Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Аллоҳ таоло мусулмонларни ҳеч бир ишга бехикмат буюрмайди

 
 

Динимизда оилага катта эътибор берилиб, уни қандай ташкил қилиш, унинг бошлиғи ким бўлиши, ҳуқуқлари, фарзанд тарбияси аъзолари ўртасида келиб чиқадиган келишмовчиликларни муолажа қилиш, умуман оилавий ҳаётнинг барча масалаларига жавоб берилгандир.

Албатта, оила инсонларнинг бахту саодатини таъминловчи қўрғондир, шунинг учун жамиятнинг бир бўлаги бўлган оилада эр раҳбар ҳисобланади.

Ҳақиқатда Аллоҳ таоло эркак кишини унинг жисмоний ва руҳий жиҳатлари билан оила раҳбари бўлишга мос қилиб яратган. Оила қуриш ва унинг осойишталигини сақлаш ва бу йўлдаги барча сарф харажатлар ҳам эркак кишининг зиммасидадир. Шундай экан у оиланинг ҳар тамонлама мустаҳкам бўлиши учун масъулдир.

Аллоҳ таоло мусулмонларни ҳеч бир ишга бехикмат буюрмайди. Шунинг учун эркак кишига оиладек муқаддас даргоҳга раҳбар бўлишдек вазифани юклаб унга ўз раҳбарлигини шариатда кўрсатилганидек адо этишга буюриши билан оилаларнинг бахтли бўлишларига йўл кўрсатади. Шунинг учун ҳар бир эр оилада доимо тинчлик ва тотувлик давом этиши учун ўзининг вазифа ва бурчларини тўлиқ адо этиб бориши лозим.

Эрнинг ўз оилалари (яъни аёллари) олдиларида жисмоний ва молиявий бурчлари ҳам мавжудки ислом шариати ўзининг асосий манбалари бўлмиш Қуръони карим ва суннати набавияда ушбу бурчларни муфассал баён қилиб берган. Жумладан, Аллоҳ таоло эркакларга хитоб қилиб: “Улар билан тотув турмуш кечиринглар” деган.(Нисо 19).

Дарҳақиқат, Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эрларни инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Бу ҳақда Расулуллоҳ с.а.в. шундай деганлар: “Сизларнинг ичларингиздаги энг яхшиларингиз бу ўз аҳли-аёлларига яхши муносабатда бўлганларингиздир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан яхшироқ муносабатдаман”.

Албатта, “ҳар тўкисда бир айб” деганларидек инсон зоти айбу нуқсонлардан холи эмас. Шундоқ экан, бизнинг олижаноб динимиз эркакларни ўз аёлларининг баъзи айбларидан кўз юмишга буюриб, оиланинг бардавом бўлишлигини кўзда тутган ҳолда уларга панду насиҳат қилишни тавсия қилади.

Рахимов Зиёвуддин Тайлоқ тумани “Ястепа” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 26/10/2023 12:32;   Кўрилганлиги: 191
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/alloh-taolo-musulmonlarni-hech-bir-ishga-bexikmat-buyurmaydi
Чоп этилган вақт: 30/04/2024 10:45
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг