Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

АЛЛОҲ РАҲМЛИЛАРГА РАҲМ ҚИЛАДИ!

 
 

Набий алайҳис саломнинг қизлари Зайнаб розиёллоҳу анҳо ўғилчаси жон бераётганини айтиб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни чақиртирди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга: "Олган нарсаси ҳам, бергани ҳам Аллоҳники. Унинг наздида барча нарсанинг ўлчаб қўйилган муҳлати бор. Сабр қил, Аллоҳдан савоб умид қил!", деб одам юбордилар.
Қизлари Зайнаб Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни яна чақиртириб одам юборди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча саҳобалар билан Зайнабнинг олдига бордилар. Улар орасида Саъд ибн Убода, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит розиёллоҳу анҳумлар бор эди.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга болани келтиришди. У охирги нафасларини олаётган эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг кўзларидан ёш оқди, йиғладилар. Шунда Саъд ибн Убода розиёллоҳу анҳу ажабланиб: "Бу нимаси эй Аллоҳнинг Расули?!", деди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга: "Бу бандаларининг қалбига Аллоҳ солиб қўйган раҳмат. Аллоҳ бандалари ичидан раҳмлиларигагина раҳм қилади!", дедилар.

Агар сабр ҳамроҳ бўлса яқинларни йўқотишдан йиғлашнинг зарари йўқ. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кўп яқинларини йўқотиб йиғлаганлар. Аммо шуни билиш керакки, раҳмат фақатгина йиғлашда чекланган эмас. Аллоҳнинг раҳмли бандалари йўқотиш пайтида доим ҳам йиғлайверишмайди. Бандалардаги раҳмат бу амалий йўл. Уни ҳар куни қилиш мумкин.
Мисол учун, хотинингиз уй ишларини қилиб юрганида унга ёрдамлашсангиз демак сиз раҳмдил инсонсиз.
Агар хотинингиз сизга ёқмайдиган иш қилганида ғазабингизни жиловласангиз демак сизда раҳмат намоён.
Кўча четида арзимаган нарсаларни сотиб ўтирган бечора бир инсонни кўриб қолиб ундан савоб умидида бирор нарса сотиб олсангиз демак сиз раҳмдил инсонсиз.
Пешанани тириштирадиган ишлар бири шуки, баъзилар фақир сотувчилар билан олди-берди қилганда арзимаган тийинлар учун худди ер сайёрасини сотиб олаётгандек тортишиб, бренд кийимлар харид қилганда эса ўзини сахий-бой кўрсатиб индамасдан айтган ва кўрсатилган нархида олиб кетаверади.
Икки эр-хотин жанжал қилиб ажрашмоқчи бўлишганда уларга, уларнинг фарзандларига ичинг ачиб уларни яраштиришга, ислоҳ қилишга ҳаракат қилсанг демак раҳм бор сенда.
Ҳеч ким эътибор бермайдиган, йўқолса биров йўқламайдиган фақир инсоннинг бемор бўлганини эшитсанг, уни уйида зиёрат қилиб кўнглини олсанг, агар муҳтож бўлса дори-дармонига ёрдам берсанг демак сен раҳмлисан.
Ишдаги ҳамкасбинг машғул бўлиб қолганида унинг ўрнида ишлаб туришинг ҳам сенда раҳм отлиқ туйғунинг борлигига далилдир.

Аллоҳнинг розилигини истаб бировларга етказган фойданг, бировларнинг кўнглини олишинг, инсонларга берадиган эҳсонинг қалбингда раҳматнинг акс этишидир. Иншааллоҳ раҳматнинг каттасини Аллоҳнинг ҳузурига борганингда кўрасан!

Ургут тумани "Ургут марказий" масжиди ходими А.Полвонов


Киритилган вақти: 12/11/2021 06:55;   Кўрилганлиги: 571
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/alloh-rahmlilarga-rahm-qiladi
Чоп этилган вақт: 03/05/2024 12:54
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг