Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Аллоҳнинг ҳукмида ҳикматлар бор!

 
 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло беҳуда ўтказиб бўлмайдиган бир неча амалларни фарз қилди, ҳаддан ошишлик мумкин бўлмайдиган ҳудудларни чегаралаб қўйди ва унинг ичига кириб бўлмайдиган бир неча нарсаларни ҳаром қилди. Зеро, Набий с.а.в: “Аллоҳ китобида нимани ҳалол қилган бўлса, бас у ҳалолдир, нимани ҳаром қилган бўлса, у ҳаромдир. Нима ҳақида сукут сақлаган бўлса, бас у офиятдир. Сизлар Аллоҳдан офиятни қабул қилинглар, чунки Аллоҳ ҳеч нарсани унитган эмас”, дедилар ва ушбу оятни тиловат қилдилар: “ Роббинг унитгувчи бўлмаган” .  Ҳоким ривояти.

Муҳаррамот (Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар) —  Аллоҳнинг чегарасидир. “Ўшалар Аллоҳнинг чегараларидир, унга яқинлашманг” (Бақара 187). Аллоҳ  таоло чегарасини бузган, ҳаром қилган нарсаларининг ичига кирган бандаларга таҳдид қилиб: “Ким Аллоҳга ва унинг расулига исён қилса ва Унинг чегарасидан тажавуз қилса, уни абадий қолиш учун дўзахга киритади. Ва унга хорловчи азоб бордир”, деди. (Нисо14).

Ҳаром қилинган нарсалардан четлашиш Расулуллоҳ с.а.в нинг ушбу ҳадисларига биноан вожибдир. “Сизларни нимадан қайтарган бўлсам , ундан четлашингиз, сизларга нимани буюрган бўлсам, бас уни тоқатингиз етгунча бажарингиз”.  Муслим ривояти.

Демак, Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсаларида ҳам ҳалол қилган нарсаларида ҳам биз бандалар учун жуда кўп ҳикматлар бор. Мўмин бандалари У Зотнинг ҳукмига рози бўлиши ва таслим бўлиши керак экан.

Аллоҳ таолонинг аҳкомлари унинг илми, ҳикмати ва адлига кўра бўлади, бекордан-бекорга эмасдир. Аллоҳ таоло каломида: “Роббингнинг сўзлари содиқлик ва адолат ила батамом бўлди. Унинг сўзларини ўзгартирувчи йўқ. Ва У яхши эшитувчи ва яхши кўргувчи зотдир”, деб марҳамат қилган.

Аллоҳ азза ва жалла бизларга ҳаром ва ҳалолнинг ўзаги бўлган қоидани ўзининг каломида баён қилиб: “…ва уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қилади…” , деб ҳалол нарсалар покиза эканлигини, ҳаром эса нопок нарса эканини ўргатяпти. Бирор нарсага ҳалол ёки ҳаром ҳукмини бериш фақат Аллоҳнинг ҳаққидир. Агар кимдир бу ҳақни даъво қилса, яъни ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол деса куфрга ружуъ қилган бўлади. Бу тўғрисида Аллоҳ таоло: “Ёки уларнинг диндан Аллоҳ изн бермаган нарсаларни шариат қилиб берган шерик (худо) лари борми?!”, деб бандаларни ўта оғир гуноҳдан сақланишга чақирмоқда.

Шунингдек, Қуръон ва суннат олимларидан бўлмиш олимдан бошқа кишиларни ҳалол ва ҳаром тўғрисида гапирмоқликлари жоиз эмас. Чунки илмсизлик билан  ҳалол ва ҳаром масаласида фатво берган кишига қуръони каримда жуда қаттиқ огоҳлантириш бор. “Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш учун тилларингиз васф қилган ёлғонни гапириб: “Бу ҳалол, бу ҳаром”, деяверманглар. Албатта , Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқувчилар нажот топмаслар. (Наҳл 116).

Бандалар қилишлиги маҳрум қилинган нарсалар қуръон ва суннатда қатъий зикр қилинган. “Келинг, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб бераман: “Унга ҳеч нарсани ширк келтирманг! Ота –онангизга яхшилик килинг! Очликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг…”.  (Анъом 151)

Шунингдек, Расулуллоҳ с.а.в ҳадисларида ҳам муъминлар учун маҳрум қилинган нарсалар зикр қилинган. “Аллоҳ хамрни, ўлакса гуштни, чўчқани ва бут-санамларни сотишни  ҳаром қилди”. Абу Довуд ривояти.

“Агар Аллоҳ бирор нарсани ҳаром қилган бўлса, унинг пулини ҳам ҳаром қилган”. Дору Қутний ривояти.

Аллоҳ таоло бандаларига жуда раҳмлидир. У Зот саноғи ва навининг ҳисоби бўлмаган покиза нарсаларни ҳалол қилиб қўйган. Шунинг учун ҳалол нарсаларни бирма-бир баён қилмади. Балки, ҳаром қилган нарсаларни баён қилиб, бандалар уни эътироф этиб ўзларини ундан сақлашлари учун уларни батафсил ажратиб қўйди. “У сизларга ҳаром қилган нарсаларни батафсил баён қилиб берган-ку?! Магар музтар бўлганингизда майли”.  (Анъом 119). Аммо, ҳалол нарсалар модомики покиза экан, Аллоҳ таоло уларни гўзал услуб билан баён этди. “Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ва шайтон изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир”. (Бақара 168).  Ояти каримада ҳалол-пок ризқларни ейишга зид қилиб шайтоннинг изидан эргашиш қўйилмоқда. Яъни, шайтоннинг йўлида юрганларгина ҳалол-пок емайдилар, деганидир. Шайтон инсонларга ҳолол едирмаслик билан уларни Аллоҳнинг итоатидан чиқаради. Шайтоннинг измига тушиб қолган нодон инсон эса, ҳалол-ҳаромни фарқламай нақадар улкан гуноҳ қилаётганини ўзи билмайди, ҳатто ҳис этмайдиган даражага тушади.

Мубоҳ яъни, рухсат этилган нарсаларни инсон ҳаётининг мазмуни қилиб қўйилиши, ҳатто ҳаром қилинган нарсаларга далил-ҳужжат келтирилиши Аллоҳнинг бандаларига раҳматидир.  Бас шундай экан, бандаларга итоат, ҳамд ва шукрона қилишлик вожибдир.

Баъзида одамлар ҳаром нарсаларни баён қилинаётганда уларнинг зарарига айтилинаётгандек қабул қиладилар. Шунда улар шариат аҳкомларини ўлчаб қалблари сиқилиб, “дод!” деб бақириб юборгиси келади. Айтадики: “Ҳамма томонда ҳаром! Ахир дин енгилликдан иборат эмасми?”. Ҳа, аслида дин енгилликдан иборат. Уларнинг бу тушунчалари шариатни оз тушунганлари, иймонларини заифлигидандир. Диндаги “Енгиллик” тушунчаси кишиларнинг фикрлари ва хохишларига биноан эмас, балки шариат келтирган нарсага биноандир.

Мисол учун: Мусофир намозини қисқартириши, рўзасини очмоқлиги, маҳсига масҳ тортмоқлик муқим киши учун  ҳукми бир кеча ва кундуз, мусофир киши учун уч кеча ва кундуз, сувни истеъмол қилишда хавф бўлса, таҳорат ўрнига таяммум қилиш, касал киши учун намозларни жам қилиб ўқиш, қасам бузилганда унинг каффоратини адо қилишда учта ҳукмдан бирини ихтиёр қилиш  қул озод қилиш ёки таом бериш ёки кийинтириш, зарурат бўлганда ўлган гўштни истеъмол қилиш шариат енгилликлари ва руҳсатидир.

Шунингдек, ҳаром қилинган нарсаларни ҳаром бўлишида ҳикматлар бор эканини мусулмон киши билмоқлиги керак. Аллоҳ бандаларни ҳаром нарсалар билан синаб кўриши, дўзох аҳлидан жаннат аҳлини ажратмоқлиги, агар шу каби синовлар бўлмаса итоаткор кишидан осий кишини билиб бўлмас эди. Иймон аҳли Аллоҳнинг розилигини топиш учун У зотнинг амрига бўйсиниш ва ажрни касб этиш кўзи билан зиммасидаги машаққатга назар соладилар, машаққат эса уларга енгил бўлиб кўринади. Нифоқ аҳли эса шу машаққатларга алам, оғриқ ва маҳрумлик кўзи билан назар соладилар, натижада босим уларга қаттиқ, тоат эса қийин туюлади.

Ҳаром нарсаларни тарк қилиш билан итоаткор киши иймон ҳаловатини татийди. Ким Аллоҳ учун бирор нарсани тарк қилса, Аллоҳ унга ундан яхши нарсани эваз қилиб беради, ва қалбида иймон лаззатини топади.

 

Хайруллоҳ Саттаров, ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари.


Киритилган вақти: 12/09/2020 09:57;   Кўрилганлиги: 937
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/allohning-hukmida-hikmatlar-bor
Чоп этилган вақт: 21/05/2024 10:11
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг