг Ҳазрат раҳимаҳуллоҳ ҳақларида ёзган араб тилидаги қуйидаги мақоласи таржимасини тақдим этамиз:

 
 

Ислом умматининг содиқ ўғлони Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин. Азҳари шариф университетининг Қуръон, қироатлар ва Қуръон илмлари устози Абдуллоҳ Ҳусайн Шаълоннинг Ҳазрат раҳимаҳуллоҳ ҳақларида ёзган араб тилидаги қуйидаги мақоласи таржимасини тақдим этамиз:

"Ҳақиқатда, буюк инсонларнинг ҳаёт йўларига назар солиб тафаккур қилиш инсоннинг ҳимматини ошириб юборади ва уларнинг мақомига етишиш учун тезроқ уринишга ундайди. Шундай буюклардан бирлари, ҳаёт йўллари, фаолиятларини ўрганишга мушарраф бўлганим буюк дарға, илм билан амални жамлаган, илму ҳикматда жўшқин денгиз, умматни ислоҳ қилувчи олим, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг собиқ муфтийси, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси, бутун дунё уламолар кенгаши уюшмаси аъзоси каби кўплаб халқаро илмий муассасалар, диний ташкилотларнинг аъзоси шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ бўладилар. Мен шайх раҳимаҳуллоҳнинг буюк хизматлар ва илмий изланишларга тўла сермаҳсул ҳаёт йўлларини ўрганиш орқали шундай хулосага келдимки, у зот ўз исмига муносиб бўлган эканлар. У зотнинг ҳаёт йўлларида ҳам, сўзларида ҳам содиқ ростгўйликларини, Аллоҳнинг дини ва Унинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишда ҳам содиқликларини билдим. Балки у зот мен ўйлаганимдек олий ҳиммат, доимий илмга амал қилишга эътиборли, даъвосида содиқ, сўзлари ҳикматли, ўта аниқ ва оғир босиқлиги билан бирга мўътадил ҳамда сабру матонатли буюк олим эдилар. Шайх роҳимаҳуллоҳ бутун умрларини Аллоҳнинг ҳақ динига, пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг йўлларига даъват қилишга сарфладилар. У зотнинг бу йўлдаги шиорлари: 1. Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш. 2. Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш. 3. Исломий маърифат таратиш. 4. Cалафи солиҳ–улуғ мужтаҳидларга эргашиш. 5. Кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатишдан иборат бўлган. Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ собиқ коммунистик тузум остида яшаб ҳам шаръий илмларни ўзлаштира олдилар. Чунки, у зот шаръий илм ва уламолар сулоласи бўлган хонадонда тарбия топдилар. Ҳатто, шаръий илмларни ўрганишни ёшликлариданоқ бошлаган эдилар. Кейинчалик, устоз жамлаган илмлари асосида ўз диёрларига мос бўлган услубда турли исломий билимларга оид юздан ортиқ асарларни таълиф қилишга, таржима қилишга ва кўплаб етук буюк уламоларнинг асарлари, муаллифларни тақдим этишга муваффақ бўлдилар. Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ Қуръони Каримни олти мужаллад кўринишида тўлиқ тафсир қилдилар. Унга «Тафсири Ҳилол» деб ном қўйдилар. Ушбу китоб замонамизда ўзбек тилидаги биринчи мукаммал тафсир эди. Шунингдек, у зот васатийлик борасида ёзилган кўплаб китобларни бир неча тилларга таржима ҳам қилдилар. Шайх жаноблари илмий изланишларга интилувчан эдилар. «Сиҳоҳи тисъа» номи билан аталувчи буюк муҳаддислар жамлаган ишонарли тўққиз ҳадис тўпламларини тадқиқ, таҳқиқ қилиш ва ўзбек тилига таржима қилиниши йўлида катта илмий хизмат ва ташаббуслари бунга ёрқин мисол бўлади. Шайх Муҳаммад Содиқ роҳимаҳуллоҳ ўз илмий ҳаёт йўлларида Аллоҳнинг инояти билан шаръий илмларни тарқатадиган, уламолар ва даъватчиларни етиштириб чиқарадиган муассасага асос солишга улгурдилар. Шайх роҳимаҳуллоҳнинг уйлари толиби илмлар учун мактаб, юзланиш нуқтаси бўлганди. Шайх раҳимаҳуллоҳ пешқадам, салобатли диний раҳнамо эдилар. У зотнинг хизматлари фақат Ўзбекистоннинг ўзида чекланиб қолмаган. Балки Марказий Осиёдаги давлатларига ҳам кенг ёйилган бўлиб, шайх раҳимаҳуллоҳ у ердаги кўплаб уламоларга муаллим ва устоз эдилар. Улар дини Исломга тааллуқли мавзуларда кўпроқ шайхга мурожаат қилишарди. Шайх Муҳаммад Содиқ роҳимаҳуллоҳ ўз ватанларини жуда яхши кўрар, унинг тинчлиги, хотиржамлигига ўта ҳарис эдилар. У зот ўз юртларида жуда катта из қолдириб кетдилар. Шунингдек, шайх Ислом диёрларига таъсирини ўтказа олган, улкан илмий уйғонишни пайдо қилишда катта ҳисса қўшиб ўтдилар. У зот ўз жамиятлари учун худди омонлик қалъаси каби эдилар. У зот Саудия Арабистони, Маккаи мукаррамада сўнгра, Ливия Жамоҳириясида истиқомат қилдилар ва у ерда илмий ишлар билан, китоб ёзиш билан машғул бўлдилар. Шунингдек, ўз манҳажларини ҳикмат, мавъизаи ҳасана ва сокинлик билан кенг ёйдилар. Шайх ҳазрат ватандан узоқ бўлган йилларда диний соҳада бўшлиқ пайдо бўлгани учун халқ орасида, айниқса ёшлар орасида адашган тоифалар пайдо бўлиб, турли ихтилофлар тарқалиб улгурган эди. Шайх роҳимаҳуллоҳ ватанларидан келган чақириққа лаббай деб қайтдилар ва ўз юртларида истиқомат қилиб, диний соҳада илмий ишларини давом эттирдилар. Ўзбекистонга қайтиб келганларидан сўнг, кўплаб илм аҳллари у кишининг атрофига тўпланишди. Шайх раҳимаҳуллоҳнинг кўплаб китоблари нашр қилина бошлади, халқ уни ўқиб-ўргана бошлади. У зотнинг турли тадбир ва учрашувларда қилган илмий суҳбатлари ва даъватлари кенг тарқалгач, инсонлар у зотнинг китобларию суҳбатларига ҳусни қабул билан юзландилар. Шайхнинг илмий асарлари сабабли халқ орасидаги кўплаб ихтилоф ва тортишувлар барҳам топди, турли фитналарнинг олди олинди, қанчадан-қанча адашган инсонлар тўғри йўлни тута бошлади, мусулмончиликдан бехабар одамлар ўз мусулмончилигига қайтди. Ушбу битиклар динига, ватанига кўп манфаати етган муслиҳ олимнинг ҳаётлари, хизматлари, илмий меросларидан иборат денгиздан бир томчи холос. Аллоҳ таоло у зотни Ўзининг кенг раҳмати билан буркасин, жаннатнинг Фирдавси аълога киргазсин, Ислом ва мусулмонлар номидан энг яхши мукофот билан мукофотласин. Умматга яна шайх ҳазратларига ўхшаган у зотнинг ишларини давом эттириб, унинг манфаати ва дунё ва охиратда нажот топиши йўлида ҳаракат қиладиган олимларни чиқарсин! Омин".

Миср Араб Республикасидан Абдуллоҳ Ҳусайн Шаълон.

Баҳодир домла Раҳматуллоҳ 

таржимаси.


Киритилган вақти: 23/11/2021 09:09;   Кўрилганлиги: 38
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/azhari-sharif-universitetining-quron-qiroatlar-va-quron-ilmlari-ustozi-abdulloh-husayn-shalon-dostimizning-hazrat-rahimahulloh-haqlarida-yozgan-arab-tilidagi-quyidagi-maqolasi-tarjimasini-taqdim-etamiz
Чоп этилган вақт: 27/11/2021 14:33
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг