Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ақидавий ихтилофларнинг келиб чиқиш сабаблари

 
 

Аллоҳ таоло инсонларни тўғри йўлда юришини хоҳлайди. Шу сабабли барча замонларда адашган қавмларга раҳмат сифатида пайғамбарлар юбориб турди. Охирги пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун оламга раҳмат қилиб юборилди. Ислом дини туфайли башарият нурга чиқди. Ислом умматининг қилган хайрли ишлари ҳамиша инсониятга кўплаб манфаат келтирмоқда. Зеро мақсад ҳам шундай.

Лекин ҳар бир нарсанинг зидди бўлганидек, тўғри йўлда юрганларнинг ҳам адашиши мумкин экан. Аллоҳ таоло Ўз каломида: “Аллоҳга ва унинг Расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч қувватингиз кетади. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар биландир” (Анфол 46) деб марҳамат қилган. Тарихда турли оқимларнинг пайдо бўлиши, тафриқаланиш қанчадан қанча мусибат ва кулфатларни келтирди. Бу воқеалардан хулоса чиқармоғимиз лозим.

Бизнинг диёримиз ҳам Ислом нуридан баҳраманд бўлди. Ислом диёрига имом Бухорий, Фарғоний, Термизий, Замахшарийдек буюк олиму фузалоларни етиштириб чиқарди. Халқимиз ҳозиргача шундай зотларнинг авлодлари эканликларидан фахрланишади. Ақида соҳасида имом Мотирудий ҳазратлари катта жасорат кўрсатганлигини ҳамма эътироф қилади. Ўз замонасида турли оқим ва гуруҳларга, ақидапарастларга қақшатгич зарбаларни бериб, муқаддас динимиз поклигини сақлаб қолишга улкан  хизматларни қилганлар. Мана шу ақида асосида халқимиз неча асрлардан буён оғишмай ўз динларида собит турибдилар.

Халқимиз бошига турли даврларда ҳар хил бало ва кулфатлар ёғилиб турди. Муғуллар босқини, ундан кейин турли ўзаро низолар ва яқин ўтмишдаги мустабид тузум босқинлари ўз изини қолдирмай қўймади албатта. Мустақилликка эришганимиз Аллоҳ таолонинг буюк неъмати. Мана шу неъмат туфайли диний эркинликка ҳам эришдик. Дастлабки йилларда юртимизнинг барча жойларида масжидлар, ҳужралар, мадрасалар очилиб ўз фаолиятини юргиза бошлади. Турли диний китобчалар нашр қилинди. Ҳар ким билганича диний илм ўрганишга, озгина илми бор кишилар устозлик қилишга киришиб кетишди. Шунинг оқибатида қисқа муддат ичида кекса кишилар билан ёшлар орасида турли мунозара ва тушинмовчиликлар келиб чиқа бошлади. Чунки Ақида масаласини ўргатадиган устоз ва тарбиячилар кам эди. Баъзи ёшларнинг илм ўргатган устозлари эса бошқа эътиқод вакиллари бўлиб, бизнинг ота боболаримиз эътиқодларидан фарқ қилар эди. Баъзи қўштирноқ ичидаги “алломалар” эса ақида тугул мазҳабни ҳам инкор қилар эдилар. Оқибатда эса ўшандай кишилардан сабоқ олган кишилар билан турли мунозара ва ихтилофлар келиб чиқа бошлади. Энди улар давлатни қўлга олиш, халифалик ўрнатиш каби даъволарни қила бошлашди. Юртимизнинг олимлари уларга қарши илмий раддиялар беришди, давлатимиз тамонидан керакли чоралар кўрилди. Демак уларнинг асл мақсади дин эмас, балки давлат ва халқ орасида жанжал чиқариш эканлиги маълум бўлиб қолди.

   Ҳозирги кунда ҳам ўз юртидан чиқиб кетиб, кимларнидир кўмаги ва ёрдами билан балки, мажбуран юртимизга, олимларимизга турли хил иғво, бўҳтон қилаётган ғаламислар бор. Ўзга юртларда диндошларини қонини тўкиб, “жиҳод” қилаяпман деб юрган нобакорлар бор. Интернет сайтларига жойлашиб олиб турли фитна ва маълумотлар тарқатаётган ғаламислар бор. Тарихдан хулоса чиқаришимиз, жонажон юртимизни асраб авайлашимиз, муқаддас динимизни софлигини сақлашимиз ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Алижон ЯҚУБОВ - Иштихон туман бош имом хатиби, "Полвон ота" жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 18/12/2019 11:36;   Кўрилганлиги: 1193
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/aqidaviy-ixtiloflarning-kelib-chiqish-sabablari
Чоп этилган вақт: 29/04/2024 18:27
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг